ПОЙТАХТДА ИЛК БОР ҚУРЪОН ҚЎЛЁЗМАЛАРИ НАМОЙИШИ

54

«Ўзбекистон – буюк йўллар ва тамаддунлар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар» маданий мерос ҳафталиги қатнашчилари Ислом цвилизацияси марказига ташриф буюрадилар. Шу жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига ташриф давомида дунёдаги илк Қуръон қўлёзмалари – Усмон Қуръони, Катта Лангар Қуръони нусхаларини кўришга муваффақ бўладилар…

Усмон Қуръони бузоқ терисига битилган бўлиб, муқаддас китобнинг илк қўлёзмаси саналади. Барча мусулмон олами вакиллари учун табаррук бўлган мазкур муқаддас китобни кўриш учун ҳар йили Тошкентга дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб тақводорлар ҳамда сайёҳлар ташриф буюрмоқда.

 Машҳур Катта Лангар Қуръони ҳам ислом дини ва барча мусулмонлар учун катта оламшумул аҳамият касб этади. Бу қадимий китоб бутун инсониятнинг мероси ҳисобланувчи маданий ва тарихий бойликлар қаторига киритилган.

 Экспертларнинг фикрича, Катта Лангар Қуръони қўлёзмасининг умумий ҳажми 206 саҳифа бўлиб, бугунги кунгача ундан деярли ярми – 97 та саҳифаси сақланиб қолган. Қуръон саҳифаларининг 81 варағи Россияга бориб қолган ва Қўлёзмалар институтида (РАН) сақланади. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қўлёзманинг 16 варағи Ўзбекистонда сақланмоқда. Айни вақтда бу нодир қўлёзманинг деярли ярмининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

   Шу муносабат билан ЎзЭОАВМА «Sevimli TV» телеканали ҳамда ВВС ўзбек хизмати билан ҳамкорликда афсонавий Қуръоннинг йўқолган саҳифаларини излаб топишга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда. Бу борада “Катта Лангар Қуръони: афсона ва ҳақиқатлар” мавзусида давомли ҳужжатли фильмлар сериали ҳам тасвирга олинди. Унинг тасвирга олиш ишлари Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида ҳамда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида олиб борилди. Фильм лавҳалари Қуръон саҳифаларининг асосий қисми қандай қилиб Санкт-Петербургга бориб қолганини аниқлаштирувчи тарихий лаҳзаларни очиб беради. Шу жумладан, бу ҳужжатли фильмда Араблар қишлоғида яшовчи оқсоқоллар ва маҳаллий аҳоли хотиралари, Катта Лангар Қуръони билан боғлиқ афсона ва ҳақиқатлар ҳикоя қилинади.

Лойиҳа доирасида 30 та 15 дақиқалик фильм тасвирга олинган. Жорий йил Рамазон ойида «Sevimli TV» телеканалида ва “Би-Би-Си” ўзбек хизмати веб-сайтларида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Айни шу фильмнинг умумлаштирилган талқини ҳам маданий мерос ҳафталиги иштирокчиларга намойиш этилади.

Маданий мерос ҳафталигининг яна бир ёрқин лаҳзаси

 Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш  стратегияси” деб номланган xалқаро конференция арафасида бўлиб ўтадиган  “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳасида: империя, дин, маданият”  деб номланган  маданий мерос  ҳафталигининг аҳамиятли ва ёрқин тадбирларидан бири – бу иштирокчиларнинг Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташрифи бўлади, деб бемалол айта оламиз.

40 дан зиёд давлатдан ташриф буюрган маданий мерос ҳафталиги иштирокчилари ва улар қаторида дунёга машҳур олимлар томонидан томоша қилиш мақсадида ҳали қурилиши битмаган объектнинг танланиши бежиз эмас.

Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори талабидан келиб чиқиб пойтахтимизда қурилаётган мазкур марказ улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда бутун маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки бўлиб, бу бебаҳо бойлик янги ва янги авлодлар учун донишмандлик ва билим манбаи, энг муҳими, янги кашфиётлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Ажойиб марказ Ўзбекистоннинг юзи ҳисобланади. Шу сабабли уни қуриш жараёнида фойдаланиладиган материалларга  алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қурилиш одатий андаза ва  лойиҳалардан воз кечган ҳолда, янги шакллар ва янги дизайн асосида олиб борилаётгани билан ажралиб туради.

Ислом цивилизацияси маркази ўз моҳиятига кўра Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Марказнинг янги биноси ва илмий мажмуанинг қурилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан 2017 йил декабрь ойида бошланди.

Марказ олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, унинг таркибида академия, Ислом санъати музейи, мамлакатимизда ва хорижда сақланаётган қадимги ноёб қўлёзмалар, литографик китоблар, буюк алломалар ва дин арбоблари қолдирган тарихий ҳужжатлар, шунингдек, ушбу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқотлар билан бойитиладиган фонд бўлиши назарда тутилган.

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch

Бошқа хабарлар