«УЧАР» ОЛИБСОТАРЛАР «БЕМИННАТ ЁРДАМ» ҚИЛОЛМАЯПТИ(МИ?)

31

 

Юртимизда бўлаётган бунёдкорликлар ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган шаҳару қишлоқлар киши кўзини қувонтиради. Бир-биридан чиройли иморатлар кўтараётган, ўзи яшаётган маҳалласини обод қилаётган аҳолининг турмуш шароити ҳам яхшиланиб бораётгани мамлакатимиз фаровонлигининг амалий натижасидир. Аммо Сурхондарё вилояти Денов тумани Фарғона қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи аҳолининг сифатли ва ҳамёнбоп қурилиш моллари, цемент маҳсулоти масаласида муаммолари бор. Журналист Саъдулло Турсуновнинг мақоласида ана шу жиҳат очиқланган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

«ДЎКОН ЦЕМЕНТ СОТИШ УЧУНМИ ЁКИ…»

 

ХАЛҚИМИЗ – ДОИМ ЭЗГУ НИЯТ БИЛАН ЯШАЙДИ. УЙ ҚУРСАМ, ФАРЗАНДЛАРИМГА ТЎЙ ҚИЛСАМ, ДЕЙДИ. ЗЕРО, БУНЁДКОРЛИК, ЯРАТУВЧАНЛИК ҚОН-ҚОНИМИЗГА СИНГИБ КЕТГАН

Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, ижобий ўзгаришлар, янгиланишларга гувоҳ бўласиз. Гўё Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айланган.

Албатта, бунёдкорлик соҳасидаги бундай «жонланиш» аҳолининг сифатли қурилиш моллари, хусусан, цемент маҳсулотига бўлган талабини орттириб, ишлаб чиқаришни янада жадаллаштиришни тақозо этади. Айниқса, юртдошларимиз ёзнинг ёғингарчиликсиз ўтадиган иссиқ кунларидан унумли фойдаланиб, бошлаган иморатини тезроқ битириш ҳаракатида бўлади. Аммо уйнинг пойдеворини кўтариш учун сифатли ва ҳамёнбоп цемент маҳсулоти бўлмаса-чи?!

500 кг. дан ортиқ цемент берилмайди

— «Олмалиқ ТМК» АЖ Шеробод цемент заводига қарашли Денов 8-сонли кўчма савдо дўкони одамларга 500 килодан ортиқ цемент бермайди, — дейди Сурхондарё вилояти Денов тумани Фарғона қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ аҳоли вакиллари. — Айни иш қизиган вақтда цемент оламиз десак, дўкон ёпиқ бўлади. Очилган пайтда ҳам сотувчилар ҳар бир харидордан паспорт нусхаси талаб қилишади. Ўрнатилган бу тартиб қурилиш мавсумида бизга турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Наҳотки, бу масалага ижобий ечим топишнинг имкони йўқ?!

Таъкидлаш лозимки, Шеробод цемент заводи Президентимизнинг 2016 йил 10 октябрдаги «Сурхондарё вилояти Шеробод туманида цемент заводи қурилиши инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида фойдаланишга топширилган бўлиб, ушбу йирик лойиҳага 212,8 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағи йўналтирилган. Заводнинг технологик қисми эса Туркиянинг дунёга машҳур «Dal teknik makina tigaret ve sanayi a.s.» фирмаси томонидан амалга оширилган. Айни пайтда бу ерда йилига 1 миллион 500 минг тонна юқори сифатли цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

«Одатда «учар» олибсотарлар норози бўлади»

Бироқ масала шуки, бугун аҳоли Шеробод цемент заводига қарашли кўчма савдо дўконлари фаолиятидан қониқаётгани йўқ. Хўш, нега бундай бўлмоқда? Биз мурожаатни ўрганиш мақсадида мутасаддиларнинг фикрлари билан қизиқдик.

— Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида «Олмалиқ» АЖ Шеробод цемент заводига қарашли 12 та кўчма савдо дўкони фаолият юритмоқда, — дейди Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати цемент ишлаб чиқариш бўйича техник бўлими бошлиғи ўринбосари Илёсхон Ҳусанхонов. — Ушбу савдо дўконларини ташкил этишдан кўзланган энг асосий мақсад — аҳолига сифатли ва ҳамёнбоп қурилиш маҳсулоти етказиб беришдан иборат. Дарҳақиқат, ҳозирги кунда дўконларимизда фуқароларга 500 килогача цемент берилмоқда. Қолаверса, паспорт нусхаси талаб этилаётгани ҳам бор гап. Аммо бундан муаммо ясамаслик лозим. Чунки «учар» олибсотарларнинг «беминнат ёрдами» туфайли кўпинча оддий аҳолига арзон цемент етмай қолади. Ўзингиз ўйланг, агар фуқарога кунда 500 кг. цемент берилса, одатда бир кунда ушбу қурилиш материалини тўлиқ ишлатолмайди. Эртаси куни келса, яна берилади, бунда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўрганишларимиздан шу нарса маълум бўлмоқдаки, ўрнатилган бу тартиб-қоидадан аксарият ҳолларда юқорида тилга олинган олибсотарлар норози бўлмоқда.

10 дан зиёд янги цемент заводи ишга тушади

Таъкидлаш керакки, иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бири бўлган қурилиш материаллари саноатида ҳам кейинги йилларда кўплаб истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Жумладан, ҳудудларда қатор йирик корхона ва заводлар ишга тушиши натижасида аҳолининг қурилиш молларига бўлган талаби қондирилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда одамлар бандлигини таъминлаш имкони яратилди.

— Жорий йил «Ўзқурилишматериаллари» уюшмасига қарашли цемент заводлари томонидан 8 миллион 179 минг тонна сифатли цемент маҳсулоти ишлаб чиқариш мақсад қилинган, — дейди «Ўзқурилишматериаллари» уюшмаси ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Ботир Хожабеков. — Шунингдек, «Олмалиқ ТМК» АЖ таркибидаги Шеробод ва Жиззах цемент заводлари 1 миллион 986 минг тонна ҳамда кичик ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 819 минг тонна маҳсулот тайёрлаш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси товар хомашё биржаси томонидан эса 7 миллион 538 минг тонна цемент сотилиши белгиланган. Айни кунга келиб, 7 ойлик режадаги маҳсулот ортиғи билан ишлаб чиқарилиб, жойларга етказиб берилмоқда. Қувонарлиси, аҳолининг ушбу маҳсулотга бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида жорий йил Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган, Сурхондарё ҳамда Самарқанд вилоятларида ишлаб чиқариш қуввати 3,5 миллион тоннадан зиёд 10 дан зиёд янги цемент заводлари ишга тушади. Натижада четдан цемент маҳсулоти импорт қилишга деярли ҳожат қолмайди.

Хулоса қилиб айтганда, бугун юртимизда бўлаётган бунёдкорликларни ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган шаҳару қишлоқларни кўриб, кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Қолаверса, юртдошларимиз рўзғордан орттириб, бир-биридан чиройли иморатлар кўтараётгани, ўзи яшаётган маҳалласини обод қилаётгани аҳолининг турмуш шароити тобора яхшиланиб бораётганидан далолат беради. Энг муҳими, барчамиз бу эзгу ишларни давом эттиришимиз ҳамда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишимиз лозим.

Саъдулло ТУРСУНОВ,

«Mahalla»

2019 йил 25 июль-1 август, 33-сон

“Маhallа” газетаси

 

 

Бошқа хабарлар