Жаҳон сайёҳлик бозори сари

38

Пойтахтимизда «Gastro вazaar – 2019» I халқаро гастрономик фестивали бош­ланди. Туризмни ривож­лантириш давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкил этган ушбу фестивалда Ўзбекистоннинг машҳур рес­торанлари, қаҳвахоналари, пицериялари ва тамаддихоналари вакиллари иштирок этмоқда.

– Гастрономик туризм жаҳон сайёҳлик бозорининг энг жадал ва ривожланаётган туризм йўналиши сифатида тан олинган, – дей­ди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати бош мутахассиси Шерзод Султонов. – БМТнинг Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, саёҳатчиларнинг 79 фоизи гастрономик тадбирлар тақвими ва маҳаллий ошхоналарнинг хусусиятларини ўрганиб чиққандан сўнггина саёҳат режаларини тузади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, сайёҳлар умумий харажатларнинг тахминан 30 фоизини овқатланишга сарфлайди. Кейинги йилларда Ўзбекистон сайёҳлар томонидан нафақат дам олиш, табиатдан баҳраманд бўлиш, диққатга сазовор жойлар, урф-одатлар ва маданият билан танишиш, балки юртимизнинг мазали таомларидан татиб кўриш мақсадида энг кўп танланаётган мамлакатлардан бирига айланди. 2016 йилнинг 1 декабрь санасида «Ўзбек палови» ЮНЕСКОнинг «Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив» рўйхатига киритилиши ҳамда 2017 йилнинг 8 сентябрь кунида «Ўзбегим» миллий қадриятлар фестивалида 8 тонналик ўзбек паловининг пиширилиши ва унинг Гиннес Рекордлар китобига киритилиши ҳам миллионлаб одамларнинг Ўзбекис­тонга бўлган қизиқишининг ортишига сабаб бўлган эди. Қолаверса, хорижий мамлакатларда ўзбек рес­торанларининг сони ошиб бораётгани ҳам ўзбек ошхонасининг қанчалар шуҳрат қозонаётганини кўрсатиб турибди.
Фестиваль доирасида турли тадбирлар, маҳорат дарслари, учрашувлар ва туризм соҳасидаги тақдимотлар ҳамда кўнгилочар концерт дастурлари ўтказилиши режалаштирилган.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар