“CАНОАТҚУРИЛИШБАНК”ДА “АЁЛЛАР КЛУБИ” ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

48

      Бугун Давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1405 нафар хотин-қиз раҳбар сифатида фаолият олиб бормоқда.

      Соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва спорт соҳасида 82,6 фоиз, таълим, санъат ва маданият соҳаларида 72,1 фоиз, қишлоқ ҳўжалигида 45,5 фоиз, саноатда 38,5 фоиз, қурилишда эса 8 фоиз аёллар фаолият юритмоқда. Ўтган қисқа даврда хотин-қизлар борасида Президентимизнинг 2 та фармон, 2 та қарори қабул қилинди ҳамда улар асосида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

    Аммо ҳукумат даражасида катта эътибор қаратилаётган, ҳуқуқий асос етарли  бўлишига қарамасдан ижродаги ишлар, натижадорлик етарли даражада эмас. “Саноатқурилишбанк”нинг “Аёллар клуби” ташкил этилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова бу ҳақда сўз юритди.

      Маълум бўлишича, “Саноатқурилишбанк”  раҳбарияти қўмитага банк тизимида хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, етакчилик қобилиятини кучайтириш, сиёсатчи, раҳбар ва жамоат арбоблари сифатида ўзларини намоён қилиш ҳамда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлардаги фаоллигини ошириш мақсадида “Аёллар клуби”ни ташкил этиш ташаббуси билин чиқди. Хотин-қизлар қўмитаси эса бу ташаббусни қўллаб-қувватлади ва мазкур соҳада ишлаётган аёлларга уларни қизиқтирган “Оила психологияси ва фарзанд тарбияси”, “Ташкилотда гуруҳдан жамоага айланиш босқичлари”  каби мавзуларда малакали мутахассисларнинг тренинг ва маърузаларини ташкил этишда ёрдам кўрсатмоқчи. “Аёллар клуби”нинг очилиш тадбиридан кейин банк ходимлари учун  бир соатлик илк тренинг ўтказилди. Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзлари учун кўплаб фойдали маълумотлар олганлигини эътироф этишди.

Зебо НАМОЗОВА,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар