Миннатдорлигимизнинг чеки йўқ

26

Шу йилнинг июлида набирам Заринахон Бухоро туманидаги ­«Бунёдкор» болалар оромгоҳида дам олиб қайтди. Таассуротлари бир олам.

Шодлиги ичига сиғмай, у ерда нималар қилгани, нималарни ўргангани, оромгоҳда орттирган ўртоқлари билан қандай ўйинлар ўйнагани ҳақида бийрон-бийрон сўзлаб берди. Бухоро шаҳридаги 42-мактабда ўқийдиган, сентябрдан 2-синфга борадиган жажжигина набирамнинг гапларини эшитиб, қарамоғида шу қизалоғ-у ногирон ўғли бўлган, эллик бешни қоралаган мендек кишининг ҳам қалби фахр-ифтихорга тўлади.
Ҳаммасини бир бошдан айтиб берсам. Учаламиз «Навоий» маҳалласида яшаймиз. Ўзим қоровулман. Эҳтиёж­манд оила бўлганимиз учун маҳалла-кўй, теварак-атрофдаги турли саховатпеша ташкилотлар бизга тез-тез кўмак бериб туришибди. Шу боис, бир куни хаёлимга «Мана, набирагинам ёзги таътилга чиқди. Уни биронта оромгоҳга юборсаммикин… Қани, касаба уюшмасидан ёрдам сўрай-чи…» деган фикр келди. Шундай ўй билан вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига бордим. Ниятимни айтувдим, бу масалани тезда ҳал қилиб беришди. Мутасаддилар «Эмил парранда кластер» ­МЧЖга қарашли оромгоҳга бепул йўлланма олишга кўмаклашишди.
Набирам у ерда ўн икки кун бўлди. Соғинганимдан кўргани икки-уч марта бориб келдим. Оромгоҳдаги ­шароитлар ҳам айни болаларбоп экан. Янги, кўркам сув ҳавзаси, спорт майдончалари, мўъжазгина ҳайвонот боғи, кутубхона, масканни ўраган қуюқ дарахт­зорни айтмайсизми! Кунора оқшом чоғи бу ерда мусиқий дастур бўлиб, болажонлар ўйин-кулги қилишар экан. Заринанинг айтишича, қўғирчоқ театри уч-тўрт марта томоша қўйибди. Етакчи опалари уларга эртаклар ўқиб беришибди, расмлар чиздиришибди, шеърлар, турли ­ўйинлар ўргатишибди.
Ўзим оромгоҳнинг иккинчи мавсуми очилиш ва ёпилиш маросимларида қатнашдим. Бу тадбирларда Зарина турли ёшдаги ўртоқлари билан гулхан атрофида айланиб, биргаликда қўшиқ куйлади. Бола эмасми, оромгоҳдан қайтганидан кейин гоҳида яна ўша ёққа юборинг, деб ҳол-жонимга қўймайди.
Буларни айтишимдан мақсад, аввало, шукрона қелтириш. Шундай юртда яшаётганимиз учун, диёримизда ҳеч ким эътибордан, ғамхўрликдан четда эмаслиги учун. Шундай экан, биз каби кам таъминлаган оилаларнинг фарзанд­ларига тўла-тўкис шароитлар муҳайё эканидан ҳар қанча миннатдор бўлсак, арзийди.

Азиз САИДОВ

Бошқа хабарлар