Аъзолар биздан нималар кутмоқда?

114

Жамоада барқарор муҳитни шакллантириш, меҳнат муносабатларини тўғри йўлга қўйишда касаба уюшмасининг ўрни ўта муҳим. Нафақат ходимни, балки уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам мурожаатлар ортмоқда. Бу эса фаолиятимизни доимий равишда такомиллаштириб боришни тақозо қилади.

Таъкидлаш жоизки, Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш ташкилотлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестиция­лар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар аъзоларимизнинг манфаатдорлигини таъминламоқда.
Ички туризмни ривожлантириш, юртдошларимизни қадимий шаҳарларимиз, юз бераётган бунёдкорликлар билан яқиндан таништириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, бу борада касаба уюшмалари иштироки салмоқли тус олмоқда. Биз ҳам аъзолардан 268 нафарининг Хива шаҳрига, 30 нафарининг «Султон Увайс бобо» ҳамда «Шайхи Жалил» қадамжоларига зиёратини уюштирдик. 162 нафар касаба аъзоси Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарлари, шунингдек, Нукус шаҳридаги Савицкий номидаги музейда бўлиб қайтди. Албатта, сафар-харажатлар иш берувчи ва касаба уюшмаси ҳамкорлигида қопланди.
Байрамлар муносабати билан ташкил қилинаётган маданий тадбирлар, кўрик-танлов ҳамда спорт мусобақалари жамоаларни жипслаштирмоқда, кўтаринки руҳ бағишлаб, иш унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Йилнинг ўтган даврида 1569 нафар ходимга 85 миллион 745 минг сўмлик совғалар топширилди. Қолаверса, «Ҳамшира – 2019», «Баҳор маликаси», «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз», «Энг намунали ­бошланғич ташкилот», Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоат назоратини ташкил этиш бўйича республика кўрик-танловининг биринчи босқичи ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш ташаббуснинг бири ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш экани тасарруфимиздаги муассасаларда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларига янада кўтаринки руҳ бағишлади. Саломатлик посбонлари ушбу ташаббуснинг аҳамиятини юртдошларимиз орасида тарғиб қилиш баробарида, шахсий ибрат намунасини ҳам кўрсатмоқда. Ўтган даврда ходимлар ўртасида футбол, шашка, шахмат ва енгил атлетика бўйича мусобақалар ташкил этилди. Айниқса, Наврўз байрамига бағишлаб Республика ихтисос­лаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида ўтказилган енгил атлетика ва шашка мусобақалари ҳамда 9 май – Хотира ва ­қадрлаш кунига бағишлаб Респуб­лика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиалида уюштирилган шахмат баҳслари ходимларда катта қизиқиш уйғотди.
Кези келганда, кўпчилик ташкилотларда ходимлар гимнастикаси йўлга ­қўйилганлигини таъкидлашни истардим. Бу борада Республика кардиология илмий-­амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовордир.
Фахрийларга эъзоз-эътибор кўрсатиш, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш касаба уюшмаларининг доимий диққат-марказида. Жумладан, жамоа шартнома ва келишувлари орқали 11 нафар пенсия ёшидаги шахсга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам ва қимматбаҳо совғалар берилди. 15 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо туҳфалар тақдим этилди. Икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 6 нафар ёш онага, 17 нафар кам таъминланган ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам ажратилди. Давлат дастури тадбирлари асосида кексалар ва имконияти чекланган шахсларнинг маиший аҳволини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида, вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида даволанаётган кексаларга бир миллион сўмлик ҳамда «Болалар уйи» тарбияланувчилари учун 460 минг сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 15 нафар ходимнинг пенсионер ота-оналари имтиёзли равишда соғломлаштирилди.
Кам таъминланган ёш оилаларга ­эътибор кучайтирилиб, 2 нафар аёл «Умид гулшани» санаторийсида бепул соғломлаштирилди. Умуман, ярим йил давомида санаторийларда дам олиш учун касаба уюшма маблағларидан 40 дона, ижтимоий суғурта бюджети ҳисобидан 40 дона йўлланма имтиёзли равишда берилди.
Аъзолар фарзандларини ёзги соғломлаштириш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Вилоятимиздаги «Жайҳун қуёши» оромгоҳида 43 нафар, «Шодлик» оромгоҳида 26 нафар бола дам олдирилди.
Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш мақсадида бирлашган касаба уюшма қўмитасига аъзо ташкилотлардан 16 тасида «Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик – бебаҳо неъмат», «Миллий армиямиз тавсифи: Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари – юрт тинчлиги ва хавфсизлигининг кафолатидир», «Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятнинг асосий принциплари», Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январда имзолаган «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти, «Мус­тақил Ўзбекистонда маънавият масалаларининг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ва бунинг сабаблари» мавзуларида маънавият соатлари ташкил этилди. Уларда 1553 нафар ходимнинг иштироки таъминланди. 20 та муассасада «Миллий қадриятларимиз – беқиёс бойлигимиз», «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривож­ланиш йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти» мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди.
Шу кунларда барча бошланғич ташкилотларимизда фаоллар иштирокида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойи­ҳаси муҳокама қилиняпти. Ушбу ҳужжат лойиҳасининг мазмун-моҳияти, уни янада бойитиш юзасидан таклифлар киритиляпти. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши, шак-шубҳа йўқки, ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, давлатимизнинг одамларни рози қилишга қаратилган сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда халқимизнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.

Гулхоним АМИНОВА,
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш ташкилотлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар