Қувончга йўғрилган онлар

41

Хоразм вилоятида 2018 йил ёзги мавсумда жами 33 та болалар оромгоҳида 11500 нафарга яқин болалар дам олдирилган бўлса, жорий йилда 36 та оромгоҳда 15 000 нафарга яқин ўғил-қизнинг мароқли ҳордиқ чиқаришига эришилди. Муассасаларнинг барчаси стационар шароитда фаолият олиб бориши таъминланди.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси оромгоҳлардаги шароитлар, ўтказилаётган тадбирлар мазмун-моҳияти, санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиниши, болаларнинг тўғри овқатланишини ташкил қилиш, тиббиёт, ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги ходимларининг доимий ­навбатчилиги тўғрисидаги маълумотларни мунтазам мониторинг қилиб борди. Болаларнинг таътилни мароқли ўтказишларига эришиш, уларнинг ­дунёқарашларини шакллантириш, иқтидорларини рўёбга чиқариш, соғлом вояга етишларига кўмаклашиш ҳамда Президентимиз илгари сурган бешта ташаббус ушбу мақсадларимизни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилди.
Ҳар бир оромгоҳда болалар учун тикувчилик, тўқувчилик, дурадгорлик, амалий санъат, спорт, рақс, мусиқа, чет тиллари ва бошқа тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Белгиланган режа асосида маданий тадбирлар, спорт мусобақалари, турли танловлар, ижодкорлар, спортчилар билан учрашувлар, диний-маърифий мавзуларда суҳбатлар ташкил қилинди.
Оромгоҳларда кун эрталабки бадантарбия машқларидан бошланди. Қолаверса, шахмат-шашка, футбол, волейбол, баскетбол, югуриш каби спортнинг ўнлаб турлари бўйича ташкил қилинган мусобақалар болаларнинг жисмоний фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ичан қалъа, Жалолиддин Мангуберди, «Авесто» боғ-мажмуалари, шунингдек, туманлардаги маданият ва истироҳат боғларига ташкил қилинган саёҳатлар ҳам болаларда олам-олам таассурот қолдирди.
Дам олувчиларнинг тўғри овқатланишига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир мавсумда болалар витаминларга бой таомлар билан сийланди. Бир сўз билан айтганда, оромгоҳдаги ҳар бир кун файзли, мароқли, таассуротларга бой тарзда ўтди.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Сумча» болалар оромгоҳида 1250 нафар, Қашқадарё вилоятидаги «Лочин» болалар оромгоҳида 250 нафар бола бепул дам олдирилгани ҳам ота-оналарга, ҳам болажонларга қувонч бағишлади.

Алишер САЛАЕВ,
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари
бўлими бошлиғи

Бошқа хабарлар