Таътилдан ёрқин хотиралар

181

Комила Ғофиржонова Андижон шаҳридаги 24-мактабнинг аълочи ўқувчиларидан. Яқинда «Энергетик» болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳордиқ чиқариб қайтган Комила янги ўқув йилига юқори кайфият, шашт-у шижоат билан тараддуд кўряпти. Унинг айтишича, бу йилги таътил ҳар қачонгидан мароқли ўтди, мактабда янада яхши ўқиши учун куч берди.

Вилоятдаги 14 та болалар оромгоҳида тўртинчи ­навбатда 2 мингдан зиёд ўғил-қизлар завқ-шавққа тўлган ҳолда ҳордиқ чиқардилар. Ўқувчиларда кундалик режа-тадбир болалик хотиралари билан уйғунлашиб, бир умр ёддан чиқмайдиган таассуротлар қолди.
Осиё цирклари ассоциацияси Андижонда гастрол сафарида юрган кунлари вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси фаоллари вазиятдан унумли фойдаланди. Цирк артистлари оромгоҳларда ҳордиқ чиқараётган болалар ҳузурига таклиф этилди. Уларнинг ранг-баранг, ҳайратомуз томошалари кимга ёқмайди дейсиз?
Муҳаммад Юсуф номидаги адабиёт мактаби ўқувчиларининг дам олувчилар даврасидаги адабий чиқишлари навқирон авлод вакилларини шеъриятга яхши китоб­ларга ошно этган бўлса, Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида очилган Ҳайвонот боғига уюштирилган саёҳатлар унутилмас кечинмаларга бой бўлди.
– «Бешариқ» оромгоҳида бош етакчи сифатида ишлаб нафақат ­тажриба орттирдим, балки ўзим ҳам анча ёшаргандек бўлдим, – дей­ди Шаҳрихон туманидаги 51-мактаб ўқитувчиси Пўлатжон Бойназаров. – Мавсумда ўқувчиларнинг кўнглини олишга, вақтини фойдали машғулотлар билан банд қилишга ҳаракат қилдик. Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан ташкил этилган ноанъанавий тадбирлар эса болалар томонидан илиқ кутиб олинди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар