Клара ЖАЛИЛОВА: “МЕНДАН КЕЙИН САҲНАГА ЧИҚҚАН БИР САНЪАТКОРНИ ЗАЛ ҚАБУЛ ҚИЛМАЙ ЧИҚАРИБ ЮБОРГАН”

38

Ўзбек миллий киносанъатида “Мафтунингман” фильмининг ўрни беқиёс. Айниқса, фильмнинг бош қаҳрамони ролини ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Клара Жалилова ўзининг жарангдор овози билан ҳар бир хонадонга ўзгача қувонч олиб кирган. Болаларча беғубор, самимий, кўплаб кино ва театрдаги роллари орқали томошабинлар қалбидан жой олган актриса билан  журналист Феруза Раҳимова суҳбатида унинг ҳаёт китоби саҳифаларига назар солинди.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

Клара ЖАЛИЛОВА:

ТАҚДИРИМДАН МИННАТДОРМАН…

Юртимизда “Мафтунингман” филмини кўрмаган, “Дўппи тикдим” қўшиғини эшитмаган санъат ихлосманди бўлмаса керак. Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Клара Жалилова бошқа ҳамкасбларидан, умуман, тенгдошларидан фарқ қилади. Дилидаги тилида бўлган актриса билан суҳбатлашиш мароқли. Негаки, сўзларини ортиқча бўёқлар билан бойитмайди, кўнглида борини тилига чиқаради. Кўплаб кино ва театрдаги роллари орқали томошабинлар эътиборини қозонган, эл суйган бу аёл билан “Hurriyat” газетаси учун дийдорлашдик.

Болалигим — Пошшолигим бўлмаган…

Болалигимни эсласам, кўз олдимга қийинчилик билан оиласини боқаётган оила бошлиқлари келади. Ўша вақтларда иккинчи жаҳон уруши эндигина тугаган, ҳамма учун бирдек оғир бўлган замонлар эди. Яшаш қийин эди-ку-я, лекин бизнинг оила учун ҳаммасидан қийин бўлган. Сабаби, оилада беш фарзанд эдик. Тўнғич фарзанд бўлганлигим учун ҳам оиланинг барча оғирлигини ҳис қилардим ва ота-онамга оз бўлса-да, кўмак беришга ошиқардим. Уйимиз шундоққина “Чорсу” бозори олдида, ҳозирги китоб дўконлари ўрнида эди. Кичкинагина ҳовлимиз бўларди, ҳатто жой торлигидан онам бизга томга жой солиб берардилар. Томда ухлашнинг завқи бошқача. Қойил қолганим барчанинг томидан тортиб, таомлари-ю, кийинишида катта фарқ йўқ эди. Қўшниларнинг бир-бирига аҳиллигини айтмайсизми? Йўқчилик замони бўлишига қарамасдан, дўппидеккина ош қилсак-да, қўни-қўшнига ҳам илинардик. Томдан-томга сакраб ҳансираганча келардим. Қаранг, шу даражада шўх бўлган эканман. У замонлар бутун бошли “Чорсу” маҳалласидаги хонадонларда иккитагина телевизор бор эди. Жамики маҳалламиз аҳли билан уларнинг уйига чиқиб, контсерт кўрардик. Бағрикенг оилалар эди, дарҳол телевизорни ҳовлига олиб чиқишарди, кўплашиб кўрардик. Оиламга моддий ёрдам бўлсин дея, сув сотардим. Ёзги кинотеатрда ўша пайтнинг энг машҳур ҳинд фильми “Дайди” қўйиларди. Сувнинг пули эса рўзғордан ортай демасди. Чиптага пулим етмагани учун ёзги кинотеатрга киролмасдим. Кино кўришга бўлган қизиқишимнинг юқорилигидан дарахт устига чиқиб, томоша қилардим. Унинг завқини сизга тушунтириб беролмайман. Йўл-йўлакай фильмдаги қўшиқларни куйлаб келардим.

Онам фаррош, дадам оддий хизматчи эди.

Биринчи ёки иккинчи синфда бўлсам керак, ўша пайтдаёқ жимитдекина жуссам билан онамга мактаб полини ювишда ёрдамлашардим. Хуллас, қўлимдан қандай иш келса, бажарардим. Мусиқа, адабиёт ва биология фанларидангина яхши ўқирдим. Қолган фанлардан олган баҳоим эса “3” бўлган. Хиргойиларимни эшитган ўқитувчиларим, “Сен барибир артист бўласан”, деб баҳоларимни қўйишарди.

“Сен артист бўласан!”

7-синфни эндигина тугатган вақтимда, меҳнаткашлар ва пахтакорлар учун контсерт бўлаётган залга бориб қолганман. Улар орасида ўтирган Ҳалима опа Носирова қўшиғимни тасодифан эшитиб қолиб: “Сен албатта қўшиқчи бўлишинг керак, ўзим сенга қўшиқлар ўргатаман” деб, бир манзил ёзилган қоғоз бердилар. Шу-шу Ҳалима опа билан ҳамкорлигимиз мени катта санъатга бошлаб келди. Тез-тез Мухтор Ашрафий, Тамарахонимлар билан учрашардим. Ҳалима опа чиндан ҳам менга кўплаб қўшиқлар ўргатди. Бир куни Тамарахоним бирорта қўшиқ куйлаб бер-чи, деб қолдилар. Ҳалима опанинг қуйидаги қўшиғини айтдим:

Қошинг билан кўзингга, кўзингга

Ошно бўлдим ўзингга, ўзингга

Айтолмайман юзингга, юзингга

Инсоф берсин ўзингга, ўзингга…

қўшиқни рақсга тушиб айтиб берганман. Ўтирганлар кулгудан ўзларини тия олмаган, чунки эндигина ўн бешга чиққан, унинг устига жуссаси кичиккина қиз бўлганим, камига севги-муҳаббат ҳақида айтган қўшиғим уларнинг кулгусига сабаб бўлган. Овозим ва ўзимни тутишим уларга манзур келганидан сўнг ўн олти ёшга етмасимдан ҳам катта ансамблга яккахон хонанда сифатида тайинлашган. Ансамблда ўрганган илк ашулам “Диёримсан” бўлган. Фароғат опа Раҳматова кўплаб қўшиқлар ўргатганлар, ўзим ҳам у кишининг ижодларидан куйлаб юрардим. 1957 йилда олтинчи жаҳон ёшлари фестивалига қатнашиш учун Москвага бориб, икки марта олтин медаль олиб келганман.

Машҳурликка интилмай туриб танилганман

Ҳа, рост, машҳур бўлишга ҳаракат қилмаганман. Санъатга юрагимга таскин бериш мақсадида кирганман. Қолаверса, ансамблда ишлаб оиламга ёрдам бера бошлаганимдан ичимда йўқ қувониб юрганман. Кутилмаганда, юлдузлик онлари жуда эрта келди. Бугун қўшиқ айтиб чиқсам, икки кундан сўнг бутун Ўзбекистон ёшлари куйлаб юрарди. Репертуаримда озарбойжон, туркман, қирғиз, татар, тожик хуллас, тилимизга яқин бўлган кўплаб тилларда қўшиқ бўларди. Кўчага ёлғиз чиқишга қўрқардим. Ким кўрса келиб севги изҳор қиларди. Уйимизга совчи жўнатганларнинг охири узилмасди. Ҳаттоки Афғонистон қўшиқчиси Хиёл ҳам ота-онамнинг олдига келиб, “Кларани менга узатинг” деб айтган.

Элимизнинг энг суюкли санъаткорларининг шогирди бўлганман. Мукаррама опа Турғунбоева, Юнус Ражабий, Дони Зокиров, Коммуна опа Исмоиловалар қўлдан келганча менга ёрдам беришган.

Бахтимни топишим…

Актёр Ёқуб Аҳмедов билан ўртада меҳр-муҳаббат ила турмуш қурганмиз. Тўнғич ўғлим туғилганидан сўнг, ўз ихтиёримиз билан ажрашганмиз.

“Баҳор” ансамблига ишга кирган вақтимда турмушимдан айрилган эдим. Ансамблда Рустам Негматов деган иқтидорли чангчи ишларди. Гарчи турмушдан ажрашган, қолаверса, ўғлим бўлишига қарамасдан бўйдоқ Рустам аканинг муҳаббатига сазовор бўлганман. Беш йил давомида муҳаббатимизни синаганмиз. Сўнгра Рустам ака билан турмуш қуриб, ҳақиқий аёллик бахтини ҳис қилганман. Ҳаётимнинг энг бахтли дамлари Рустам ака билан ўтган, десам янглишмайман.

Дадам олти ой гаплашмаган…

Ҳозирги кунда санъаткор бўламан деганга қаршиликлар йўқ, назаримда. Аммо бизнинг ёшлигимизда санъаткор бўламан дейишнинг ўзи катта жасорат эди. Менинг ота-онам ҳам санъаткор бўлишимни хоҳламаган. Энди-энди қўшиқлар ўрганиб, саҳнага чиқаётган паллаларим дадам мендан хафа бўлган ва умуман гаплашмай қўйган. Бу ниҳоятда таъсирчан мендек қизга оғир ботган. Ансамблимиз билан катта концерт қўядиган бўлдик. Тайёргарликлар авжида. Эрталаб уйдан чиқиб кетаётганимда, дадамнинг қўлларига чипта тутқазиб, концертга таклиф қилиб, ўртоқларингиз билан ўтинг деганман. Концерт бошланай деяпти-ю икки кўзим томошабинлар қаторида. Дадамни интиқ кутяпман, кўзларим тўрт бўлиб кутяпман. Бир вақт дадам маҳалламиздаги ўртоқлари билан кириб келдилар! Танамга қаердандир куч ёғилиб киргандек бўлди. Уларни ташкилотчилар биринчи қаторга жойлаштиришди. Кўнглим ёришди.

Саҳнага чиқишим билан халқ олқишлар билан қаршилади. Дастур тугагунча гулларга кўмилиб кетдим. Йиғилган гуллардан олиб, дадамнинг пойига ташладим. Мана шу кунда санъатимни давом эттиришим учун дадам оқ фотиҳа бердилар…

Саҳнага мендан кейин ҳеч ким чиқа олмасди…

Халқнинг меҳри менга тушганидан миннатдор юрардим. Саҳнада куйлаб бўлганимдан кейин қарсакларнинг овози анча пайтгача тинмасди.

Бир куни мендан кейин саҳнага чиққан бир санъаткорни зал қабул қилмай чиқариб юборган. Эндигина кийимларимни алмаштириб турган жойимга келиб, ўша санъаткор мени дўппослаб, тарс-турс уриб кетган. Бизни зўрға ажратишган. Очиғи, кучим етмаган, кичкина жуссали қизча эдим, у эса менинг ҳозирги ҳолатимдагидек. Бу кўнгилсиз вазият концерт ташкилотчиларига етиб бориб, мени дастур охирига қўядиган бўлишган.

“Мафтунингман” фильмидан миннатдорман!

Аслида “Мафтунингман” фильмигача одамларни ўзимга мафтун қилиб бўлгандим (кулади). Раҳматли шоир Туроб Тўла сценарийсини менга атаб ёзган. Аммо суратга олиш ишлари бошланай деганда режиссёр Йўлдош Аъзамов мени бош ролда ўйнашимга рози бўлмаган. Ҳамманинг олдида “Бу қиз ҳали кичкина бўлса, қандай бош ролга оламан. На бўйи, на қомати бор” деб айтган. Шунда Туроб ака “Сценарий фақат Клара учун ёзилган. Ундан бошқа қиз суратга тушиши мумкинмас” деганларидан кейингина тасвирга олиш ишлари бошланган. “Мафтунингман”чалик ҳеч қайси фильмда бунчалик қийналмаганман. Ёз фасли, ҳаво иссиқ. Мени тўлароқ кўрсатиш учун қават-қават кийинтиришарди. Санъат акага етказиш учун оёғим тагига тахталар қўйиб, ижодий гуруҳ тер тўкарди. Бастакор Мутал Бурҳонов “Фильмдаги ролинг ва “Дўппи тикдим” қўшиғинг билан ўзингга ҳайкал ўрнатдинг”, — деб айтгандилар. Ҳақиқатан ҳам қаерга бормай, шу фильм билан мени тилга олишади. Ушбу кино олти ой мобайнида бутун республика бўйлаб тинимсиз қўйилган илк фильм бўлади. “Мафтунингман” Москвада ҳам қўйилган ва ўн куннинг ичида у ерда ҳам энг кўп томошабин йиққан фильм бўлган экан.

Тўйда ҳеч қачон пул олмаганман

Халқимиз ҳозиргача хизматларга, тўйларга чақиради. Ўзининг қувончли кунига ҳавас қилиб чақирса, нима учун мен пул олар эканман? Халқимнинг менга берган меҳридан бўлак ҳеч нарсаси керакмас! Ҳаётда оддий яшадим. Менинг оддий турмуш тарзимни кўрганлар ҳайронлигини яширмайди. Участка қилмадим, тиллага бурканмадим. Оддий ва ҳалол яшадим. Иймоним бутунлигидан мана бугун юзим ёруғ, кўнглим хотиржам.

Йигирма саккиз йил деганда унвон олганман

Тан оламан, санъатда жуда қийналганман, эзилганман. Ижодимни бошлаганимдан кейин йигирма саккиз йил деганда унвон олдим. Кўпчилик нега каттароқ унвон ҳалигача олмагансиз дейишарди. Ҳар қандай мукофотдан кўра, халқимнинг берган меҳри, эътибори кўпроқ муҳим деб жавоб бераман. Қанчадан-қанча туҳмат тошлари отишди, бўҳтонларнинг тагида қолиб кетган дамларим бўлди. Лекин ҳаммасини вақтнинг измига қўйдим. Чунки ҳақиқат барибир юзага чиқар экан. Алишер Навоий номидаги кутубхонанинг очилиш маросими бўлганида, давлатимиз раҳбари раҳматли Ислом Каримов фонтан бошланишидан то тўхтагунга қадар Клара Жалилованинг қўшиқларини қўйинг, деганларини эшитиб, хурсандлигимдан роса йиғлаганман.

Қандай қариганимни билмай қолдим

Ҳозирги кунга келиб фильмларимни “Ойнаи-жаҳон”дан бериб қолса, умрим шиддатли тарзда тез ўтиб кетганини ҳис қиламан. Одам қандай қилиб қариганини билмай қоларкан. Ёшлик даврларига барибир ҳеч нарса тенглаша олмаслиги ҳақиқат экан. Агар ўша ёшлигим ҳозир қайтиб келганида кўп нарсаларни ўзгартирган бўлармидим?…

“Келинлар қўзғолони”даги ҳангомалар

“Мафтунингман”дан кейин “Келинлар қўзғолони” фильмигача кўнглимга ёқадиган фильмда суратга тушмадим. Қашқадарёга гастрол сафарига борганимизда, телевизорда берилаётган кинони кўриб йиғлаб ўтиргандим. Режиссёр, раҳматлик Мелис Абзалов қўнғироқ қилиб, “Эртагаёқ Тошкентга етиб кел, ҳеч қанақа кастингсиз “Келинлар қўзғолони”га қабул қилиндинг” деганлар. Ҳозиргина йиғлаб ўтирган одам хушхабардан рақсга тушиб кетганман…

…Эртасигаёқ етиб келганман. Раҳматли Обид Юнусув билан деразадан ташқарига чиқадиган саҳнасини олишга бутун бошли ижодий гуруҳ, айниқса, Обид ака қийналиб кетганлар. Сабаби, ҳаммага аён ўша вақтларда тўлишгандим. Обид ака кўтаришга қийналиб, “Клара озсанг бўлмайдими?”деб, айтганлари ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Футболнинг ашаддий мухлисиман

Болалигимда феълим йигитларникидан кам бўлмаган бўлса-да, футболнинг мухлиси бўлмаганман. Рустам акага турмушга чиққанимдан сўнг, у киши билан футбол кўравериб, футболсевар аёлга айланганман. Ҳозиргача бирорта ҳам футболни қолдирмайман.

Армоним…

Олти йил олдин ўғлим саратон касаллиги туфайли 47 ёшида вафот этди… Онага фарзандининг ўлимидан ортиқ азоб бормикан. Айниқса, фарзанди ўлишини олдиндан билса. Фарзанд борасида ўзи армоним бор эди, ўғлимнинг вафоти бу армонни янада оғирлаштириб юборди. Раҳматли ўғлим жуда китобсевар эди. Икки кунда катта-катта асарларни ўқиб чиқарди. Қиз фарзанд кўрмаганимдан кўп куйинардим, синглим оламдан кўз юмганида қизини ўзим боқиб олгандим. Худога шукрки, яхши тарбия берган эканманми, қўли гул ҳамма ишни бажариб кетаверарди. Ҳозир эри билан Америкада яшайди. Узоқ юртда бўлса ҳам доимо менинг ғамимни ейди, тез-тез ҳолимдан хабар олиб туради.

Тақдир ҳақида

81 ёшга кирибман… Бу ёшга етганлар бор, етмаганлар бор. Ҳаётим давомида кўп қийинчиликлар кўрдим. Бошимга тушган энг оғир мусибат, ўғлимни тупроққа қўйганим бўлди. Ишонасизми, ўша дамларда бу дард мени енгади,  сабр қилолмайман деб ўйлагандим. Аммо… ҳаёт давом этар экан. Ўғлимсиз – суянчиғимнинг бирисиз яшаш оғир эди. Тўнғич ўғлим Фурқат ёнимда бўлди, дардимни бироз бўлса-да олди. Ўнта бўлса ўрни бўлак деганларидек, барибир юрагимнинг бир бўлаги кичик ўғлим билан кетди.

Шахсий ҳаётимда балки орзу қилганимдек яшамагандирман, аммо ўтган умримга назар ташлаб, афсус қилмайман. Халқимнинг меҳрини қозондим. Шунинг учун тақдиримдан миннатдорман.

Феруза РАҲИМОВА ёзиб олди.

2019 йил 7 август, 23-сон

        “Hurriyat” газетаси

Бошқа хабарлар