ҚУРУВЧИЛАР БАЙРАМИ НИШОНЛАНДИ

119

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 августдаги «Ўзбекис­тон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ август ойининг иккинчи якшанбаси соҳа ходимлари куни этиб белгиланган. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги «Наврўз» тантаналар саройи­­да байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирга уста бинокорлар, меъмор ва лойиҳачилар, пудратчи ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари ва соҳанинг фидойи мутахассислари таклиф этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, транспорт вазири О.Раматов, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Зокиров мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларини табриклади.
Соҳани ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли бугун қурилиш индустрияси миллий иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим тармоқлардан бирига айлангани қайд этилди.
Азалдан халқимиз меъморчилиги нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун ­дунёда машҳур бўлган. Бу касб бизга аждодлардан мерос. Бугун юртимизга келаётган сайёҳлар ота-боболаримиз қурган муҳташам қадамжоларни томоша қилиб ҳайратланаётгани бежиз эмас. Сўнгги йилларда ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартирган бино ва иншоотлар бинокорлик борасидаги миллий анъаналаримиз давом этаётгани, соҳага замонавий билим ва таж­рибалар кенг татбиқ этилаётганидан далолат беради.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий, мод­­дий-техник базага, кадрлар салоҳиятига эга бўлган мазкур кўп тармоқли соҳа тараққиётимиз локомотивларидан бирига айланди.
Жорий йилда қурилиш соҳасида инвестиция лойиҳалари бўйича молиявий манбалар ҳисобидан 3 мингга яқин объект, жумладан, 447 мактабгача таълим муассасаси, 506 умумтаълим мактаби, 12 мусиқа ва санъат мактаби, 8 олимпия захиралари коллежи, 14 олий таълим ва 218 соғлиқни сақлаш муассасасида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, ёш оилалар учун қулайлик яратиш мақсадида арзон ва шинам уй-жойлар қуриш дастури амалга оширилаётир. 2019 йил давомида 351 массивда 15 минг 10 та арзон намунавий уй-жой қурилиши режалаштирилган.
Бу борада уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга, мудофаа вазирлиги ва миллий гвардия хизматчиларига, ички ишлар органлари ходимларига имтиёзли тарзда берилаётгани аҳамиятлидир. Шу билан бирга қабул қилган дастурларга асосан мамлакатимизда қурилаётган жами 399 кўп қаватли уй-жой йил якунигача ўз эгаларига топширилади.
– Қилаётган меҳнатингиз жамиятга фойда келтирса бундан олий бахт бўлмаса керак, – деди Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган «Сармоя қурувчи сервис» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Музроб Тошев. – Вилоятимизда бунёд этилган бино ва иншоотлар, аввало, халқимиз манфаати ва фаровон яшаши, юртимиз тараққиётига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Фаолиятим давомида кўп­лаб бино-иншоотлар қурилишида иштирок этдим. Ҳозир ўша ҳудудларда қад ростлаган биноларда яшаётган оилаларни, ўйнаб юрган болаларни кўрсам завқланаман. Биз, қурувчиларга кўрсатилаётган шундай эътибордан жуда хурсандмиз. Бу эса келгусида янада кўпроқ ғайрат билан меҳнат қилишга ундайди.
Тадбирда таниқли санъаткор ижросидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар