Ҳисобот эмас, амалий натижа керак

145

Жорий йилнинг биринчи ярмида Хоразм вилоятида 149 та ташкилот касаба уюшмалари хизматига жалб этилиб, 1460 нафар ходим аъзоликка қабул қилинди. Бу ҳақда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг раёсат йиғилишида таъкидлаб ўтилди.

Бугун ҳар бир ходим – хоҳ у олий маълумотли мутахассис бўлсин, хоҳ оддий фаррош, меҳнати қадрланишини, зиммасидаги вазифани тўлиқ амалга ошириши учун етарли шароит бўлишини хоҳлайди. Бу давр талаби ҳамдир. Ушбу талабни қаноатлантиришда жамоа шартномаларининг аҳамияти катта. Маълумотларга кўра, жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун вилоят бўйи­­ча ўрта ҳисобда ҳар бир ходимга 2018 йил давомида сарфланган маблағ 1 млн. 943 минг 500 сўмни ташкил этди. Жорий йилда бу кўрсаткичлар янада юқори бўлиши кутилмоқда.

Мисолларга юзланадиган бўлсак, жамоа шартномалари орқали 197 та корхонада 287 нафар пенсияга чиқаётган ходимларга бир йўла моддий ёрдам ва қимматбаҳо совғалар берилиб, ушбу мақсадларга салкам 97 миллион сўм ажратилган. 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 171 нафар ёш оналарга 124 та корхонада 31 млн. 553 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган. 175 та корхонада кам таъминланган, боқувчисини йўқотган 505 та оила фарзандларига ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш учун 19 млн. сўм йўналтирилган.
Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 61 нафар талабанинг контракт пулини тўлашга корхоналар ҳисобидан 53 млн. 127 минг сўм, касаба уюшма ҳисобидан 14 млн. 648 минг сўм, жами 67 млн. 775 минг сўм сарфланган. Уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 13 та корхонада 13 нафар оилага 23 млн. 550 минг сўмлик фоизсиз ссуда берилган.
Жамоа шартномасида кўмакка эҳтиёжи бор ҳар бир ходим учун ёрдам бериш кўзда тутилгани аҳамиятлидир. Бироқ, ҳамма иш берувчилар ҳам ушбу ҳужжат моҳиятини тўлиқ ҳис қиляпти, деб бўлмайди. Айтайлик, ходимларнинг иш ҳақларини ўз вақтида беришда сансоларликка йўл қўяётган иш берувчилар ҳам йўқ эмас. «Урганч МСҚФБ» корхонасида ўтказилган мониторинг жараёнида ишчи-ходимларнинг иш ҳақидан бўлган қарздорлик шу йилнинг 1 июнь ҳолатига 2 млрд. 273 млн. сўмни ташкил қилиши аниқланиб, касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатлари натижасида бу кўрсаткич бир ойда 995,6 млн. сўмга камайишига эришилди.
Меҳнат муҳофазаси доимий диққат-эътибордаги масала бўлиб, йил давомида ушбу йўналишда 41 минг 430 та чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Ҳисобот даврида уларнинг 20 минг 715 таси бажарилиб, ушбу мақсадлар учун 3 млрд. 631 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Албатта, бу борадаги ишлардан қаноатланишга ҳали эрта. Боиси 13 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчиларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши ҳолати ўрганилганда, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 169 та қонун, қоида ва меъёрларнинг бузилиш ҳолатлари аниқланган. Иш берувчиларга 13 та тақдимнома киритилиб, касаба уюшмалар аралашуви билан 134 та камчилик бартараф этилди.
Аъзоларнинг меҳнат ҳуқуқлари поймол бўлиши, айниқса, ачинарли ҳолат. Жорий йилнинг 6 ойи давомида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлимида 117 та ариза ва шикоятлар кўриб чиқилган. Корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари номига 27 та тақдимнома киритилиб, 53 нафар ходимнинг ишга тикланишига ва 105.000.000 сўмдан ортиқ пул маблағлари ундирилишига эришилди. Шунингдек, судга 17 та даъво аризаси киритилиб, 19 нафар фуқаро ишга тикланди ва ойлик маошлари ундириб берилди.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, саломатликларини мустаҳкамлаш, спорт тадбирларига жалб қилиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида 1955 та бош­ланғич ташкилотда «Маънавият соатлари» ўтказилиб, уларда 162986 нафар ишчи-ходимлар иштирок этди. 14741 нафар касаба уюшма аъзолари ва оила аъзоларининг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларга саёҳатлари уюштирилди. 1944 та корхона, ташкилот ва муассасаларда соғломлаштириш машқлари ташкил этилиб, унга 126 минг нафардан ортиқ ходимларнинг жалб қилиниши таъминланди.
Бу йилги ёз мавсумида касаба уюшмалари маблағлари иштирокида фаолият юритаётган 12 та оромгоҳнинг ­1-2-навбатида 1470 ўрнига 2627 нафар бола дам олдирилди. Бу мақсадлар учун ижтимоий суғурта бюджети ҳисобидан 227556,0 минг сўм маблағ сарфланди. Хўжалик ва ҳомий ташкилотлар маблағлари ҳисобига 1216 нафар болага йўлланмалар бепул тарзда ажратилди.
Бундан ташқари, 530 нафар ишчи-хизматчилар ҳамда 115 нафар ишчи-хизматчиларнинг оила аъзоларига имтиёзли йўлланмалар берилиб, санатор-курортларда соғломлаштирилди.
Раёсат йиғилишида нодавлат сектори тизимидаги корхона, ташкилот, муассасаларда касаба уюшма ташкилотларини тузиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи, «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» дастурининг ижроси, 2019 йил ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлантириш каби муҳим масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар