МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ҚАМРОВИ 40,5 ФОИЗГА ЕТДИ

35

 Матбуот ва ахборот коммуникациялари агентлигида Мактабгача таълим вазирлиги муттасаддилари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда “Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепция”си асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Унда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, вазир ўринбосарлари ва бошқарма бошлиқлари иштирок этди.

2019 йил 8 май куни Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4312-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” ва 2019 йил учун “Йўл харитаси” тасдиқланган эди. Ушбу ҳужжат республика қамровидан то вилоят, шаҳар, туман даражасигача тушиб борувчи мақсадли кўрсаткичларни, ушбу кўрсаткичларга эришиш учун зарур бўлган маблағларнинг аниқ ҳисоб-китобларини аниқлаш имконини берди. Масалан, ҳужжатда кўрсатилганидек, 2030 йилга бориб болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш ҳозирги 40,5 фоиздан 80,8 фоизгача кўтарилиши режалаштирилган. МТВ МТТлар қувватини ошириб боради ва 2021 йилга бориб улардаги ўринлар янги МТТлар очиш, давлат – ҳусусий шерикчилик асосида ҳамда чекка ҳудудлар учун долзарб бўлган мактабгача таълимнинг муқобил шакллари ҳисобига 56,8 фоизгача ўсади (2030 йилда эса 132,3 фоиз).

– Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси ҳар бир шаҳар ва туман кесимида  МТТлар сони ва болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш бўйича аниқ кўрсаткичларни белгилаб берган биринчи ҳужжатдир. Бу қадам бизнинг фаолиятимиз шаффофлиги ва объективлигини таъминлайди. Чунки, маълум хулосаларни чиқариш учун эришилган ва мақсадли кўрсаткичларни солиштиришнинг ўзи кифоя қилади. МТТлар етишмаслиги муаммосини ҳал этиш билан бир қаторда, яқин йилларда педогогик ва бошқарув кадрларига ҳам эътибор қаратилади. Биз педагоглар сонини ошириш, шунингдек, ходимларни саралаш, тайёрлаш ва малакасини оширишга янги ёндошувларни татбиқ этиш бўйича ишларни давом эттирамиз. МТВ вакиллари масъул ходимлар фаолиятини ҳар дақиқада назоратда тутиш имкониятига эга эмаслар. Шунинг учун ҳам жойларда малакали, виждонли инсонлар ишлаши биз учун муҳим, дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Овқатлантириш масалалари оғриқлиё ки бир болага 3млн. сўм ажратилмоқда

Тадбирда айтилишича, айни пайтда МТМларида овқатланишни ташкил этиш масалалари энг муҳим, шу билан бирга коррупцион ҳолатлар кўп кузатилаётган масалалардан бўлиб қолмоқда. Аутсорсинг тизимига ўтилиши, соҳада мавжуд вазиятни яхшилаш, сифатли хизмат кўрсатиш босқичига кўтарилишга туртки бўлиши кутилмоқда. Бироқ бу соҳада ҳам болалар таомномаси бўйича ишлайдиган малакали мутахассисларга катта эҳтиёж сезилмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз МТМларида 13 та фирма аутсорсинг тизимида фаолият кўрсатмоқда. Мирзо Улуғбек туманида эса болалар овқатланишини ташкил этиш бўйича пилот лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу лойиҳа бутун республикамизга намуна бўла олади.

Мактабгача таълим вазири Шодиёр Маматқуловнинг маълумот беришича, бир йил давомида бир болага давлат бюджети ва ота-оналар тўлаётган бадал пуллари ҳисобидан 3 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилади. Аммо жойларда айрим раҳбарларнинг ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишлари, бош ошпазларнинг масъулиятсизликлари туфайли бу кўрсаткич, ажратилаётганидан кўра камроқ бўлиб болалар таомномасидан жой олмоқда. Мактабгача таълим вазирлиги бундай ҳолатларга қарши кескин курашиб, журналистлар ва жамоатчиликни ҳам таъмагирликларга қарши биргаликда курашишга чорлади.

Тарбиячиларнинг ота-оналардан ўқув қуроллари ва ҳўжалик маҳсулотлари талаб қилиши асосли(ми?)

    Матбуот анжуманида мактабгача таълим вазирлиги масъуллари тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиларининг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши масаласига ҳам тўхталди. 

– Узоқ йиллар давомида бу тизимга кўнгилдагидек эътибор берилмаганини тан олиш керак. Ходимларимиз ҳамиша ободонлаштириш, мавсумий ишларга жалб қилиб келинган. Аммо энди бундай бўлмайди – мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Ҳар қандай ҳашарлар вазирлик рухсати билан бўлиши керак. Ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилади. Яқинда соҳамизга оид қабул қилинаётган қонунда ҳам бу муаммога алоҳида тўхталинган, – деб жавоб берди Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин.

“Янги ўқув йили бошланиши арафасида боғча опалар ота-оналарга ўқув қуроллари ва хўжалик маҳсулотлари рўйхатини беришади, бу қанчалик тўғри? Тизимда бу масалаларнинг ҳуқуқий асослари қандай ҳал этилган”, деган саволга Ш.Маматқулов эндиликда меъёрий ҳужжатларда боғчага давлат томонидан бериладиган ва ота-она олиб келиши мумкин бўлган нарсалар ўрганиб чиқилаётгани ва келгусида бу ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ акс этишини таъкидлади. Аммо ҳозирда ҳар бир боғча учун керакли даражада ҳўжалик маҳсулотлари – совун, кир ювиш кукуни ва гигиеник воситалар берилаётганлиги сабабли ота-оналар бундай маҳсулотларни олиб боришига ҳожат йўқ. Ўз хоҳишларига қараб ўқув қуроллари олиб бориши мумкин, деди масъул.

Зебо НАМОЗОВА,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар