Ҳуқуқ ва мажбуриятлар аниқ бўлсин…

41

«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуни лойиҳасида касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари бўлган фуқароларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи ва касаба уюшмаларини тузиш, фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш, уларнинг асосий ҳуқуқ ва кафолатлари, мулкий ҳуқуқлари, мол-мулкини тасарруф этиш билан боғлиқ нормалари амалдаги қонунга нисбатан кенгроқ ёритилганини таъкидлаш жоиз.

Қолаверса, касаба уюшмаларининг тузилиши, мақоми, касаба уюшмаларини қайта ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш, иш берувчи сифатида фаолияти, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, ташкилот, муассаса, давлат, нодав­лат, хорижий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан муносабатлари, ижтимоий меҳнат муносабатларини тартибга солишда ишчи-ходимлар билан иш берувчиларнинг давлат манфаатларини уйғунлаштиришдаги иштироки, жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги фаолияти билан боғлиқ янги меъёрлар жорий қилинган. Улар касаба уюшмаларига дахлдор меъёрий ҳужжатларда олдин ҳам мавжуд эди. Эндиликда ушбу муносабатларни қонун билан тартибга солиш орқали улар умуммажбурий меъёрларга айлантирилмоқда.
Қонун лойиҳасининг 5- ва 9-моддаларида мус­тақил меҳнат қилиш ёшига етмаган, ўн беш ёшдаги шахсларнинг ҳам олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан кириши белгиланган.
Фикримча янги қонун лойи­ҳасининг 6-моддасидаги касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принцип­ларидан ҳисобланган «камситишга йўл қўймаслик», деган жумла «камситишга ва таъқиб этишга йўл қўймаслик» деб тўлдирилса, айни муддао бўлар эди.
Муҳокама этилаётган қонун ­лойиҳасининг 10-моддасида касаба уюшмаларининг фаолиятига аралашиб, уларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган ёки уларни амалга оширишда тўсқинлик қиладиган бирон-бир ҳужжатни талаб қилиш тақиқланган. Бу, ўз навбатида, касаба уюшмаларининг эркинлигини янада ишончлироқ таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу лойиҳанинг 16-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, иш берувчиларнинг раҳбарлари касаба уюшмасини, уларнинг бирлашмаларини тузишга ташаббускор бўлиши, улар касаба уюшмаларининг аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги меъёр киритилган. Уларни касаба уюшмаларининг аъзолари бўлишини ман қилиш эмас, балки давлат ҳокимияти ва башқаруви органлари, иш берувчиларнинг раҳбарлари, шунинг­дек, уларнинг вакиллари касаба уюшмалари органларининг (қўмита, кенгаш, раёсат ва ҳоказо) аъзолари бўлишининг тақиқланиши мақсадга мувофиқдир. Чунки корхона раҳбари ҳамда иш берувчи вакиллари ҳисоб­ланган бошқа мутасаддилар (раҳбар ўринбосарлари, бош­қарма ва бўлим бошлиқлари) уларни ушбу лавозимга тайинлаган (меҳнат шартномасини тузган) иш берувчилари олдида ходим ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, амалиётда корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари лавозимида ишлаган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳам касаба уюшмалари кўмагида ҳимоя қилинмоқда ва улар касаба уюшмасига аъзолик бадалларини тўлаб келаётир.
Қонун лойиҳасининг касаба уюшмаларининг меҳнат ва ижтимоий ривожланиш соҳасида қонунлар ва бошқа меъёр-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқини белгиловчи 30-моддасига меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги меъёр-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда, албатта, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ёки тармоқ касаба уюшмаси билан келишиш шартлиги тўғрисидаги меъёрни бош­қарув органлари томонидан киритишни таклиф қиламан.
Илгари амалиётда бюджет ташкилотларининг смета-штат жадвалларини тузишда қабул қилинган айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Меҳнат кодекси талабларига, айниқса, иш вақти ва меҳнатга ҳақ тўлаш меъёрларига мос келмаслиги сабабли айрим муаммолар келиб чиқиш ҳолатлари учраб турарди. Жумладан, қонун асосида меҳнат муносабатларини юритган иш берувчиларнинг ҳаракатлари мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бузиш ва бюджет маблағларини растрата қилиш сифатида баҳоланиб, ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган вақтига ва ишдан ташқари ишлаган даврлари учун ҳақ тўланмай қоларди.
Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида узлуксиз фаолият кўрсатадиган иш жойларига штатлар сони ўқувчилар, беморлар, ўринлар сони билан боғлиқ тарзда белгиланади. Ходимлар жадвал бўйича, навбат билан ишга жалб этилади. Оқибатда ходимлар қонунда белгиланган вақтдан бир ярим, икки ҳисса кўп ишлатилса-да, амалда бир ҳисса маош тўланади. Қонунда белгиланган меъёрий юмуш вақти учун бундай иш жойларига 4,2 ва 4,6 штат бирликлари зарур бўлади. Барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар касаба уюшмалари билан келишилган ҳолда қабул қилинса, қонун устуворлиги таъминланарди.
Қонун лойиҳасининг 56-моддасида касаба уюшмаси раҳбари ҳисобланган ва ишлаб чиқаришдаги фаолиятидан озод этилмаган ходимларга интизомий жазо бериш, улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш, шунинг­дек, касаба уюшмаси раҳбарлик лавозимини эгаллаган ходимлар билан ваколатлари тугаганидан кейин икки йил давомида тегиш­ли касаба уюшмаси бирлашмасининг розилигини олмай туриб иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Ушбу меъёрда касаба уюшмасининг қайси (туман, шаҳар, тармоқ, вилоят, республика) бирлашмасидан розилик олиниши аниқ белгиланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ушбу моддада касаба уюшмаларининг вакиллик органларига сайланган ходимларга тегишли иш (лавозим) бериш имконияти бўлмаган тақдирда улар қонунлар ёки жамоа шартномалари, келишувларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланиши тўғрисида меъёр белгиланган. Аммо имтиёзлар нималардан иборатлиги аниқлаштирилмаган. Менимча, мазкур моддада касаба уюшмаларининг вакиллик органларига сайланган ходимларга аввалги ишини (лавозимини) бериш имконияти бўлмаса, унга тенг келадиган ­бошқа (лавозим) билан таъминлаш мажбуриятини белгилаш, яъни шу ва бошқа турдош корхона ёки бандликка кўмаклашиш маркази орқали ишга жойлаштириш чоралари кўрилиши ва иш билан таъминлангунга қадар ходимнинг олдинги лавозими бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинишини белгилаш лозим.
Амалиётда асосий ишдан озод қилинган ёки четлатилмаган бўлса-да, касаба уюшмаси таркибига сайланган, раҳбарлик лавозимини эгаллаган ходимлар томонидан иш берувчи манфаатларини кўзлаган ҳолда ўз мажбуриятини бажармаслик ёки ишчи-ходимлар манфаатларига зид ҳаракатлар содир қилиш ҳолатлари учраб туради. Бундай ҳолатлар ходимларнинг мурожаатларини ўрганишда меҳнат низоларини судларда кўришда юзага чиқади. Касаба уюшма мажлисларини ўтказмасдан иш берувчи манфаатларига хизмат қилувчи ҳужжатларни (баённома, қарор) расмийлаштириб бериш, ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилиниши асоссиз ёки ноқонуний эканини била туриб, уни иш берувчи ташаббуси билан бекор қилишга розилик бериш, иш берувчи номидан ходимга нисбатан айблов ҳужжатларини расмийлаштириш каби ҳаракатлар шулар жумласидан бўлиб, бундай касаба уюшмаси фаолларига нисбатан таъсирли чора кўриш механизми йўқ. Қонун лойиҳасининг 64-моддасида касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатилган. Лекин ўша тартиб қаерда ва қайси қонунда белгилангани кўрсатилмаган.
Бундан ташқари, амалиётда, иш берувчилар томонидан касаба уюшмаларининг сўров хатлари ва тақдимномаларини кўриб чиқмаслик ва зарур ҳужжатлар билан ахборотларни тақдим қилишдан бош тортиш ҳолатлари учраб туради. Бундай ҳолларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат ҳуқуқи инспекциясига иш берувчиларга маъмурий чора кўриш ҳақидаги қилинган мурожаатлар жавобсиз қолдирилмоқда. Бунга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда касаба уюшмалари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмагани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Шунга кўра, мазкур қонун лойиҳасида касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳисобланишини эътироф этиш ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга касаба уюшмалари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик киритилиши ўринли бўлар эди.
Қонун лойиҳасида касаба уюшмаси аъзосининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаш зарурати бор. Чунки касаба уюшмалари Уставида белгиланишича, аъзо касаба уюшмаси ёрдамидан фойдаланиш, унинг ҳимоясида бўлиш ҳуқуқларига эга. Олти ой аъзолик бадалини тўламаган ходим аъзоликдан чиқарилган ҳисобланади. Лекин касаба уюшмаларига аъзолигидан қатъи назар, айрим ишчи-ходимларнинг манфаатлари ҳимоя қилинмоқда. Аъзолик бадалини тўлашдан бош тортиб тўхтатганига қарамай корхона касаба уюшмаси ҳимояси ва ёрдамидан фойдаланаётганлар бор. Ҳар қандай субъект молиявий таъминотсиз ҳаракат қила олмайди. Касаба уюшмаларининг молиявий таъминот манбаи эса аъзолик бадалларидир.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, айрим давлат молия­-назорати органлари бюджет корхоналарида ўтказилаётган текширувларда ходимларнинг аъзолик бадалларини корхона бухгалтерияси орқали ушлаб қолишда ҳар ой тўлаган аъзолик бадали учун ёзма аризасини талаб қилиб, Меҳнат кодексининг 164-моддасидаги «фақат ходимнинг ёзма розилиги билан иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин», деган меъёрга таянган ҳолда иш берувчи ва бухгалтерия ходимларига муаммолар туғдирмоқда. Баъзи корхоналарда эса аъзолик бадалини бухгалтерия орқали ушлаб қолиш ва ўтказиб беришдан бош тортиш ҳолатлари ҳам учраётир. Шу боис касаба уюшмасига аъзолик ихтиёрий, лекин бадалини тўлаш мажбурийлиги қонун билан белгилаб қўйилса, бу каби муаммоларга чек қўйилган бўлар эди.

Пўлат ТУРСИНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари билашмаси юридик бўлими мудири

Бошқа хабарлар