«Жаслиқ»нинг ёпилиши – муҳим тарихий воқелик

139

Президентимизнинг 2019 йил 2 августдаги «Қорақалпоғис­тон Респуб­ликаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисос­лаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида»ги қарорига асосан Жаслиқ қўрғонида жойлашган жазони ижро этиш колонияси тугатилди.

Халқаро ҳамжамият ушбу қарорни Ўзбекистоннинг келгуси ривожланишидаги муҳим қадам сифатида эътироф этмоқда. Бир қатор сиёсий экспертлар эса уни сиёсий жасорат, деб атади. 
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида қарор ижроси ҳамда унинг мазмун-моҳияти Ички ишлар вазирлигининг мутасаддилари иштирокида таҳлил этилди.

Маҳкумлар қаерга кўчирилади?

– Мазкур қарорга асосан ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар суд томонидан белгиланган жазони ўташ тартибига риоя этган ҳолда судлангунига қадар яшаган манзилига яқин жойлашган колонияларга кўчирилади, – деди Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳромбек Одилов. – Бу уларнинг оила аъзолари ва яқинлари мушкулини осонлаштириб, маблағи ва вақтини тежаш имконини яратади. Чунки мазкур колония Нукус шаҳридан 300, Қўнғирот тумани марказидан 180 километр узоқликда жойлашган бўлиб, фуқароларга анчайин ноқулайликлар яратаётган эди.
Ҳибсда кимлар бор?
1999 йилда Қўнғирот туманининг Жаслиқ қўрғонида қурилган 19-сон ЖИЭКда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир қилган, узоқ муддат озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахслар сақланиб келинган. 
Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳромбек Одиловнинг айтишича, «Жаслиқ» колонияси 1100 та ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда 395 нафар маҳкум ўзларига белгиланган жазо муддатини ўтаб келаётган эди. Уларнинг 10 фоизга яқини диний-экстремистик оқимларга алоқадор жиноят турларини содир этган инсонлардир. Эндиликда Жаслиқ колонияси биноси Нукусда жойлашган 2-сонли тергов комиссияси балансига ўтказилади.

Қийноқлар қўлланилганми?

Анжуманда журналистлар мутасаддиларга «Жаслиқ»да маҳкумларга қандай қийноқлар қўлланилган?» деган саволни беришди.
– Ўзбекистон ўз олдига фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, хусусан, жазони ижро этиш тизимида ҳам бу халқчил сиёсатни амалга ошириш йўлидан бормоқда, – дейилди саволга жавобан. – Бугунги кунда ҳеч қайси жазони ижро этиш колониясида маҳбуслар учун қийноқлар қўлаланилишига йўл қўйилмайди. Жумладан, Жаслиқда ҳам қийноқлар қўлланилмаган. Бу инсон манфаатларини оёқости қилиш ҳисоб­ланади.

Нозирлар тақдири нима бўлади?

«Жаслиқ» қамоқхонасида ишлаётган ички ишлар ходимларининг тақдири ҳам журналистларда савол уйғотгани табиий.
Маълум қилинишича, қорақалпоғистонлик ходимлар ўзлари яшаётган ҳудудларга ишга жойлаштирилиши олдиндан режалаштирилган бўлиб, қолганлар эса республикамизнинг ­бошқа ҳудудларида ўз йўналишларида иш билан таъминланади.

Жазони ўташ жойларида ибодатга рухсат этиладими?

Мамлакатимизда маҳбуслар­нинг диний эътиқод эркинлиги қай даражада таъминлангани борасидаги саволга Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси бош­қарма бошлиғи Жамшид Султонов қуйидагича жавоб берди:
– Колонияларда барча маҳбус­лар учун бир хил, қатъий кун тартиби жорий этилган. Агар маҳбус диний амалларни бажаришни истаса ва бу кун тартибига халақит бермайдиган бўлса, бемолал амалга ошириши мумкин.

«Жаслиқ» ўрнида музей…

– Бу колониянинг келгусида музей ёки бошқа бирор объектга айлантирилиши ҳозирча номаълум, – деди Баҳромбек Одилов.


Анжуманда мамлакатимизда жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга нисбатан қийноқ ва бошқа тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилди.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар