АЙБ КИМДА: АХБОРОТ МАНБАСИДАМИ ЁКИ ТАРҚАТУВЧИДА?

39

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ИИББ ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан аёллар орасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича резолюция имзоланиши билан боғлиқ ҳолат кўпчиликнинг баҳс-мунозарасига сабаб бўлди. Мазкур резолюцияда ҳар бир фуқаролар йиғинида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис ҳамда профилактика инспектори томонидан ҳудудда яшовчи хотин-қизларнинг 23 тоифа бўйича картотекаларини шакллантириш белгиланган. Ушбу резолюция атрофидаги фикрлар асосида журналист Садоқат Махсумова тайёрлаган мақола сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, албатта.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ЖИНОЯТГА МОЙИЛ АЁЛЛАР КАТЕГОРИЯСИ: ЭНДИ БАРЧА ХОТИН-ҚИЗЛАР ЖИНОЯТЧИми?

Cўнгги пайтларда у ёки бу соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан тарқатилаётган ахборотлар жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Бунга кимдир ўз манфаатини кўзлаб, яна биров кимларнингдир қистови билан қарашларини баён этяпти. Вазиятга кузатишларидан хулоса қилиб, асосли ва ўринли таклиф бераётганлар ҳам йўқ эмас.

«Мен жиноятчи эмасман!»

Ўтган ҳафта шундай фикрлар чорраҳасини — Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ИИББ ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан аёллар орасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича резолюция имзоланиши билан боғлиқ ҳолат келтириб чиқарди. Маълум қилинишича, мазкур резолюция билан ҳар бир фуқаролар йиғинида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис ҳамда профилактика инспектори томонидан ҳудудда яшовчи хотин-қизларнинг 23 тоифа бўйича картотекаларини шакллантириш белгилаб берилган. Бунинг қандай муҳокамали жойи бор, резолюция қабул қилинса, қилинибди-да, шунга шунча шов-шувми, дейишингиз мумкин. Лекин бунга бироз шошилманг.

Тўғри, сизнинг мулоҳазангизда ҳам жон бор. Бироқ ҳамкорликда бошланган иш тафсилотлари турли манбаларда турлича талқинларни келтириб чиқарди. Оқибатда жамоатчилик орасида резолюцияни қабул қилганларга қарата аёвсиз «тош»лар отилди. Ҳатто ижтимоий тармоқларда хотин-қизларимизнинг «Мен жиноятчи эмасман» ҳештеглари пайдо бўлди. Тарқатилган хабарларда картотека кимларга очилиши ҳақида 23 та банд келтирилган. Улар орасида, айниқса, ишсиз аёллар, кам таъминланганлар, пойтахтда вақтинча рўйхатда турувчилар, рўйхатдан ўтмай яшовчи аёллар, балоғатга етмаган (18 ёшгача) ва ёш (18-30 ёш) қизлар, ногиронлиги бор, ажрашган, боласини ёлғиз катта қилаётган, боқувчисини йўқотган аёлларнинг қайд этилиши танқиду маломатларга сабаб бўлди.

«Камида 3 та банд менга тўғри келаркан?!»

«Тўғри-да, хотин-қизларни шу зайл тоифалаш ва камситишга ким ҳуқуқ берди уларга? Демак, юртимиздаги деярли барча хотин-қизлар жиноятчи экан-да? Агар 23 та кетма-кетлик бўйича ўзимни сўроқ қилсам, мен ҳам камида 3 та банд бўйича «ҳуқуқбузарликка мойил» бўлиб чиқаман. Қани мантиқ? Нима энди, вояга етмаган қизларнинг барчасидан ҳадиксирашимиз керакми?»

Бу — сайтлару блогларда қолдирилган муносабатлардан сўнг чиқарилган хулоса. Шу каби изоҳлар урчигач, масъуллар ҳолат юзасидан раддия беришди. Хусусан, Хотин-қизлар қўмитаси берган расмий раддияда рўйхатнинг асл мазмуни бошқа эканлиги, ахборот нотўғри талқин этилаётгани айтилди:

«10 та туманда ўтказилган йиғилишлар натижасига кўра, ҳар бир маҳаллада маҳалла мутахассиси ва профилактика нозирлари томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг (жиноятчиликка мойилларнинг эмас, барча хотин-қизларнинг) 23 та тоифа бўйича электрон картотекаларини шакллантириш вазифаси белгилаб олинган. Шу асосда «Тошкент шаҳрида хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар» ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан имзоланган.

Унинг асл мақсади жиноятга мойил аёлларнинг 23 тоифасини аниқлаш эмас, балки барча хотин-қизларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ҳамда имкониятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган ҳамда бошқа тоифадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишдан иборатдир. Хотин-қизлар қўмитаси аёлларнинг интернетда айтилаётгани каби рўйхати тузилишини қатъиян қоралайди ва буни демократия тамойилларига зид деб ҳисоблайди».

Ана, холос. Ахборотнинг кучи бутун бошли жамият аъзоларининг фикрини ўзгартириб юборди.

Ахборот нотўғри талқин қилинган… (ми?)

Кун ўтмай, рўйхат тузишга бош-қош бўлган Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳам ҳолатга ўзининг расмий муносабатини билдирди.

«Ушбу юритилган дастур аслида оғир турмуш шароитига тушиб қолган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўмакни ташқаридан излаётган ва умидсизликка тушган хотин-қизларнинг муаммоларини аниқ, манзилли ўрганиб, уларни ечишга қаратилган. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова мазкур мақола сабабли жамоатчилик орасида юзага келган нохуш вазият учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элмира Боситхоновадан узр сўрайди», ─ дейилади пойтахт ҳокимлиги баёнотида.

«Муаллифлар» нима дейди?

Тошкент шаҳар ИИББ келтириб ўтган изоҳга кўра, битта рўйхатда иккита алоҳида-алоҳида категория жамлангани тушунмовчиликни келтириб чиқарган.

«Аслида битта рўйхатда, бир сарлавҳа остида иккита турли йўналишдаги категориялар жамланган. 1-дан 4-пунктгача ҳақиқатан ҳам назарий жиҳатдан жиноят содир этиши эҳтимоли бўлганлар кўрсатилган, рўйхатнинг қолган 19 та тоифаси эса ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқий кўмакка эҳтиёжи бўлган гуруҳлар ҳисобланади. Албатта, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий хизматга эҳтиёжи бўлган бу 19 та тоифа дастлабки 4 та тоифа билан бир рўйхатда кўрсатилиши керак эмас эди. Мазкур соҳада ишлайдиганлар учун бу рўйхат аниқ ва тушунарли бўлиши мумкин, лекин кенг жамоатчилик учун бундай рўйхат тушунмовчиликни келтириб чиқариши табиий. Тушунмовчилик учун узр сўраймиз. Бундай йўналиш бўйича ҳар доим иш олиб борилган. Бу рўйхат янгилик эмас, шунчаки очиқлик нишонаси, холос. Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва одамларга ёрдам беришнинг шартли рўйхати ҳисобланади. Албатта, у мазкур йўналишдаги ягона ва асосий рўйхат бўлиб қолмаслиги керак».

Айб кимда?

Шунча расмий баёнотлар, чиқишлар қилинган бўлса-да, улар кутилганидек натижа бермади. Нега? Чунки тўғрими, нотўғрими биринчи тарқатилган ахборот аудитория томонидан қабул қилиб бўлинганди. Хўш, аслида айб кимда: ахборот манбасидами ёки тарқатувчида?

— Биринчи ўринда ахборот берувчи айбдор, — дейди журналист Бекзод Нугманов. — Лекин расмий баёнот ҳам тўғри берилмади. Ахборот тарқатувчи — оммавий ахборот воситалари фикр билдирмайди, у факт беради. Бўлдини — бўлди, ёндини — ёнди, дейди. Боиси журналистлар ҳамиша хабарни бетараф ёзади. Унга муносабатини эса тармоқлардаги саҳифаларида қолдиради. Блогерлар эса ўзининг шахсий фикрини билдириб, аудиториясига таъсир қилади.

*  *  *

Хуллас, шунақа гаплар. Бу борада ҳар кимнинг ўз ҳақиқатлари бор. Умид қиламизки, келажакда ахборот берувчилар бирор янгиликни узатишдан олдин, уни ҳар томонлама ўйлаб, ижтимоий-сиёсий жиҳатларини кўриб чиқади. Бўлғуси акс-садоларни прогноз қилган ҳолда узатади ёки узатмайди. Пировардида ахборот тарқатувчи пишиқ-пухта, сифатли, энг асосийси, жамиятдаги социал ва гендер тенглигига путур етказмайдиган материалга эга бўлади.

Хотин-қизларнинг қуйидаги 23 та тоифа бўйича картотекаларини шакллантириш белгиланган:

1. Муқаддам судланганлар;

2. Жиноят содир этганлар;

3. Пробация ҳисобидагилар;

4. Гиёҳвандлар;

5. Спиртли ичимликка ружу қўйганлар;

6. Тажовузкор руҳий касаллар;

7. Жиноят содир этишга мойиллар;

8. Узоқ муддатга чиқиб кетганлар;

9. Узоқ муддатдан қайтганлар;

10. Маънавий кўмакка муҳтожлар;

11. Фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчилар;

12. Одоб-ахлоқ доирасида ҳуқуқбузарлик содир этганлар;

13. Оила муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарлик содир этганлар;

14. ИИБ ва таълим муассасалари ҳисобидаги қизлар;

15. Суицид содир этган хотин-қизлар;

16. Ажрим ёқасига келиб қолган оилалар;

17. Ишсиз хотин-қизлар;

18. Кам таъминланганлар;

19. Тошкент шаҳрида вақтинча истиқомат қилувчи хотин-қизлар;

20. Рўйхатсиз яшаётган хотин-қизлар;

21. Тиланчилик билан шуғулланаётган хотин-қизлар;

22. Вояга етмаган қизлар (18 ёшгача) ва ёш қизлар (18-30 ёшлар);

23. Ногирон, ажрашган, боласини ёлғиз катта қилаётган, боқувчисини йўқотган аёллар.

Садоқат МАХСУМОВА,

«Mahalla»

2019 йил 8-15 август, 35-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар