Намунавий дастур асосида

21

Мамлакатимизда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси доирасида иш самарадорлигини ошириб бориш мақсадида тарбияси оғир, жиноятчиликка мойиллиги бор, ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган, афв этилган, Ёшлар иттифоқининг кафиллиги асосида суд залидан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш орқали озод этилган ёшларни жамиятга мослаштиришни таъминлаш борасида тегишли чора ва тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Кенгаши, Ички ишлар вазирлиги, Касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда, ички ишлар идораларида ҳисобда турувчи вояга етмаганлар учун тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилди. Айни пайт­­да Нукус шаҳрининг сўлим гўшаларидан бирида жойлашган «Жас аў лад» болалар дам олиш марказида 50 нафар бола ҳам тарбия олиб, ҳам соғломлаштирилмоқда.
Ушбу мақсадда охирги навбатда ҳордиқ чиқараётган болалар учун ҳамкор ташкилотлар билан намунавий кун тартиби ишлаб чиқилди. Унда ҳуқуқий саводхонлик, ватанпарварлик, китобхонлик, ёшларни санъат турларига қизиқтириш, соғлом руҳият, компьютер саводхонлиги ва интернетдан фойдаланиш маданияти ҳамда болаларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасидаги қобилиятини намоён этиш каби тадбирлар рўйхатга киритилди. Барча шароитлар муҳайё этилган марказда кутубхона, чўмилиш ҳавзаси, спорт майдончаси дам олувчилар ихтиёрида.
– Болаларни соғломлаштириш билан боғлиқ барча ишлар масъулияти зиммамизда, – дейди тажрибали шифокор Элъмира Қайпназарова. – Саъй-ҳаракатларимиз туфайли мавсум давомида оромгоҳимизда болалар соғлиги билан боғлиқ муаммо юзага чиққани йўқ.
Охирги навбатда дам олаётган болажонларни соғломлаштириш ва таассуротларга бой лаҳзалар билан кўнгилларини хушнуд этиш мақсадида етакчилар, спорт мураббийлари, тўгарак раҳбарлари ­дастурда белгиланган тадбирларни вақтида ўтказмоқдалар. Қизиқарли учрашувлар, суҳбатлар, психологик тестлар, амалий машғулотлар, интерактив дарслар, шунингдек, «Қилни қирқ ёриб», «Заковат» каби интеллектуал ўйинлар ташкил этилаётир. Тарбияланувчиларимизнинг маданий-маърифий дастурларимиздан олаётган таассуротлари бир олам. Айниқса, замонавий рақс турлари бўйича ўтказиладиган маҳорат дарс­лари барчага манзур бўлмоқда.

Муса АЛЪЖАНОВ,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон кенгаши
бўлим бошлиғи

Бошқа хабарлар