ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАДА

165

Ҳар бир таклиф чуқур ўрганилмоқда

Жорий йилнинг июль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар концептуал жиҳатдан маъқуллаган ва Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш белгиланган эди.

Қонун лойиҳасини маромига етказишда аҳолининг муносабатини ўрганиш, фикр-мулоҳазалари ва таклифларини олиш, яъни қонун ижодкорлиги фаолиятига фуқароларимизни кенг жалб қилиш мақсадида қонун лойиҳасининг матни Қонунчилик палатасининг веб-сайти – «parliament.gov.uz»га жойлаштирилди, шунингдек, Касаба уюшмалари Федерациясининг расмий нашри – «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида чоп этилди. Шундан сўнг, қонун лойиҳаси юзасидан кўплаб таклифлар келиб тушаётгани инобатга олиниб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қонун лойиҳасининг муҳокамаларини ўтказиш бўйи­­ча тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Наманган вилоятида ташкил этилган жамоатчилик муҳокамаси чоғида ҳукм сурган фаоллик ҳар икки тараф – қонун ижодкорлари ва касаба уюшмаси етакчилари учун ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Муҳокама йиғилишида Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, академик Акмал Саидов, ЎзКУФ раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, вилоят ҳокими ўринбосари Фахриддин Маткаримов, қонунчилик палатаси депутатлари, касаба уюшма фаоллари, ОАВ вакиллари қатнашди.
– Қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш қонун ижодкорлигидаги ижобий қадамлардандир, – дея таъкидлади Ф.Маткаримов. – Авваллари, қонун қабул қилингач, тарғибот ишлари амалга оширилган. Энди эса лойиҳа жамоатчиликка тақдим этилиб, фикрлар, таклифлар жамланмоқда. Қонун ­лойиҳаси шу тарзда пишитиб борилмоқда. Бу нафақат қонун ижодкорлари иш сифатининг ошиши билан боғлиқ жараён, балки қонунни амалиётга қўллашдан манфаатдор тарафнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда лўнда, аниқ асос­ларни шакллантириш жараёни ҳамдир.
– Бугун тараққиёт шиддати тезлашди, замон, имконият ва меҳнат шароитлари тубдан ўзгариб бормоқда, – деди ЎзКУФ раи­­си ўринбосари Б.Маҳмадалиев. – Меҳнат шароити ва меҳнат муносабатларининг янгича тамойиллар асосида ташкил қилинаётгани эса ўз-ўзидан ходимлар манфаатини ҳимоя этишда янгича услубларга таянишимизни тақозо этмоқда. Амалдаги «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган даврдан (1992 йилдан) бери кўп нарсалар ўзгарди. Рақамли иқтисодиёт ва ишга ҳақ тўлашнинг замонавий шакллари пайдо бўлган бугунги кунда мазкур қонун имкониятлари чекланиб қолди. Ҳаётий зарурат янги қонунга эҳтиёжимиз борлигини кўрсатиб берди. Бугун жойларда янги қонун лойиҳаси юзасидан кўп­лаб фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда, ҳудудлардан касаба уюшмасининг фаолиятига бефарқ бўлмаган фуқароларимиздан кўплаб таклифлар берилмоқда. Демакки, ташкилотимизнинг бундан кейинги фаолиятида ҳуқуқий дастак, янада ривожланишимиз учун асос бўлувчи ҳужжат тақдирига дахлдорлик ҳисси ортгандан ортиб бормоқда. Орамизда шундай сафдошларимиз қанча кўп бўлса, аъзолар манфаатини ифода этиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашда бирдамлигимиз ҳам яққолроқ намоён бўлиб бораверади. Бугунги муҳокама ҳам мана шу мақсадга хизмат қилади.
Муҳокамалар аввалида сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи ­бошқариш органлари қўмитасининг раиси, академик Акмал Саидов, Қонунчилик палатаси депутати Абдуллажон Ҳамроқулов, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни, мақсад, зарурат ва ундаги янгиликлар ҳақида кенг тушунча бердилар.
– Мазкур қонунни ишлаб чиқиш жараёнида амалдаги қонунчилик ва қўллаш амалиёти чуқур таҳлил этилди, – деди А.Саидов. – Касаба уюшмалари билан ишлашда қандай муаммолар бор, тўсқинликлар қаерда – айни шу масалаларни ўрганишга эътибор қаратилди. Лойиҳа ижодкорлари сифатида касаба уюшма фаолларидан бир нарсани эътибордан четда қолдирмасликларини сўрардик. Бундан кейин мазкур қонун билан касаба уюшмалари ўз аъзоларининг манфаатини ифода этувчи ташкилот сифатида ижтимоий шериклари, халқаро термин билан ифода этганда, трипартизм вакиллари билан ходим манфаати юзасидан судларгача бориши мумкин. Шунинг учун ҳам мазкур қонун аниқ, лўнда, тушунарли бўлиши лозим. У фаолиятингизни тўлиқ ва изчил амалга оширишингизда, етарли, зарур ҳуқуқий макон, асос бўлиб хизмат қилиши керак. Биз сизга шуни яратиб бериш учун изланмоқдамиз, жойларга чиқиб бевосита аъзолар билан ишловчи бошланғичлар, турли даражадаги ҳудудий кенгашлар вакилларининг таклифларига қулоқ тутмоқдамиз.
Эътибор қилинса, қонунимизда иккита ҳуқуқ назарда тутилган: ҳам моддий ҳуқуқ (сизларнинг ҳуқуқингиз) бор, ҳам концессуал ҳуқуқ (қўллаш амалиёти). Биз мана шу икки жиҳатни қамраб олишга ҳаракат қилдик. Айрим шундай қонунлар борки, унда моддий ҳуқуқ назарда тутилади, бироқ ҳаётга татбиқ этиш амалиёти йўқ. Ва ёки аксинча. Биз мана шу камчиликка йўл қўймасликка ҳаракат қилдик. Бунинг учун етарлича тажрибалар жамланди: бунда, авваламбор, ўзимиздаги миллий-ҳуқуқий қонунчилик ва амалиётга асосландик. Иккинчидан, хорижий таж­риба. Ғарб, Шарқ, МДҲнинг бу борадаги тажрибаларини кузатдик, керакли жиҳатларини ўзимизга олдик. Учинчидан, халқаро стандарт. Бунда ХМТнинг конвенциялари билан чекланиб қолмадик. БМТнинг қатор пактлари, универсал халқаро шартномаларига таяндик. Шундан сўнг депутатлар муҳокамасига ­қўйилди. Муҳокамага киритилгунга қадар тўртта ҳужжат тайёрладик. Биринчиси, қонун лойиҳаси, иккинчиси, лойиҳанинг концепцияси ёки тушунтириш хати дейилади. Учинчиси, хорижий тажриба, тўртинчиси, халқаро стандартларга қай даражада мувофиқлигини асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Бунда Ўзбекис­тоннинг ўзи қўшилган халқаро ҳужжатларга, ратификация қилинган Конвенцияларга мувофиқлигига таяниб иш тутилди.
Бугунги муҳокамадан кўп нарса кутмоқдамиз. Тўғри, берилаётган таклифлар юз фоиз қабул қилинмаслиги мумкин, аммо ишчи гуруҳимиз билан ҳар бир таклиф чуқур ўрганиб чиқилиши, лозим топилганлари ҳужжатда акс этишига ваъда берамиз. Ишчи гуруҳ фақатгина депутатлардан иборат эмас, унда Касаба уюшмалари ташкилотлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳам жараёнда тўлақонли иштирок этишади.
Қонун лойиҳаси амалиётчилар, яъни касаба уюшма фаоллари томонидан бир қанча таклиф, ўзгартириш ва қўшимчалар узоқ вақт мобайнида пишитиб борилди, муҳокама чоғида ўртага ташланиб, қонун ижодкорларининг муносабатлари эътиборга олинди. Фикрларнинг айримлари қайтадан кўриб чиқиш учун қайд этилган бўлса, айримларига ҳуқуқий принциплар нуқтаи назаридан асословчи жавоблар берилди.
– Янги қонун лойиҳаси соҳа фаолларида янги-янги режаларни, ташаббускорликни намоён этмоқда, – деди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Рес­публика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев. – Йиллар давомида бизга халал бериб келган тўсиқлардан холи муҳим ҳужжатни яратиш жараёнида иштирок этмоқдамиз. Бу эса, бевосита амалиётчи сифатида қатор таклифларни пайдо қилаётир. Хусусан, 13-моддага «Касаба уюшмалари фаолияти бўйича ўз аъзоларининг олдида ҳисобдордир. Унинг аъзолари касаба уюшмаларининг асосий фаолият йўналишлари, касаба уюшма маблағларининг сарфланиши бўйича маълумот олиш, фаолиятни яхшилаш юзасидан тегишли таклифлар киритиш хуқуқига эгадирлар», деган қўшимчани таклиф этамиз. Чунки қонунда касаба уюшмалари фаолиятида очиқлик деб номланмоқда, лекин унда касаба уюшмаларининг аъзолари олдидаги ҳисобдорлиги кўрсатилмаяпти. Қолаверса, аъзоларнинг касаба уюшма маблағларининг сарфланиши бўйи­­ча маълумот олиш, фаолиятни яхшилаш юзасидан тегишли таклифлар киритиш ҳуқуқига эгалиги қонунийлаштирилмоқда.
16-модданинг 6-хатбошисида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, шунингдек, иш берувчиларнинг раҳбарлари касаба уюшмасини, уларнинг бирлашмаларини тузишга ташаббускор бўлишлари, шунингдек, касаба уюшмаларининг аъзоси бўлишлари мумкин эмас», дейилган. Биз эса мазкур хатбошининг охири «касаба уюшмалари органларининг раҳбари бўлиш­лари мумкин эмас» деб ўзгартиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
56-моддаси 4-хатбошидан кейин «Уларнинг бу вақт оралиғидаги мутахассислик бўйича иш стажи ва малака тоифаси узлуксиз давом этган ҳисоб­ланади» тарзидаги янги хатбоши киритишни мақбул ҳисоблаймиз. Чунки амалиётда асосий ишидан озод этилган бошланғич ташкилотларнинг мутахассислиги ва малака тоифасида узилиш пайдо бўлмоқда. Бу банд асосий ишдан озод этилган бошланғич ташкилотлар сони кўпайишига ҳисса қўшган бўларди.
– Биз жамоатчилик муҳокамасига тайёрланиш чоғида тармоғимиздаги ҳар бир етакчи билан суҳбатлашдик, таклифларини жамлашга ҳаракат қилдик, – дейди АСМ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Икромхон Шарафиддинов. – «Кенгашли тўй тарқамас», дейишади. Истардикки, таклифларимиз қонун нормаларига мослаштирилиб, амалиётга жорий этилса… Бугунги амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, аксарият хусусий сектор вакиллари ходимлар манфаатини ифода этувчи касаба уюшмаларини тузишни хоҳламайди. Нафақат хорижий шериклар, ҳатто маҳаллий тадбиркорлар ҳам мазкур жамоат ташкилотини ортиқча «бошоғриқ» ҳисоблайди. Нари борса 600-700 минг сўмлик ойлик бериб, 14-15 соатлаб ишлатувчи тадбиркорлар анчагина. Айнан шулар касаба уюшмаси тузилса, камчиликлари юзага чиқишидан чўчишади.
11-моддага «Касаба уюшмалари тармоқ ташкилотлари ҳудудий бирлашмаларга ихтиёрий асосда аъзо бўладилар ва ҳамкорлик шартномаси асосида фаолият юритадилар», деган қўшимча киритишни таклиф этамиз. Сабаби, амалиётда айрим тармоқлар (бирлашган қўмита)ларнинг тенг ҳуқуқлиги механизми таъминланмаётган ҳолатларга дуч келинмоқда.
35-моддага «Тегишли давлат органлари ёки иш берувчилар касаба уюшмаларига қонунчиликда белгиланган тартибда ахборотларни бермаган тақдирда ёки уларни муҳокама қилишдан бош тортган тақдирда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар» тарзида қўшимча киритишни, шунинг­дек, мазкур модданинг 3-хатбошисидаги «имкон даражасида қисқа муддат» иборасини аниқ рақам билан алмаштиришни таклиф қиламиз. Чунки айрим ташкилотлар касаба уюшмасининг сўровини эътиборсиз қолдиришларига, тегишли муддатларда жавоб қайтармаслигига кўп бора дуч келмоқдамиз. Аниқ муддат ва жавобгарлик масаласи бу муаммога ечим бўлар эди.
Касаба уюшмалари инс­пекциялари ходимларига корхона, ташкилотларда аниқланган ноқонуний буйруқ, қарор ва фармойишларни бекор қилиш ва қонунга мувофиқлаштириш бўйича протест киритиш ва бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш, аниқ таъсир чоралари қўллаш ваколатлари берилиши масаласини ҳал этишни ҳам таклиф қиламиз. Шунда камчиликларни ўз ўрнида бартараф этиш механизми юзага келади.
Муҳокамалар чоғида иштирокчилар бир қатор таклифларни ўртага ташлашди. Уларнинг ёзма жамланмаси лойиҳани янада мукаммаллаштиришда фойдаланиш учун Қонунчилик палатаси депутатларига тақдим этилди. Таъкидландики, ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлик ифодаси бўлган таклифларни қабул қилиш жараёни давом этади.

Дилдора РАҲМОНОВА,
«ISHONCH»

Дахлдорлик ҳисси билан

Тадбирлар режасига мувофиқ, Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик ­институтлар, нодав­лат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, Қонунчилик палатаси депутатлари, касаба уюшмалари ташкилотлари, давлат ташкилотлари, олимлар, мутахассислар, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Даставвал, жамоатчилик муҳокамасида иштирокчиларга қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати ва лойиҳадаги янгиликлар тўғрисида маълумот берилди. Сўнгра қонун лойиҳасининг мақсади, амал қилиш соҳаси, лойиҳадаги асосий тушунчалар, касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликни амалга оширишнинг ўзига хослиги, касаба уюшмаларининг ваколатлари кенгайтирилгани, бунда хорижий тажриба ҳам ўрганилиб, унинг миллий қонунчилигимиз билан уйғун, илғор жиҳатларига эътибор берилгани қайд этиб ўтилди.
– «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун 1992 йил 2 июлда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида қонунга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Шу сабабли, мазкур қонунни замон талаблари асосида такомиллаштириш зарурати юзага келди ҳамда «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қайд этиш лозимки, қонун лойиҳаларининг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниши – аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардорлик даражаси ошишига, фуқароларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлиги кучайишига хизмат қилади, – деди Акмал Саидов. – Амалдаги қонун касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ ҳимоя қила олмаётгани, улар фаолиятининг шаффоф механизмлари ва кафолатларини таъминламаётгани яққол кўзга ташланаётган эди. Бундан ташқари, касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмлари, уни амалга оширишнинг тамойиллари, шакллари ва усуллари қонунчилик билан мустаҳкамланмаган эди. Қабул қиланаётган қонун лойиҳасида бу каби жиҳатларга эътибор қаратилган. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Германия, Испания, Россия, Қозоғистон, Озарбойжон, Молдова, Қирғизистон, Латвия, Арманистон каби хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари талаблари эътиборга олинган. Жумладан, ХМТнинг 87-, 98-, 135-, 154-, 111-, 144-сонли конвенциялари нормалари ва тавсиялари мазкур қонун лойиҳасида имплементация қилинган. Қолаверса, қонун лойиҳасининг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши, аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардорлик даражасини оширишга, фуқароларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳокамада қонун лойиҳасига бир қанча фикр ва таклифлар билдирилди.

Гулбаҳор Саидғаниева,
Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари:

– Қонун лойи­ҳасининг жойларда, халқ ичида муҳокама қилиниши, таж­рибадан маълумки, яхши самара беради. Қолаверса, лойиҳа анча мукаммал ишланганини таъкидлашни истардим. Лойиҳа бўйича фикр-мулоҳазаларга келсак, 47-модда жамоатчилик мониторинги деб аталади. Хўш, бу мониторинг кенгашлар ёки барча касаба уюшмалари аъзолари томонидан ўтказиладими? Агар давлат органлари, мансабдор шахслар, иш берувчи фаолиятини мониторинг қилишни аъзолар ўтказса, аъзоликнинг ихтиёрийлигини ҳисобга олсак, бу қанчалик реал бўлади? Бу масалага аниқлик киритиш керак. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида «мониторинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳам ўтказилиши мумкин» дейилган. Бунда интернетдан фойдаланишни ҳам назарда тутадиган бўлсак, унда аудитория қамрови қандай бўлади? Бу жиҳатларга ҳам ойдинлик киритиш зарурати бор.

Гулнора Юсупова,
«DAEWOO TEXTILE» МЧЖ
касаба уюшмаси қўмитаси раиси:

– «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини диққат билан ўқиб чиқдим. Ҳақиқатан ҳам мазкур қонунда касаба уюшмаларига кўплаб ваколатлар берилмоқда. Улар келгусида касаба уюшмалари нуфузини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Муҳокама қилинаётган «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойи­ҳасининг 9-боби – «Меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни амалга оширишда касаба уюшмаларининг иштироки» талабга жавоб беради. Чунки чет эллик инвесторлар билан айнан ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ишлаймиз. Ушбу ижтимоий шериклик, биринчидан ишчи-ходимлар манфаатига, иккинчидан, корхонанинг, ишлаб чиқариш қувватини ҳамда маҳсулот сифатини ошириш, корхонанинг дунё тўқимачилик бозоридаги салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Таклифим шундан иборатки, юртимизда кўплаб соҳа ходимларининг касб байрами бор. Касаба уюшмалари ходимларининг эса бундай байрами йўқ. Жамоамиздаги тўрт минг нафар ишчи-ходимларнинг фикри ҳам шундай: махсус сана – «Касаба уюшмалари куни» белгиланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки бунга юрт тараққиёти йўлида фидойи­лик билан меҳнат қилаётган инсонлар муносиб.

Орзигул Қозихонова,
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик
бўлими мудири

– Қонун лойи­ҳасининг 46-моддасида «Жамоатчилик эшитуви» нормаси ўз аксини топган бўлиб, унга кўра давлат органлари, уларнинг мансабдор шахс­лари, иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари фаолиятига тааллуқли, жамоат аҳамиятга молик бўлган ёхуд ходимлар ёки умуман корхонанинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилиш жамоатчилик эшитуви экани белгиланган. Лекин ушбу моддада унинг муддати кўрсатилмаган. Таклифим – қонунда жамоатчилик эшитуви муддати белгиланиши мақсадга мувофиқ.

Муқаддас Абдуллаева,
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш,
савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси

– Янги қонун лойиҳасининг 9-моддасида касаба уюшмаларида иштирок этишнинг ихтиёрийлиги назарда тутилган бўлиб, унга кўра фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишга, шунинг­дек, уларни касаба уюшмаларига аъзоликка киришга мажбурлашга йўл қўйилмаслиги назарда тутилган.
Ҳозирда амалиётда деярли 90 фоиз иш берувчилар касаба уюшмасига ўз ходимларини аъзо қилишни хоҳлашмайди. Бу эса меҳнат қонунчилиги талабларининг бузилишига олиб келмоқда. Менимча, ушбу моддага фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида «ходимлар касаба уюшмаларига ихтиёрийлик асосида аъзоликка кириб, бирлашиш ҳуқуқини амалга оширишда иш берувчилар томонидан тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди», деган сўзлар киритилиши лозим.
Шунда касаба уюшмасига ишчи-ходимларни аъзо қилмасликка, иш берувчиларнинг тазйиқ ўтказишларини чеклашга ҳамда бу билан уларга бир хил шароит яратиш ва уларни ҳимоя қилиш шароити яратилади.

Фарҳод Ўринбоев,
Агросаноат мажмуи ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси

– Янги қонун лойиҳасининг 27-моддасида касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари тегишлича жамоат бирлашмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун белгиланган тартиб ҳамда миқдорда бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга солиқлар, йиғимлар каби мажбурий тўловларни тўлаш назарда тутилган.
Лекин қонун лойиҳасининг 16-моддасида юридик шахс мақомисиз тузилган касаба уюшмаси ҳам фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган.
Бироқ юридик шахс мақомисиз тузилган касаба уюшмасининг солиқ тўлаш ёки тўламаслик масаласи аниқ белгиланмаган. Шу боис ушбу масалага эътибор қаратиш лозим.
Авазхон Тўрахўжаев,
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси
юридик бўлим юристконсульти

– Лойиҳанинг 4-моддасида касаба уюшмасининг органи – касаба уюшмаси, касаба уюшмалари бирлашмасининг уставига мувофиқ, ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш ва ифода этиш, тегишли уставларда назарда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун ташкил этилган коллегиал органлиги назарда тутилган.
Шу сабабли 6-моддага касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принципларига коллегиаллик принципини (сўзини) киритишни таклиф қиламан.
Янги қонун лойиҳасининг 56-, 51-моддасида касаба уюшмаси органлари ходимларини кафолатлари ҳамда касаба уюшмаси инспекциянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган бўлиб, меҳнат қонунчилиги ­бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан тақдимнома киритиш ваколати берилган.
Лекин ҳозирда қонунчилигимизда касаба уюшмаси ходимларини иш берувчилардан ҳимоя қилиш ёки уларнинг иш фаолиятини бажаришда тазйиқ ўтказилгани ва уларнинг иш фаолиятига аралашгани ­бўйича ҳеч қандай маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилмаган.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКга касаба уюшмасига аъзолик қилиш, касаба уюшмаси ходимларини иш берувчилардан ҳимоя қилиш ёки иш фаолиятини амалга оширишда иш берувчи томонидан тазйиқ ўтказилгани, уларнинг иш фаолиятига аралашгани юзасидан жавобгарликка тортиш масаласини киритиб, маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатини касаба уюшмасига бериш ёки ушбу масала юзасидан тегиш­ли ҳужжатларни расмийлаштириб, суд­­га мурожаат қилиш ҳуқуқини белгилаш лозим.

Қизғин савол-жавоблар, фикр-мулоҳазаларга бой руҳда ўтган муҳокамада «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонун ­лойиҳасининг айрим бандлари юзасидан иштирокчилардан аниқ таклифлар олинди.

«ISHONCH» мухбири Жамшид Эргашев ёзиб олди.

Бошқа хабарлар