Тажрибалар таҳлил қилинди

46

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида «Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда фуқаролик жамияти ­институтларининг ўрни: Ўзбекис­тон касаба уюшмалари тажрибаси» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Респуб­лика кенгашлари ва ҳудудий бирлашмалар мутасаддилари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирокида ўтган семинарда Президентимизнинг жорий йил 31 июлдаги «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти, унинг ижросини таъминлаш ҳамда мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашишда касаба уюшмаларининг амалий тажрибаси таҳлил қилинди.
Давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлиги, яқин ҳамкорлиги ва ҳамжиҳат ишлашини таъминлаш, уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш касаба уюшмаларининг бу борада амалга ошираётган тизимли ишлари мисолида ўрганилди.
Семинарда таъкидландики, бугунги кунда одам савдоси ва мажбурий меҳнатдан жабрланганларнинг ватанга қайтиши ҳамда реабилитация қилинишига давлатимиз беғараз ёрдам кўрсатмоқда. Шу мақсадда тузилган Рес­публика реабилитация маркази уларга психологик, юридик ва тиббий жиҳатдан кўмаклашаётир.
Қолаверса, фармонга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш бўйича рес­публика идоралараро комиссияси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида эътироф этилди.
Семинарда ЕХҲТ техник кўмагида нашр этилган «Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича ­Дастуриламал принциплар» номли тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Қайд этилишича, ушбу қўлланманинг биринчи қисмида санаб ўтилган етти принцип ЕХҲТ минтақасида қўлланадиган халқаро меъёрлар асосида тузилган бўлиб, тўпламда ҳар бирининг ўрни ва аҳамияти аниқ баён этилган. Қўлланмада давлат органларида фуқаролик жамияти институтларига одам савдоси ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасига доир тегишли тавсиялар берилган.
Тўпламнинг иккинчи қисмида ушбу принциплар учун асос бўлган халқаро ҳуқуқий меъёрлар ҳақида атрофлича тушунчалар мужассамлашган. Қўлланма одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилишни яхшилашга кўмаклашишга даъват этади. Шу боис, ушбу нашр давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари учун муҳим манба ҳисобланади.

Аъзамжон АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар