Ижтимоий шерикликнинг муҳим асоси

40

Меҳнат кодекси ва бош­­қа қонунларда ходимлар учун имтиёз ҳамда кафолатларнинг энг кам миқдори белгилаб қўйилган. Ушбу ҳужжатлар мажбурий ҳисобланади ва ташкилий-ҳуқуқий структурасидан, мулк шаклидан қатъи назар, барча корхона, ташкилотларда ижро этилиши лозим. Жамоа шартномалари орқали ушбу имтиёз ва кафолатларнинг юқори даражаси белгиланиши мумкин.

Ижтимоий шериклик тамойилини амалга ошириш механизми жамоа келишув ва шартномалари, қўшма қарорлар, локал ҳужжатлар, касаба уюшмалари билан келишиб қабул қилинган бошқа ҳужжатлар тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир.
Жамоа шартномаси корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солади. Мазкур ҳужжат «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига бирлашган касаба уюшмаларининг фуқаролик жамиятини шакллантириш ­шароитидаги Ҳаракат дас­тури»да белгилаб берилган касаба уюшмаларининг ўз аъзоларини ҳимоя қилиш вазифасини амалга оширишда асосий восита ҳисоб­ланади.
Меҳнат кодексининг 177-моддасига асосан «Иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиш, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши учун жамоа шартномаларини тузиш шартлиги» белгилаб қўйилган.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул ходимларининг амалий ёрдами асосида тизимдаги бошланғич ташкилотлар, кичик бизнес субъект­лари, корхоналарда ходимлар сонидан қатъи назар, юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари тузилиб, уларга давр талабидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада қабул қилинадиган жамоа шартномалари муҳим аҳамиятга эга. Бунда корхонанинг имкониятларига мос равишда иш берувчи томонидан ишловчиларнинг иш шароитини яхшилаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, маданий-маърифий ва бош­­қа масалалар бўйича мажбуриятлар белгиланган бўлиб, уларни ижобий ҳал қилиш нафақат иш берувчига, балки касаба уюшма қўмитаси ­раиси ва унинг аъзоларига ҳам катта вазифалар юклайди.
Ижтимоий ҳимоя чоралари сифатида жамоа шартномаларига қуйидаги тадбирлар киритилмоқда: фахрийлар, ногиронлар, кўп болали оналар, фарзандлари 3 ёшга тўлгунга қадар бўлган оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, корхоналар ҳисобидан ходимлар ҳамда уларнинг оила ­аъзоларини дам олдириш ва соғломлаштириш, ишловчи аёлларга бериладиган туғишгача ва туғишдан кейинги ҳақ тўланадиган таътиллар кунини узайтириш, болали аёлларнинг иш вақтини қисқартириш, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари харид қилиш, бахтсиз ҳодиса билан боғлиқ бир марталик нафақалар миқдорини ошириш ва бош­қалар.
Масалан, тармоқ тасарруфидаги «Муборак Мебель» хусусий корхонасидаги 90 нафар ходимнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 2019-2020 йиллар учун жамоа шартномаси ишлаб чиқилган бўлиб, у Республика кенгашида экспертизадан ўтказилган ва қабул қилинган.
Мазкур корхона замонавий дизайн ва сифат талабларига жавоб берадиган импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариб, мамлакатимиз иқтисодининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Корхонада ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмитаси ижтимоий шерик­лигида мустаҳкам ҳимоя­­га олинган. Хусусан, жамоа шартномасида ходимлар даромадларини ошириш, уларга қўшимча меҳнат таътиллари бериш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳофазаси, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, саломатлик­ларини мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Ушбу муҳим ҳужжатда меҳнат муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилгани боис корхонада ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ҳолатлари ва касб касаллик­ларининг олдини олиш масаласи энг устувор вазифалардан бирига айланган.
Иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш хулосасига биноан ходимларнинг меҳнат таътилларига 3 иш кунидан 7 иш кунигача иш ҳақи тўланадиган қўшимча таътиллар берилиши жорий қилинган. Ходимлар ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳолда суғурта қилинган.
Жамоа шартномасида олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Корхонада меҳнат қилаётган 39 нафар ёш мутахассис ­тажрибали устозларга бириктирилган.
Пировардида яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, касаба уюшма органи орқали ходимларнинг манфаатини ҳимоя қилиш чекланади. Меҳнат кодексининг 35-моддасида кўрсатилганидек, жамоа шартномаси нафақат ташкилотда, балки унинг юридик мақомга эга бўлган филиалларида ҳам тузилиши мумкин.

Рустам МИРХЎЖАЕВ,
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя масаласи бўйича бош мутахассиси

Бошқа хабарлар