Меҳр-оқибат ва барака айёми

39

Шу йилнинг 11 август куни юртдошларимиз Қурбон ҳайитини кенг нишонлайди.

Президентимизнинг «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига асосан улуғ байрамга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу байрам бошқаларидан қай жиҳати билан афзал ва унинг моҳияти, маънавиятимиздаги ўрни қандай?

Қурбонлик – молиявий ибодат

Бу байрамнинг муҳим ва алоҳида ажралиб турадиган жиҳатларидан бири – қурбонлик қилишдир.
Бунда моддий имконияти етарли бўлган мўмин-мусулмон бир йилда бир маротаба бирор жонлиқ сўйиб, қурбонлик қилади. Бу ибодат айни шу кунларда амалга оширилади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвон нуқсонсиз бўлиши керак. Яъни, қурбонликка танланган ҳайвоннинг кўзи кўр, чўлоқ, ўта қари ёки касал бўлмаслиги зарур.
Манбаларда ёзилишича, бир ёшдан ошган қўй, қўчқор, эчки, серка бир оила учун, икки ёшдан ошган ҳўкиз, сигир уч оила учун, беш ёшдан ошган туя етти оила ҳисобидан қурбонлик қилиниши мумкин. Жонлиқнинг гўштлари, аввало, камбағал ва ночорларга, қўшни ва қариндош­ларга тақсимланади.
Қурбонлик барча мўмин-мусулмонга буюрилган. Баъзилар ҳар оиладан бир киши битта жонлиқни қурбон қилса етарли, деган фикрни билдиришади. Бу нотўғри. Барча намозни, рўзани ўзи учун тутганидек, моддий имконияти бор инсон қурбонликни ҳам ўзи қилиши керак.

Ҳам тан, ҳам мол имтиҳони

Ислом динининг муҳим беш амалларидан бири ҳисобланадиган ҳаж ҳам айни шу байрам арафасида амалга оширилади.
Бу ҳақда сўз юритилганда, юртдошларимиз учун кенг имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, бир неча йилдирки, Ҳаж ва Умра тадбирларининг ташкилий ишлари Президентимизнинг тавсия­лари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш, ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарор ва таклифлари асосида юқори савияда ташкил этилмоқда.
2016 йилда 5 минг нафар зиёратчи Ҳаж сафарига борган бўлса, 2017 йилдан буён уларнинг сони 2 минг нафарга кўпайиб, умумий кўрсаткич 7 мингга етди. Бу йил эса 7200 нафар юртдошимиз Ҳаж ибодатини адо этмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасаннинг билдиришича, ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил ҳожиларимиз сафар олдидан, Ватанда бўлиб турган пайтларидаёқ улуғ сафарга муносиб бўлиш мақсадида ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар ва аҳоли учун хайрия ёрдами сифатида ўз ташаббуслари билан 9 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатди.
Бу йилги зиёратчиларга юқори даражада хизмат кўрсатишни таъминлаш, Ҳаж ибодати билан боғлиқ амалларни тартибли адо этишни йўлга қўйиш мақсадида гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар учун сафаролди ўқувлари ташкил этилди.
Президентимиз ташаббуси билан Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ яна арзонлаштирилди.

Ҳожилар қурбонлик қиладими?

Қайд этилишича, Ҳаж сафарини адо этаётганлар ҳам ибодатлари вақтида жонлиқ сўйиши вожибдир.
Аммо ҳар бир ҳожининг ўзи бориб жонлиқ сўйишга имкони йўқ. Шунинг учун Ҳаж амалини адо этаётган юртдош­ларимиз рўйхатга олиниб, исмлари араб тилига ўгирилган. Ушбу рўйхат жонлиқларни қурбонлик қиладиган ташкилотларга берилган. Улар ҳар бир юртдошимиз исмини ўқиб, уларнинг номидан жонлиқ сўяди. Бу билан боғлиқ харажатлар ҳожиларимизнинг муборак сафар учун тўловида инобатга олинган.

Эзгуликлар байрами

Байрам кунлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида сайиллар бўлиб ўтади. Одамлар бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатиб, қавм-у қариндошлар ҳолидан хабар олиб, етим-есирлар, бева-бечораларга хайр-у эҳсон қилишади. Узоқ вақт кўришмаган дўст-у ёронлар учрашиб, бир-бирларини айём билан қутлашади.
Бу байрам қариндошлик, қўни-қўшнилик, қуда-андалик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳайитингиз муборак бўлсин!
Эзгу амалларингиз қабул бўлсин!

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар