БАҒРИ ТЎЛА СИР ДАРЁ

29

Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий иқтисодий, маданий соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ташаббуси билан медиа тур ташкил этилди.Бир гуруҳ журналист ва блогерлар вилоятда амалга оширилаётган  кенг кўламли бунёдкорликлар, янги саноат корхоналарининг барпо этилиши, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастури доирасида сўнгги  икки йилда бажарилган ишлар билан танишдилар. Журналист Бозорбой Бекмуродовнинг мақоласи ана шу медиа тур таассуротлари асосида тайёрланган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

АСРЛАР КЎРМАГАН ЎЗГАРИШЛАР

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ташаббуси билан Сирдарё вилоятида медиа тур ташкиллаштирилди. Республика нашрларида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ журналист ва блогерлар ташриф буюриб вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий иқтисодий, маданий соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар, ўзгариш ва эврилишлар билан танишдилар.

Индустриал ривожланаётган ҳудуднинг вилоят саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришидаги улуши 33 фоиздан ошиб кетди. Очиқ айтиш мумкин, аввалда дотацияда ўтирган Сирдарё тумани кейинги уч йил ичида вилоятда саноати ривожланган, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларини хорижий давлатларга кенг кўламда экспорт қилаётган туманлардан бирига айланди. Тумандаги “Сирдарё фарм,” “Бахт фарм”, “Пенг Шенг”, “Сирдарё мега люкс” каби корхоналар асосий маҳсулотларини Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилаётир. Чунончи, “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида фаолияти йўлга қўйил­ган “Сирдарё универсал ойна” масъулияти чекланган жамиятида ўтган йили 50,1 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу корхонада айни вақтда 100 турдаги шиша идишлар тайёрланмоқда. Корхонага Германия, Туркия давлатларидан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилиб, маҳсулот тайёрлашда тўлиқ маҳаллий хомашёдан фойдаланилаётганлиги идишларнинг арзон ва харидоргирлигини таъмин этаётир. Жорий йилда тўла қувват билан ишга туширилиши режалаштирилаётган корхонада йилига 102 миллион дона шиша идишлар ишлаб чиқарилиб, 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Бу эса келгусида мамлакатимиз фармацевтика саноатига четдан келтириладиган шиша флаконлар миқдорини кескин камайтириш имконини беради.

Ушбу корхона ёнидаги “Сирдарё глас” МЧЖ томонидан фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун уч хил рангли шиша идишлар тайёрлаш лойиҳаси рўёбга чиқирилаётир. 2020 йилда ишга тушириладиган корхонада йилига 3,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилина бошлайди. “Сирдарё шиша” корхонасида эса шиша идишлар учун кварц қумини қайта ишлаш лойиҳаси ўзлаштирилмоқда. Яхлит олганда бу уч корхонанинг бир бирига узвийлиги “Сирдарё универсал ойна” негизида саноатлашган кластер ташкил этиш имкониятларини кенгайтиради.

Медиа тур қатнашчилари замонавий корхоналарда инфузион идишлар ишлаб чиқариш жараёнини кузатиб, ҳайратларини яшира олишмади. Аввалда фақат пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган туманда замонавий, Марказий Осиёда ягона кластер тизимидаги корхоналар фаолият кўрсатаётганлиги энг чекка ҳудудларда индустирияни ривожлантириш йўлида йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётганидан далолат беради.
“Пенг Шенг” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида керамик плиталар, сантехника маҳсулотлари, терини қайта ишлаш, пойабзал буюмлари тайёрлашнинг замонавий технологияларда йўлга қўйилганлиги медиа тур иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Улар корхона кўргазма савдо залида бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан ҳам танишдилар.

– Чекка туманда қисқа даврда ўттиздан ортиқ йирик саноат ишлаб чиқариш корхоналарининг барпо этилганлиги жуда катта воқелик, – дейди “Правда Востока” газетасининг мухбири Темур Низаев.

– Минглаб одамлар иш билан таъминланган. “Дўстлик” боғида яратилган қулай шарт-шароит инсон омили, унинг яхши яшаши, турмуш фаровонлиги биринчи даражали вазифага айланганини англатади.

“Пенг Шенг” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида барпо этилган замонавий иссиқхоналар қишин-ёзин дастурхонларимизда сабзавот маҳсулотлари сероблигини таъмин этади. Ҳар квадрат метр иссиқхонадан 60 килограммгача помидор ва бодринг ҳосили олинаётгани, кам меҳнат сарфлаб, юқори даромад қилинаётгани мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида шундай ихчам ва катта манфаат келтирадиган иссиқхоналарни янада кўпайтиришни талаб этади. Қўшма корхонада яқин йилларда 20 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар қуриш лойиҳаси амалга оширилади.

Туманда сув ресурсларини тежаш, томчилатиб суғориш усулини пахтачиликка кенг жорий этиш борасида ҳам ибратли ишлар йўлга қўйилган. Томчилатиб суғориш усули ғўза майдонларида қўлланганида гектарига 500-600 метр куб сув сарфланади. Оддий усулда эса 1200-1500 метр куб сув сарфланади. Техниканинг далага кирмаслиги оқибатида ёқилги сарфи уч баравар камаяди. Боз устига пахта 15-20 кун олдин пишиб етилади. Ҳосилдорлик ҳам оддий усулдагига қараганда 15-20 центнер юқори бўлади. “Пенг Шенг” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси қошидаги “Сирдарё котен кластер” корхонасида ўтган йили 50 гектар майдондаги пахтанинг ҳар гектаридан 45 центнердан ҳосил териб олинганди.

– Жорий йилда 90 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаяпмиз, – дейди корхона раҳбари Бахтиёр Аҳмедов. – Чигит қўш қатор усулда экилганлиги боис, ҳар гектар майдонда 120-130 минг туп ғўза парваришланяпти. Ҳар тупда 1 августгача 30-32 тадан ҳосил тугунчалари ҳосил қилинган. Бу август ойида ҳам парваришни давом эттириб, ҳосил тўплаш ҳисобига гектаридан 50 центнердан сара пахта етиштириш имконятини янада кенгайтиради. Энг муҳими, шунча майдондаги парваришлаш, суғориш ишлари билан бор-йўғи 2-3 киши шуғулланади.

Медиа тур қатнашчилари сув ва меҳнат сарфини камайтирадиган, кам маблағ сарфлаб, юқори ҳосил етиштирадиган бу усулнинг ҳар жиҳатдан афзаллигига ишонч ҳосил қилдилар. Бундай замонавий технологияларни кенг ёйиш, улардан аҳолини хабардор этиш, томорқа ва деҳқон хўжаликларида ҳам фаол қўллашда журналистнинг ўрни, янгиликларни тез илғай олиш масъулияти янада юқори бўлиши лозимлигини ҳис этдилар.

Ҳавас қилса арзийди

Президентимиз жорий йилнинг 19 февралида вилоятга ташрифи чоғида 5 та йўналишдаги “Сирдарё тажрибаси” ташаббусини олға сурган эдилар. Ана шу ташаббус доирасида ёшларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказиш, уларнинг ҳар томонлама соғлом ва комил инсонлар бўлиб етишишларига қулай шарт-шароитлар яратиш вилоятда маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ишларнинг бош мезони этиб белгиланди. Шу маънода ёшларни мусиқа ва санъат мактаблари, маданият муассасаларига жалб этиш, уларнинг маънавий дунёқарашини ривожлантириш “Сирдарё тажрибаси”нинг энг асосий йўналишига айланди. Айни вақтда маданият муассасаларидаги турли тўгаракларга 7500 нафардан зиёд ёшларнинг қатнашаётганлиги, уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шу йил охиригача 18 та сунъий қопламали майдон, 7 та енгил конструкцияли спорт залининг тадбиркорлар томонидан барпо этилаётгани соғломлаштириш тўгараклари аъзолари сонини янада оширади.

Авваллари аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун Сайхунобод туманида қулай шарт-шароит яратилмаганди. Шу йил янги йил арафасида “Сайхун планет” замонавий савдо мажмуа­си ва Сайхун истироҳат боғи шаҳарча аҳолиси ихтиёрига топширилди. Хизмат кўрсатиш марказий шаҳарлардагидек йўлга қўйилган “Сайхун планет” савдо мажмуасида ёшлар бўш вақтларида ҳар хил ўйинлар, компьютер машғулотлари билан шуғулланишлари учун ҳамма шароитлар муҳайё қилинган. Бу ерга келган харидор ўзи истаган маҳсулотни харид қилади, ҳам мириқиб дам олиб кетади. Бинонинг иккинчи қаватида музқаймоқ, ширинликлар, яхна ичимликлар сотувининг йўлга қўйилгани эса болажонларни хушнуд этаётир.
Камёб маҳсулотларни сотиб олиш учун энди катта шаҳарларга бориш, овора бўлишга ҳожат йўқ. Истироҳат боғидаги турли кўнгилочар ўйинлар болажонларга хизмат қилаяпти.

Мирзаобод туманидаги рақамли технология ўқув маркази вилоятдаги қалдирғоч марказлардан ҳисобланади. 20 та компьютер жамланмаси қўйил­ган марказда 9 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар компьютер саводхонлигини ўрганиш билан бирга интернет тармоқлари орқали дунё воқеаларидан хабардор бўладилар, фойдали ахборотлар ва билим олиш бўйича дастурлардан самарали фойдаланадилар. Компьютер дастурларини тузиш малакасини пухта эгаллайдилар.

Иқтисоди барқарор ривожланмаган икки туманда ҳам ёшлар ва аҳоли учун шундай шароит­лар яратилганлиги журналистларини бефарқ қолдирмади.

– Бу қулайликлар ёшларнинг бўш вақтлари мароқли ўтишини таъминлаш билан бирга, уларнинг интеллектуал салоҳияти юксалиши, маънан баркамол бўлиб вояга етишида ҳам муҳим роль ўйнайди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким. – Юртбошимиз белгилаб берган 5 та йўналишнинг Сирдарёда ҳар жиҳатдан мукаммал ижобат бўлаётгани менда катта таассурот уйғотди.

Вилоятдаги кенг кўламда давом эттирилаётган бунёдкорликлар, янги саноат корхоналарининг барпо этилиши, “Обод қишлоқ” “ Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастури доирасида кейинги икки йилда бажарилган ишлар ҳар қандай кишининг ҳайратини оширади. Дотацияда турган вилоятнинг қисқа даврда саноатлашган вилоятлардан бирига айланаётгани катта меҳнат, ташаббускорлик самарасидир. Биргина ўтган йили вилоятда 111,4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилнинг олти ойида маҳсулотлар экспорти 23,4 миллион долларни ташкил этди. 2019 йилда 66 та саноат корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш суръатларини ошириш ҳисобига 77,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев меҳмонларни янги барпо этилган, замонавий қабулхонада қабул қилиб, Сирдарёда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишга келган қалам соҳибларига самимий миннатдорчилик билдирди. Ҳоким саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда катта марралар белгиланганлигини таъкидлар экан, яқин йилларда Сирдарё таниб бўлмас даражада ўзгариб кетишига ишонч билдирди. Зеро, сирдарёликлар янги марралар сари дадил интилаётган экан, бу эзгу ниятлар албатта, ушалажак.

Самимий қабул ва журналистларга кўрсатилаётган катта эътибор учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевга ўз миннатдорчилигини билдирди ва эсдалик совғалари – янги чоп этилган китобларни туҳфа этди.

Ховос ҳамма ҳавас қиладиган гўша бўлади

Яқин эллик йил ичида бирорта ҳам кўп қаватли уй қурилмаган, одамларнинг маълум қисми эски (барак) уйларда яшаётган Ховос шаҳарчаси, умуман, Ховос туманига Президентимизнинг шу йил февраль ва июль ойларидаги ташрифидан кейин бунёдкорлик, яратувчанлик ишларининг катта бир тўлқини кириб келди. Туман марказида улкан қурилиш, мавжуд уйларнинг архитектуравий қиёфасини ўзгартириш ишлари жадал олиб борилмоқда. М-39 автомобиль йўли бўйида барпо этилаётган марказда 30 та кўп қаватли уй қуриш ишлари шиддат билан давом эттириляпти. Бу ерда қурилиш ишлари тугагач, жами 760 та квартира ўз эгаларига топширилади. Шунинг 600 таси арзон уйлардир. Бундан ташқари, янги марказда 60 та бир қаватли уйлар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, Давлат хизматлари агентлиги, мактаб ва боғча, истироҳат боғи, кутубхона, китоб дўкони кинотеатр, деҳқон бозори, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, шунингдек, 2 та тикувчилик цехи қурилади. Ховос замонавий, одамлар яйраб яшайдиган шаҳарчага айланади. Қад ростлаётган замонавий шаҳарчада мингдан ортиқ қурувчиларнинг кечаю кундуз тер тўкаётганлиги қурилиш ишлари суръати ошиши билан бирга юзлаб оилаларнинг турмуши фаровонлашишини ҳам таъмин этаётир.

Бийдай далада шундай чиройли шаҳар бўй кўрсатаётгани медиа тур қатнашчиларининг ҳавасини келтирди. Сирдарёдаги яратувчилик ишлари, одамларнинг фидойилиги уларни янги мавзудаги публицистик асарлар, қишлоқ кишиларининг қаҳрамонликлари эътироф этилган асарлар ёзишга илҳомлантирди.

Журналистлар Ховособод қишлоғида бўлиб Ховоснинг қарийиб 2,5 минг йиллик тарихи, бу кентда яшаган қадимги аждодларимизнинг ўтмиши, у ерда сақланиб қолган тарихий обидалар билан танишдилар. Қадимги Ховос Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашганлиги боис, кўплаб Осиё мамлакатлари халқларининг маданий ва маърифий алоқаларида муҳим роль ўйнаганлиги эътироф этилди.

Гулистон чинакам бўстонга айланмоқда

Ўтган қисқа даврда Гулистон шаҳрида катта ободонлаштириш, қурилиш ишлари амалга оширилди. Ҳозир ҳам шаҳарда қурилиш, бунёдкорлик ишлари давом эттирилаётар. Кечагина “Буюк келажак” массиви одамлар мол боқадиган, қаровсиз бир ҳудудга айланиб ётарди. Ўтган икки ярим йил ичида бу ерда 32 та беш қаватли турар-жой қурилиб, кичик шаҳарчага айлантирилди. Айни вақтда бу ерда илк бор 7 қаватли уйларни қуриш ишлари бошлаб юборилди. Журналистлар бу ерда урбанизациялаш ишларининг давом эттирилиб, янги меъморий ечимдаги турар-жойлар қад ростлаётганининг шоҳиди бўлдилар.

Президентимиз ташаббуси билан қурилаётган 150 ўринли Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева номли она тили ва адабиёти ижод мактаб интернати меъморий жиҳатдан мамлакатимиздаги энг замонавий мактаблардан бирига айланади. Шу йилнинг ўзида энг иқтидорли, тест синовларидан муваффақиятли ўтган ўғил-қизлар шу мактабда ўқий бошлайдилар. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдушокир Абдураҳмонов ижод мактабининг истиқболи, бу ерга Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятларидан ҳам иқтидорли ўқувчилар танлаб олиниши ҳақида журналистларга тушунча берди. Шаҳарда шундай илм масканининг барпо этилиши бу ёшларга, келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътиборнинг ёрқин бир нишонасидир.

Гулистон шаҳридаги марказий китоб дўкони ҳам 5 та ташаббус ижроси доирасида ёшлар китобхонлигини оширишга хизмат қиляпти. Дид билан териб қўйилган китоблар ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмайди. 
Дарҳақиқат, инсон онгу тафаккури ўсишида китобнинг роли беқиёс. Зеро, маънавият юксалса, мамлакат ҳам юксалади. Илм эса янгиликларга, янги ғояларга, фаолликка йўл очади. 

Медиа тур иштирокчилари Гулистон шаҳридаги “Чеҳра палас” меҳмонхонасида, бир пиёла чой устида Сирдарёдан олган таассуротлари билан ўртоқлашиб, фикрлашдилар. Уларга вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари – планшетлар топширилди.


Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.

2019 йил 8 август, 51-сон

        “Qishloq hayoti” газетаси

Бошқа хабарлар