ИНТЕРНЕТДАГИ ТРОЛЛАР КИМЛАР?

93

ЁХУД ЖАМИЯТДАГИ ҲАР ҚАНДАЙ ИСЛОҲОТ ВА ЎЗГАРИШЛАРГА САЛБИЙ МУНОСАБАТ БИЛДИРИБ, ХАЛҚ ОРАСИДА НОТЎҒРИ ТАСАВВУР УЙҒОТИШДАН МАҚСАД НИМА?

Бугун интернетдан фойдаланиш имкониятлари кенгайгани сари ижтимоий тармоқлар ва электрон оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётининг ажралмас бўлагига айланиб бормоқда. Табиийки, виртуал оламда турли фикрлар, қарама-қарши муносабатлар мавжуд. Бирор мавзу юзасидан фикр билдираётганда ҳар икки тараф ҳам ўзининг ҳақлигини исботлашга, асосли далиллар келтиришга уринади. Аммо интернет фойдаланувчилари учун маълум бўлган шундай бир тоифа борки, улар «тирноқ орасидан кир қидириб», ҳар қандай ислоҳот ва янгиликлар ҳақида салбий муносабат билдиришга, бу орқали халқ фикрини ўзгартириш, инсонларни ҳақорат қилиш ва одамлар ўртасида адоват уруғини сочишга интилади. Бундайлар интернет фойдаланувчилари орасида «тролл» деб номланади.

Ҳақорат қилинган киши ҳеч нарса қила олмайди

Тролл деб кўпинча ҳамсуҳбатларга ёқимсиз бўлган нарсаларни ёзадиган кишига айтилади. Ёки виртуал мулоқотда жанжаллашадиган, уришадиган, можаро чиқарадиган, жумладан, ҳамманинг эътиборида туриш учун ҳар куни кимнидир ёмонлаб, адашганлигини фош қиладиган кимсаларни ҳам троллар дейиш мумкин. Интернет орқали мулоқотда кўпчилик арзимаган баҳона билан ҳеч қандай сабабсиз одамларни ҳақорат қилишга мойил бўлади — ахир, унинг тушунчасида ҳақорат қилинган киши барибир ҳеч нарса қила олмайди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, Тролл — скандинав халқ афсоналари қаҳрамони, яшил рангли денгиз жонзоти. Ваҳший ва қонхўр махлуқ. Виртуал оламдаги троллар ҳам шу мавжудотга ўхшаб кетади. Фақат улар гўшт билан эмас, инсонларнинг руҳиятини бузиш билан озиқланади.

Уларнинг мақсади нима?

Афсуски, бугун ижтимоий тармоқлардаги аламзада ва тажовузкор фойдаланувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Бир-бирини ҳақоратлаш, масхараомуз шарҳ қолдириш, шаънини булғаш, ташкилотлар ва раҳбарларни обрўсизлантириш виртуал оламдаги янги трендга айланди. Низолар ортидан, ҳатто бир-бирини кўрмаган инсонлар ашаддий ғанимга айланган ҳолатлар ҳам мавжуд. Ижтимоий тармоқлар инсон феъл-атворининг аллақайси бурчакларида беркиниб олган ёвузликни юзага чиқараётгандек гўё.

— Одамлар феъл-атворининг тадрижий ривожланишига эътибор қаратсак, унинг шаклланиши бевосита мулоқот воситалари билан боғлиқ эканига гувоҳ бўламиз, — дейди психолог Шоира Исоқова. — Тадқиқотчи олим Дени Уоллейснинг «Қўпол одамлар ҳақида ҳақиқат» китобида ёзилишича, ижтимоий тармоқдаги мулоқот сабаб одамлар хулқи қўполлашмоқда. «Инсон хулқи ва компьютерлар» (Computers in Human Behavior) журналида келтирилишича, аслида инсонлар жонли мулоқотнинг камайиши, кўз алоқасининг йўқлиги боис ўзаро муносабатларда дағаллашмоқда.

Пенсильвания университети олимлари ўтказган тадқиқотларга кўра, ижтимоий тармоқдаги ҳаёт инсонларнинг хулқига, ижтимоий муносабатлари ҳамда руҳий саломатлигига жиддий зарар етказади. «Ижтимоий ва клиник руҳият» журнали (Journal of Social and Clinical Psychology)да ёзилишича, ижтимоий тармоқ тушкунлик, дарғазаблик, одамовилик, хафақонлик ва тажовузкорликнинг қўзғатувчиси саналади.

Тролларнинг психологияси қандай?

Ижтимоий тармоқда «тролл» хусусиятли профиллар мавжуд. Улар доимо бошқаларни хафа қилишга уринишади. «Шахсият ва индивидуал тафовутлар» (Journal of Personality and Individual Differences) журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, виртуал троллар шахсиятида садизм (бировни қийнаб лаззатланиш), нарцизм (ўз-ўзига бино қўйганлик), мачиавеллианизм (мунтазам равишда бошқаларни алдаш ва таъсирда ушлаб туриш) аломатлари юқори бўлади. Уларнинг аксарияти табиатан шунга мойил, жамият қоидаларига зидлиги боис ўзини тийишга мажбур бўлган. Виртуал олам эса улардаги майлни қўзғатмоқда.

— Интернетдаги илк Usenet  форумлари билан бирга пайдо бўлган «тролл» феномени дастлаб 1993 йилда тилга олинган, — дейди Кореянинг Ёнсей университети тадқиқотчиси, блогер Шуҳрат Сатторов. — Троллга ўшанда «кибер-макондаги зўравон» деб таъриф берилган. Улар интернет фойдаланувчиларининг муносабат ва кайфияти, нуфузига таъсир кўрсатиш мақсадида мунтазам равишда тажовузкор ёки иғво қўзғатувчи, нафратомуз ва қўпол шарҳ ва постлар қолдиради. Кўпинча уларнинг шахслари мавҳум бўлади. Аммо исм-фамилияларини яширмайдиган троллар ҳам мавжуд. Улар бошқаларнинг азобини ҳис қилмайди ва осонлик билан одамларни камситадилар. Энг ачинарлиси, бу – оммавий трендга айланмоқда, ижтимоий тармоқдаги хулқ эса реал ҳаётдаги юриш-туришга таъсир кўрсатади.

Саломатликка ҳам таъсири бор

Инсонлар ўртасидаги ҳурмат ва инсон феълидаги одоб-ахлоқ жиноятчиликнинг камайиши ва тинчликка хизмат қилган муҳим омиллар саналади. Агар виртуал тармоқдаги троллар ҳаётда ҳам ўзларини очиқ-ойдин намойиш қилсалар, бу – катта хавфга айланиши, табиий.

Қўполлик мисоли совуқ ҳаво каби жуда тез тарқалади. Ҳатто, қўполликка гувоҳ бўлганлар ҳам ундан жабр кўрадилар, руҳан бу вазият уларнинг жисмларида юкка айланади. Ҳадеб бу ҳолатга гувоҳ бўлиш эса тушкунлик, асаб тизимига салбий таъсир кўрсатувчи нейротоксинлар эса турли касалликларни келтириб чиқаради. Технологиялар асрида ҳукуматлар олдида инсонларнинг виртуал оламдаги хулқ-атворларини тўғри йўналтириш, салбий таъсирлардан уларни ҳимоя қилиш вазифаси ҳам турибди.

Ҳозирча Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия каби давлатларда интернет ва ижтимоий тармоқларнинг зарарли фойдаланувчиларига қарши курашга оид янги қонунлар жорий қилинмоқда.

Тролларга қарши халқаро миқёсда кураш қандай кечмоқда?

— Англия ва Уэлс 1988 йилдаёқ «Зарарли алоқалар тўғрисида»ги қонунни қабул қилган ва унда илк маротаба «изтироб уйғотувчи», «безовталикка сабаб бўладиган», «электрон ҳақорат», «онлайн туҳмат» каби тушунчалар изоҳланган, — дейди Шуҳрат Сатторов. — 2003 йилда электрон воситалар орқали таҳдидларни тартибга солиш янги қонун билан белгилаб берилган. Буюк Британия Адлия вазирлигига кўра, тажовузкор интернет-контентни тарқатаётганлар сони мунтазам ортмоқда. Мисол учун, Лондонда «онлайн жиноятлар» кўлами кескин ошган. 2015-2016 йилларда «Алоқалар тўғрисида»ги қонуннинг 127-моддасига асосан, жавобгарликка тортилганлар сони 13 фоизга ошган бўлса, «Зарарли алоқалар тўғрисида»ги қонуннинг 1-бандига, кўра, жазоланганлар сони 32 фоизга кўпайган. Айни пайтда зарарли ахборот тарқатаётганларга нисбатан 5,000 фунт-стерлинг жарима ёки 6 ойлик қамоқ жазолари қўлланилмоқда. Шунингдек, интернет тармоғида тажовузкор ахборотларни тарқатаётган тролларга 2 йилгача қамоқ жазоси ҳам белгилаб қўйилган.

Австралия ҳукумати ҳам интернетда мавҳум ном остида фаолият олиб бораётганларнинг хулқидан хавотирда. Чунки онлайн хатти-ҳаракат реал ҳаётга таъсирини ўтказмоқда. Шу боис «Жиноят кодекси»га кўра, айни пайтда тролларга қарши фаол кураш бошланган. Онлайн тармоқда ўзини камситилган, ҳақорат қилинган деб ҳисоблаган шахслар Австралия алоқа ва ахборот агентлигига мурожаат қилади. Шу асосда текширув ҳаракатлари олиб борилади.

АҚШнинг Калифорния штатида кибер-камситиш ва электрон иғвогарлик учун жиддий айбловлар муқаррар. Мисол учун, штатнинг «Таълим кодекси»га кўра, зарарли ахборот тарқатаётган, бошқаларни камситган ва ҳақоратлаган ўқувчилар мактабдан четлаштирилади. Мазкур қоида штатда онлайн иғволар ортидан ўқувчилар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани туфайли жорий қилинган. Шунингдек, Калифорния «Жиноят кодекси»да виртуал тармоқдаги нобоп хатти-ҳаракат учун 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.

Виртуал олам жанг майдонига айланган

Интернет — одамлар ўртасидаги худбинлик жангга кирган маконга айланди. Бу ерда «мен сендан зўрман», «мен сендан бойроқман», «мен сендан бахтлироқман», «мен сендан гўзалроқман» каби даъволар рақобатга киришади. Авваллари жонли мулоқотда бир-бирининг дардига малҳам бўлганлар энди бир-бирларининг яраларини «чўп» билан «кавламоқда». Бундай муҳитда тушкун бўлиш ва азият чекиш, ноиложликдан бошқаларга нафрат сочиш ва уларни камситиш жуда осон.

Бугун Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда ҳуқуқлари топталган фуқароларнинг ҳаммаси ҳам кимга мурожаат қилишини билмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда эса кибер жиноятларни тадқиқ қиладиган малакали мутахассислар етарли эмас. Айрим давлатларда кибер жиноятлар билан шуғулланадиган алоҳида идоралар фаолият кўрсатмоқда. 

Қонунчилигимиз фуқароларнинг интернет тармоғида ўзини тутиш одобини белгилаб берувчи, виртуал камситиш ва ҳақоратларнинг олдини олувчи, инсонларнинг интернетдаги хатти-ҳаракатлари, шунингдек, турли номларда саҳифа юритишни тартибга солувчи, мавҳумликка қарши курашувчи, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилувчи ҳужжатларга муҳтож. Замонавий тренд ва муаммолар асосида мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш – бугун юзага келаётган муаммо ва жиноятларнинг, шунингдек, тролларнинг виртуал оламдан ҳаётимизда ҳозир бўлишларининг олдини олади.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

«Mahalla»

Манба: “Маhallа” газетаси

(2019 йил 25 июль-1 август, 33-сон)

Бошқа хабарлар