ЭНДИ АЙДАРКЎЛ ҲАМ ОРТГА ЧЕКИНАДИМИ?

30

 

Табиатнинг бу бетакрор туҳфаси бугун қандай хавф остида қолмоқда?

Ўлкамизнинг бетакрор табиати, турфа манзаралари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этмай қолмайди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Айдар—Арнасой ва Тузкон кўллари бирлашган ҳудудда ҳосил бўлган Айдар-Арнасой кўллар тизими катталиги жиҳатдан Марказий Осиёда тўртинчи ўринда туради. Ундаги сув ҳажми республикамиздаги барча сув омборларида тўпланган обиҳаётдан икки баробар кўпдир.

Буғланиш кучайиб, сув сатҳи пасаймоқда

Мутахассис нигоҳи билан қарасангиз, Айдаркўлнинг секин-аста ўлиб бораётганига гувоҳ бўласиз, — дейди куйиниб Жиззах вилояти  экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. — Бу ҳол экологик мувозанатнинг бузилиши оқибатидир. Кейинги йилларда ҳавонинг кескин исиб бораётгани, бунинг устига, кўлга зарур миқдорда сув қуйилмаётгани ҳам  муаммонинг асосий сабабларидан  бири. Буғланишнинг кучайиши сув сатҳининг камайиши ва шўрланишнинг ортишига олиб келаётир.

Айдар–Арнасой кўллар тизими — Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудидаги оқмас кўллар. У Қизилқум чўли шарқида, Қозоғистон Республикасининг Чордара сув
омборидан жануби-ғарбда жойлашган Айдаркўл, Тузкон ва  Шарқий Арнасой кўлларини ўз ичига олади. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, бугунги кунда Айдаркўлнинг умумий майдони 3 минг 373 километр квадрат,   узунлиги  300 километрга етди. Кўлда тўпланган сув  ҳажми 37,3 миллиард куб метрни, сув юзаси эса денгиз сатҳидан 245 метр баландликни ташкил этади. Бундай катта ҳудудда яхлит кўл кўринишни олган Айдаркўл йилнинг тўрт фаслида ҳам гўзал ва фусункордир.

Эркин Холматовнинг таъкидлашича,  кўл сувининг сатҳи йилига 30 сантиметргача пасайиб бораётир. Охирги 10 йил давомида сувнинг минераллашуви  5,07 грамм/литрдан 8,59 грамм/литргача ошди. Аҳвол шу тариқа давом этаверса, кўллар тизими яқин 5-10 йиллар орасида балиқчилик аҳамиятига эга бўлган сув объекти мақомини йўқотади. Чўлланиш (деградация) натижасида экологик салбий ҳолатлар нафақат Жиззах вилоятида, балки қўшни вилоятлар, ҳатто Қозоғистон Республикасига  ҳам етиб боради.

Дунё харитасидаги сўнгги кўл

— Бундан ярим аср аввал Айдаркўлни ҳеч бир дунё харитасидан топа олмасдик, — дейди Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими бошлиғи Шароф Файзуллаев. — Айни пайтда инсон қўли билан яратилган мўъжизакор макондан юзлаб флора ва фауна вакиллари  макон топган. Уларнинг айримлари «Қизил китоб»га ҳам киритилган. Шунинг учун кўл нафақат сайёҳларга, балки кўл соҳилида яшовчи камёб ҳайвонлар, қушларни ўрганувчи зоологлар учун ҳам қизиқарли маскан ҳисобланади.

Манбаларда қайд этилишича, бундан 20 йил илгари кўлда  37 турдаги 192 мингдан зиёд қушлар рўйхатга олинган. Ҳозирги кунда Айдаркўлда сув ўтлари ва балиқлар билан озиқланадиган атиги 20 турдаги қушлар истиқомат қилиши аниқланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қушларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Айниқса, жингалак сақоқуш, оқбош ўрдак, ола қанотли ўрдак, қиронқора, узун қуйруқ сув бургути, тасқара, йўрға тувалоқлар йўқолиб кетиш арафасида.

Ҳар йили январь-март ойларида Айдаркўл қирғоғига 400 га яқин қуш турлари қишлов учун учиб келади, — дейди Шароф Файзуллаев. — 13 турдаги қушлар халқаро, 24 тури эса Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган. Кўлнинг ўсимликлар ва сувости дунёси ҳам хилма-хил ва ранг-барангдир. Оқ амур, гамбузия, дўнгпешона каби балиқ турлари келтириб кўпайтирилган бўлса, 2000 йилдан бошлаб табиатни муҳофаза қилиш мақсадида лочинлар парвариши йўлга қўйилди.

Айни пайтда республика Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бутун эътиборни Айдаркўлнинг флора ва фаунасини сақлашга қаратаётир. Олиб борилаётган тизимли тадбирлар натижасида кўлнинг  табиати ва ҳайвонот дунёси муҳофаза қилинаётир.

Айдаркўлни қутқариш чоралари кўрилмоқдами?

Айдар–Арнасой кўллар тизимида юзага келган муаммо яқинда бўлиб ўтган халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 44-сессиясида  муҳокама этилиб, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича махсус қарор қабул қилинди.

Қўшни Қозоғистон Республикасининг «Чордара» сув омборидан Айдаркулга сув ташланмаётгани ҳам сув сатҳининг камайиши сабабларидан бири, — дейди Жиззах вилояти  экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. — Айни вақтда ўзимиздан кўлга ташланаётган коллектор ва дренаж сувлари ҳам 2,5 миллиард куб метрдан ошмаяпти. Кўлга буғланиш учун зарур ҳажмдаги сув қуйиб турилмаса, сув сатҳи йилдан-йилга тушиб бораверади. Бу экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келади.

«Айдар–Арнасой» кўллар тизимида юзага келган экологик муаммоларни бартараф этиш мутахассислардан гидрогеологик режимни чуқур ўрганишни тақозо қилади. Жиззах вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Жиззах политехника институти олимлари билан ҳамкорликда кўллар тизимида вужудга келаётган ҳолатлар бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб бораётир. Натижада «Айдар–Арнасой кўллар тизимининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш концепцияси» яратилди.

Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими етакчи мутахассиси  Нодир Бекамовнинг   таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ташаббуси билан тегишли вазирликлар иштирокида «Айдар–Арнасой кўллар тизими атрофида экологик муҳитни ўрганиш ва барқарор ҳолатда ушлаш комплекс Дастури» бўйича Жиззах вилоятида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу режага асосан, кўллар тизимидаги ҳолатни доимий ўрганиш бўйича кузатув постлари ташкил этилди.

Муаммога муносабат қандай?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 апрелдаги «Айдар–Арнасой» тизимини биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, яқинда Айдар–Арнасой кўллар тизими акваториясини муҳофаза қилиш бўйича 6 та назорат пункти ташкил этилди. Назорат пунктларининг 4 таси Жиззах вилояти ҳудудида бўлса, 2 таси Навоий вилоятида фаолият бошлади.

Қарорга асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Айдар–Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат қилиш бошқармаси ташкил этилди. Жорий йилнинг 24 апрелидан Айдар–Арнасой кўллар тизимида назорат ишлари мазкур қарор асосида олиб борилаётир.

Ҳамкорлик натижасида қисқа фурсатда Жиззах вилояти  экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг давлат экологик назорат инспекторлари билан хамкорликда назорат рейдлари ўтказилди. Рейдлар давомида 56 та ноқонуний ҳолатлар аниқланди.  Қонунбузарларга  25 миллион 37 минг 35 сўм жарима санкциялари қўлланилди. Ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига 72 миллион 259 минг 570 сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди.

Бир сўз билан айтганда, бебаҳо сув манбамизни ўзимиз асраб-авайламас эканмиз, яъни фуқароларда табиий бойликларни тежаш ҳисси шаклланмас экан, дурдоналарини бой беришимиз ҳеч гапмас.

Бекпўлат ТОҒАЕВ,

«Mahalla»

 Манба: “Маhallа” газетаси

(2019 йил 25 июль-1 август, 33-сон)

 

 

Бошқа хабарлар