Яшнаётган Шарғун

50

КЎМИРЧИЛАР ШАҲАРЧАСИ

Сурхондарёдаги Шарғун шаҳарчаси хусусида гап борганда кўпчиликнинг кўз ўнгида кўмир конлари гавдаланади. Ўтган асрда бу ерда кўмир кони очилиб, 55 та кўпқаватли уй, кўплаб хизмат кўрсатиш объектлари, маъмурий бинолар, мактаб ва боғчалар барпо этилди. Кўмирчилар шаҳарчасида четдан жалб қилинган мутахассислар билан ишлаш жараёнида маҳаллий аҳоли орасида ҳам шахтёрлар авлоди етишиб чиқди. Аммо аср охирида Шарғун шаҳарчаси бироз эътибордан четда қолди. Конларда иш сусайди. Таъминотдаги узилишлар ҳамда кўмирга харидорнинг камайгани сабабли иш ўринлари қисқариб, малакали мутахассислар шаҳарчани тарк этди.
«Шарғун кўмир» АЖ кейинги йилларда турфа ташкилотлар тасарруфига ўтди, бироқ маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошмади. Бу орада кўп қаватли уй-жойлар таъмирланмади, сув таъминоти издан чиқди. Уй-жойлар ва конга хизмат кўрсатувчи иморатларнинг бир қисми хусусийлаштирилди, қолганидан бошқа мақсадларда фойдаланилди. Бир сўз билан айт­ганда, ҳамма ҳавас қиладиган Шарғун шаҳарчаси илгариги файзини йўқотди.

КОННИНГ ИККИНЧИ БАҲОРИ

Президентимиз Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Шарғун кўмир конини қайта тиклаш ва шаҳарчани обод гўшага айлантириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берди. Аввало Шарғун конида 39993 минг тонна кўмир захираси борлиги аниқланди. Айни пайтда бу ерда «Ўзбекистон темир йиллари» АЖ ҳамда Хитойнинг «Эксимбанки» ажратган маблағ ҳисобига кенг кўламли қайта тиклаш ишлари бажарилмоқда. Улар якунига етгач, конда йилига 900 минг тонна кўмир қазиб олиш йўлга ­қўйилади. Шунинг ҳисобдан 600 та янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, 150 нафар кишига мўлжалланган иш ўрнини очиш эвазига 2019-2020 йилларда йилига 500 минг тонна брикет ишлаб чиқариш ташкил этилади. Бу ерда йилига 200 минг тонна кўмир брикетини саралаб, қопларга жойлаштириш имкониятига эга асбоб-ускуналар ўрнатиш режалаштирилган. Конда йилига 300 минг тонна фаоллаштирилган кўмир ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйи­лиш арафасида. «UZ CARBON CHEMICALS» МЧЖ 1,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ­маблағ сарфлаб, 60 нафар кишини иш билан таъминлашни мақсад қилган.
Мутахассисларнинг эътироф этишича, пишиқ ғишт ишлаб чиқариш учун Шарғун атрофида 23,882 миллион куб метрлик табиий хомашё захираси бор. Шу боис, 2019-2020 йилларда хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар ­маблағини жалб этиш орқали йилига 100 миллион дона пишиқ ғишт ишлаб чиқариш режалаштирилаяпти.
Шарғун конида 5, 128 миллион тонна оҳактош захираси ҳам мавжуд. Бу ер ости бойлигидан унумли фойдаланиш мақсадида 2019-2020 йилларда йилига 100 минг тонна оҳак ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Кўмир конига туташ тепаликларда 17,148 миллион тонна гипс ва ангидрит захираси борлиги ҳам аниқланган. Бу эса йилига 50 минг тонна қурилиш гипси ишлаб чиқариш имконини беради.
Бундан ўн-ўн беш йил муқаддам сариосиёлик деҳқонлар ғалла ва пахта етиштириладиган майдонларига фосфорит ўғитини солиб, мўл ҳосил етиштиришганда бошқа туманларнинг деҳқонлари ҳавас қилиш билан бирга Сариосиё тоғларида фосфорит конлари борлигига шубҳа билан қарашган эди. Бугунги кунга келиб Шарғун атрофида 9,2 миллион тонна фосфорит захираси мавжудлиги маълум бўлди. Тез орада бу ерда «FOSFORITE CHEMIKAL» МЧЖнинг 6 миллион АҚШ долларли маблағи ҳисобидан 30 нафар кишини иш билан таъминлайдиган корхона очилиб, йилига 80 минг тонна фосфорит минерал ўғитини ишлаб чиқарилади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мутахассислар кўмир конларига туташ жойларда 357,5 тоннадан зиёд кумуш хомашёси захирасини аниқлашган. Энди бу табиий бойликни қазиб олиб, халқ хўжалигини ривожлантиришда фойдаланиш зарур. Шарғун шаҳарчаси ёнидаги бўш жойларга янги корхона барпо этилиб, йилига 10 тонна кумуш хомашёсини қазиб олиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилаётир. Шу тариқа Шарғун ўзининг иккинчи яшариш даврига қадам қўйилаётир.

ОСТОНАДАН БОШЛАНГАН БУНЁДКОРЛИК

Албатта, ер ости бойликларини қазиб олиш, улардан халқ хўжалигига зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга. Аммо ишчи-хизматчиларга иш унумининг юқори бўлиши учун биринчи галда қулайликлар яратиш зарур. Шу мақсадда Шарғун шаҳарчасида «Обод маҳалла» дастурига мувофиқ кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Барча кўп қаватли уйлар мукаммал таъмирланиб, том қисми замонавий тунука ва шиферлар билан ёпилаяпти.
Насос ва қувурларнинг эскиргани натижасида юқори қаватдаги хонадонларга сув чиқмай қолганига кўп вақт бўлган эди. Канализация тармоқлари яроқсиз аҳволга келган, ертўлаларга оқава сувлар тушиб, ҳамма ёқни чивин ва пашша босиб ётарди. Ҳозирда кўп қаватли уйларнинг сув ва канализация тармоқлари бутунлай янгиланмоқда. Бунинг учун шаҳар ҳудудида 16,6 километр узунликдаги канализация қувурлари тортилаяпти. 11,7 километр узунликдаги ичимлик суви қувурларини ўрнатилмоқда. Кўп қаватли уйларни узлуксиз сув билан таъминлаш мақсадида янги сув йиғиш ва сақлаш омбори қурилмоқда. Хонадонларни электр қуввати билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида эски ёғоч симёғочлар темир-бетон устунлар билан алмаштирилаётир. 30 та оилага мўлжаллаб қурилаётган янги уйлар ва янги бозор ҳам шаҳарча қиёфасига ўзгача манзара қўшиши шубҳасиз.
Шарғунда яшайдиган аҳоли фарзандлари спорт билан мунтазам шуғулланиши учун «Шахтёрлар» ўйингоҳи қайта қурилиб, унинг базасида янги БЎСМ ишга тушди. Айни пайтда бу ерда ташкил қилинган тўгаракларда ёшлар футбол, бокс, стол тенниси, волейбол, баскетбол, гимнастика билан шуғулланишаяпти.
150 ўринли касалхона замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари билан жиҳозланиб, тажрибали кадрлар билан таъминланмоқда. Эндиликда шаҳарчада 80 ўринли перинатал марказ ҳам фаолият юритади. Шахтёрларга тиббий хизмат кўрсатадиган поликлиника ва хусусий клиника, диагнос­тика марказлари ҳам қурилмоқдаки, тез орада шарғунликларнинг бошқа жойлардаги тиббиёт муассасаларига боришига ҳожат қолмайди.

ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

Аҳолининг маданий дам олиши, китоб ўқиши учун шаҳарчада 250 ўринли маданият ва дам олиш маркази қурилаётгани, янги кутубхоналарнинг ташкил этилаётгани эса хайрли ишларнинг кўламини янада кенгайтирмоқда. Шарғундаги 1176 нафар ўқувчига мўлжалланган 5-умумтаълим мактаб биноси сифатсиз ва чала қурилган эди. «Обод маҳалла» дастури доирасида ушбу мактабни мукаммал таъмирлаш учун 8 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда мактабда таъмирлаш ишлари қизғин суръатда.
Шаҳарчадаги 60-умумтаълим мактаб биноси ҳам мукаммал таъмирланмоқда. Келажакда мактаб ҳудудида замонавий спорт зал ва қўшимча синфхоналар қурилади. Шарғунда мактабгача таълим муассасаларини мукаммал таъмирлаш ва янгиларини қуришга ҳам алоҳида эътибор берилаётир. Чунки тараққиёт асосини илм ва маърифат белгилашини бу ердагилар жуда яхши билади.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар