Миракида шундай гўша бор…

55

Шаҳрисабз туманидаги «Мираки» санаторийсида соя-салқин, осмонга ўрлаган дарахтлар тагига қўйилган ўтирғичларда отахон-у онахонлар юзидан нур ёғилиб, гулгун суҳбатлашиб, ҳордиқ чиқараётир.

Қабулхона томон юрсангиз, ҳужжат кўтарган кишилар маъмур билан қайси хонага жойлашиш ҳақида мулоқот қилаётгани устидан чиқасиз. Муолажа хоналари олдида ҳам ғуж-ғуж одам.
– Ҳозир ёз мавсуми эмасми, ҳамма салқин гўшаларга ошиқади, – дейди «Мираки санаторийси» МЧЖ директори ўринбосари Абдуқаюм Маликов. – Қолаверса, сўнгги йилларда туризмга берилаётган эътибор сабаб санаторийда ҳам қатор янги хизмат турлари очилди.
Абдуқаюм аканинг бу сўзларидан сўнг билиб олдикки, санаторийда дам олиш билан бирга дунёқараш ҳам ўзгарар экан. Яъни саёҳат воситасида.
Хусусан, «Зиёрат қилиш» хизмати орқали дам олувчилар Мингчинор, Ҳазрати Башир, Чинор, «Оқ сув» зиёратгоҳи, Ҳожа илимкон хонақоси, Оқсарой ­мажмуаси, Сўқор ота ва бошқа зиёратгоҳларга олиб бориляпти.
Экологик дам олишда Қорадарё дараси, Саят шаршараси, Мунаввар водийси, Ғилон ­қишлоғи, Алвастикўл табиий географик объекти, Мингчинор шаршараси каби сўлим табиат манзараларидан баҳраманд бўлиш мумкин.
Спорт йўналишида дам олувчилар учун ҳар хил мусобақалар уюштирилмоқда.
«Ишбилармонлик» йўналишида заъфарон, анор етиштириш, қуёнчилик, паррандачилик, чорвачиликда илғор ютуқларни қўлга киритаётган фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишадилар.
Энг асосийси, у дам олувчилар «Кардиология», «Нев­рология», «Озонотерапия», «Физиотерапия», «Клиник лаборатория» хизматларидан фойдаланиб, юрак-ишемик касаликлари, қон босимининг ошиши ва тушиши, юрак ритмининг бузилиши, миг­рен, радикулит, ревматизм, ­гастрит, остеохондроз, қандли диабет, цистит ва бошқа касалликларга қарши муолажа олишади. 13 хил текширув, 35 хил муолажа турлари бор. Тиббий асбоб-ускуналар замонавий.
Кейинги йилларда санаторийда барча қулайликларга эга «Кемпинг» оилавий коттежлари қурилди, ётоқхоналар реконструкция қилинди. 350 кишига мўлжалланган ошхона, 200 кишилик клуб (3D кино зали), бассейн, биллиард, кутубхона, фитобар ва спорт зали ишлаб турибди…
Шу тариқа Миракига ташриф буюрганлар дам олиш билан бирга қутлуғ масканларни кўриш, зиёрат қилиш, энг муҳими, билим ва малакасини ошириш имконига эга бўлмоқда.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар