Осмони яқин ерлар

57

Сирли манзиллар

Нурота тоғ тизмаси Олой – Туркис­тон тоғ тизимининг энг ғарбий бўлаги ҳисобланиб, Сангзор водийсидаги Моргузар, Илонўтти, Темурланг дарасидан бошланади. Шимолий Нурота тоғи Қоратов деб номланиб, унинг энг тик чўққиси – Заргарнинг баландлиги 2165 метрга тенг. Жанубий Нурота тоғининг Оқтов деб аталадиган тизмасидаги Тахткўҳ чўққиси денгиз сатҳидан 2005 метр баландликда бўлиб, ҳар иккала тоғ таркибида ҳали кашф этилмаган фойдали қазилмалар, доривор табиий ўсимлик­лар жуда кўп.
Ушбу тоғларнинг Нурота – Қўшработ кенгликларида академик Яҳё Ғуломов, Пўлат Зоҳидов, О.Рестовцев сингари машҳур археологлар қазишма ишларини амалга оширган.
Бу ҳудудда сувдан унумли фойдаланиш, ҳосилдор ерларни обод қилиш азалдан асосий масала бўлиб келган. Шу боис кўплаб жойларнинг номи булоқ ёки сув йўли билан боғлиқ. Масалан, Қўшработда Булоқбоши, Жомбулоқ, Совуқбулоқ, Ахчобсой, Дуоба, Кўкбулоқ, Сувлиқ, Сойкечар, Бош кориз, Дарасой каби номлар мавжуд. Икки тоғ кенгликларида ранг кўрсаткичларига тааллуқли Оқтов, Қоратов, Кўктепа, Қизилча, Қорақум, Оқтош, Оқтепа, Қорабулоқ сингари топонимик ва этнографик белгиларга эга жойлар ҳам кўп.

Ободлик нашидаси

Қўшработ туманининг Қўрғон қиш­лоғида Қўрғон достончилик мактабининг йирик намояндаси Эргаш Жуманбулбул ўғли туғилиб ўсган. Ўтган асрнинг 1970 йилларида фидойи педагог Ойдин Синдоров улуғ бахшининг ижод намуналари ва бошқа экспонатларни жамлаб, музей ҳолига келтирган. Бу музей таъмирталаб бўлиб қолгани сабабли айни пайтда замонавий андазада янгидан барпо этилмоқда.
Қўшработдаги йирик қишлоқлардан бири бўлган Жўшда бунёдкорлик ва қурилиш ишлари авжида. Бир қанча янги савдо иншоотлари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Жўшдан Оқмачит қишлоғига бориш тарафда замонавий аҳоли турар жойлари қад ростлаяпти.
Қадимий Ахчобсой даралари – тарихий ҳудуд. Бу кенгликларда кўплаб жанг-у суронлар бўлиб ўтган. Ҳозирда Жўшдан Арғошқон, Урганжи, Керҳовут, Бозоржой, Оқтош қишлоқларига асфальт йўли ўтқазиляпти. Келгусида фусункор Оқтов ва Қоратов хорижлик сайёҳларни Фозилмон кўлларига чорласа, ажаб эмас.
– Ушбу бунёдкорлик ишлари одамларни ниҳоятда қувонтирмоқда, – дей­ди Қўшработ туманидаги Оқтош қиш­лоғида жойлашган 51-умумтаълим мактаби ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Жўрабой Қораев. – Қишлоқ зиёлилари бундай янгиликларни узоқ йиллар орзиқиб кутган эди. Келгусида қишлоқларимиз шаҳардан асло қолишмайдиган бўлади.
Қўшработлик фахрий ўқитувчи Иброҳим ака Ғойибназаров маънавий-маърифий мавзуда кўплаб мақолалар ёзган. Унинг «Ойдин тунлар қўшиғи» номли китобида шундай сатрлар бор:
Бунда уйлар туташ қурилган,
Бунда осмон жуда ҳам яқин…

Маънавий эҳтиёж

– Бу воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди, – деб эслайди кекса муаллим Ҳамза Чинниев. – 1978 йили атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов бошчилигидаги бир гуруҳ зиёлилар Жўш қишлоғига келишди. Улар орасида Ахчоб қишлоғида туғилиб ўсган адабиётшунос Умрзоқ Ўлжабоев ҳам бор эди. Меҳмонлар аввал Жўш қиш­лоғини томоша қилишди, кейин қиш­лоқ кутубхонасига киришди. Қарашса, харобгина кутубхона бўм-бўш, бор китоблар ҳам чанг босиб ётибди. Буни кўрган Озод домла оғир хўрсиниб, китоб­ларнинг чангларини артишга тушди. Бундан таъсирланган хўжалик раҳбари орадан кўп ўтмай кутубхонани таъмирлатиб, обод гўшага айлантирди. Ундан бир неча авлод маънавий озиқ олди. Афсуски, ҳозир у йўқ.
Эзгуликка қўл ураётган Самарқанд вилояти ва Қўшработ тумани ҳокимлиги бу ерда китоб захирасига бой кутубхона ҳам бунёд этса, китоб ихлосмандларининг маънавий эҳтиёжи қондирилар эди. Ўйлаймизки, бу хайрли иш тез орада амалга ошади.

Ўлжабой ҚАРШИЕВ,
журналист

Бошқа хабарлар