ТЎҚСОН ЁШЛИ БОБО НЕГА ЙИҒЛАДИ?

53

Аёл фарзандини дунёга келтиргунича минг карра ўлимни бўйнига олади. Тўлғоқнинг минг азобига чидайди. Зурриёдининг камоли учун борлиғидан кечади. Ана шундай оналарнинг жаннат пойида бўлади. Минг афсуски, ўз гўдагининг жонига қасд қилган ҳам, мўмай пулга сотган ҳам аёлдир. Ижтимоий тармоқ ёки оммавий ахборот воситалари орқали ана шундай хабарга кўзи тушган инсон уларни инсон деб аташга ҳам тили бормайди. Журналист Фарида Қорақулованинг мақоласи шу хусусдаги муаммоларга қаратилган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ФАРЗАНДИНИ СОТАЁТГАНЛАР, ЎЛДИРАЁТГАНЛАР

уларни инсон деб бўладими?

Бир вақтлар ўз томирини тишлаб, боласига қонидан ичириб, ўлимдан сақлаган оналар бўлган.

«Гўдаклардан жаннат иси келади», дейишади. Сўнгги йилларда аёллар томонидан ўз боласини сотиш, турли йўллар билан жонига қасд қилиш, норасидаларга зулм ўтказиш каби мудҳиш жиноятлар тафсилоти қулоғимизга тез-тез чалиниб турибди.

Хусусан, Фарғонада аёл ўз боласини бўғиб ўлдириши билан боғлиқ қабоҳат атрофида кўтарилган шов-шув эндигина тинаётган бир вақтда нафақат миллатимиз ва жамиятимиз, балки бутун инсоният учун шармандали яна бир жиноят содир этилди.

Сурхон воҳасида биз фариштага менгзайдиган бегуноҳ гўдак ўлимга маҳкум қилиниб, ҳожатхонага ташланиши барчамизнинг қалбимизни ларзага келтирди.

Бу мавзуни очишдан мақсадимиз бундай чиркин воқеа атрофида янада шов-шув кўтариш ёки кимгадир қатъий ҳукм ўқиш эмас. Балки огоҳлик бонгини қайта-қайта чалишдир, токи меҳр-шафқат, қадр-қиммат ва масъулият ҳамиша ҳар нарсадан устувор турсин.

Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб ўтишни истар эдикки, қайсики ёвузликка қўл урган кимсалар вақти келиб олий Ҳакам билан юзма-юз келиши, унинг сўрови ва жавобгарлиги жуда-жуда оғир келишини билармикан?

Меҳр олдида ўлим ҳам ожиз

«Жаннат оналар оёғи остидадир», дейилади муборак ҳадиси шарифда.

Шу ўринда кўнглимиздан беихтиёр саволлар ўтади. Аёл аталмиш нозик хилқатни бундай юксак эътирофга сазовор қилган унинг гўзаллигими, ақлу фаросатими ёки латофатими?

Бунинг сир-синоати, сеҳри нимада? Бу саволларга Гётенинг қуйидаги сўзларидан жавоб топиш мумкин: «Аёлнинг бор қудрати ва жозиба кучи унинг оналик муҳаббатидадир».

Ўша тунда онам келмади

« — Онамни зўрға эслайман, — дея ҳикоя қилади «Бухенвальд» концлагерининг собиқ асири Юрченко Петр Максимович «Онам ҳақидаги хотиралар» китобида. — Немис фашистлари қишлоғимизга бостириб кирганида 3 ёшда эдим. Бизни бошқа асирларга қўшиб поездда қаёққадир олиб кетишаётганда онамнинг бағрида эдим. Онам гоҳ чўнтакларини титкилаб, гоҳ қаерлардандир тимирскиланиб, бир нималар топиб келар ва оғзимга соларди. Манзилга етиб келганимизда онамдан айиришди. Онамни ишчилар, мени эса донорлар, яъни немис солдатлари учун қон топширувчи болаларга ажратилган хароба баракларга жойлаштиришди. Фарзандидан айрилишни истамай дод-фарёд қилган аёлларни фашистлар жойида отиб ташлашарди. Орамиздаги масофа тахминан 2-3 чақирим эди. Лагерда оналар ва болалар бир-бири билан кўришиши қатъий тақиқланган бўлиб, интизомни бузганлар учун сўзсиз ўлим муқаррар эди. Очлик ва қон топшириш болаларнинг силласини қуритган, ҳар дақиқада ўнлаб болалар ётган жойидан туролмай ўлиб қолишарди. Учинчи ёки тўртинчи тунда қулоғимга ўзимгагина таниш бўлган, жуда паст шивирлаган овоз чалинди: — Ми-мо… Ми-имо. Онам мени эркалаганда шундай деб атарди. — Ойи, ойижон, мен бу ердаман. Мажолсизликдан судралиб ёғоч деворга ёпишдим. — Тш-ш…, секин, Мимо. Худога шукр, тирик экансан. Сени кўп қидирдим.

Онам девор тирқишидан қўлимга бир дона хом картошка тутқазди. Нодир неъматни деярли чайнамай ютдим. Томиримга қон югургандай бўлди. Шу ондан бош­лаб онам ҳар куни тун ярмидан оғиб, қоровулларни уйқу маҳв этган палла менга гоҳ яримта музлаган картошка ёки бир тишлам қора нон, гоҳида сабзавот пўчоқларини келтирарди. Концлагерга мен билан келтирилган болаларнинг деярли барчаси очлик ва камқонликдан ўлиб кетди. Ўрнига яна янгиларини келтиришарди. Менинг қилга осилиб турган ҳаётимни онамнинг меҳр-муҳаббати асраб қолди. Онам ўзига берилган озгина егуликларни емасдан, жонини хавф-хатарга қўйиб бўлса-да, менга ташиганини кейинчалик тушуниб етдим. Азоб-уқубатли кунларнинг бирида онамни кута-кута кўзим илинди. Немис овчаркаларининг безовта акиллаши ва автоматнинг тариллашидан чўчиб уйғондим. Ўша тунда онам келмади. Эрталаб тонгда солдатлар барагимиз яқинида ўлиб ётган бир аёлни судраб олиб кетишаётганини ўша девор тирқишидан кўрдим. Аёлнинг мен томон чўзилган қўллари яримта картошкани маҳкам чангаллаб олганди…»

Кўникиб кетаверамизми?

 Халқимиз энг улуғ инсоний фазилатлари билан дунё­га танилган. Урушнинг азоб-уқубатли йилларида ҳам, очлик ва қаҳатчилик суяк-суякларигача зирқиратган кунларда ҳам миллийлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт бўлган ҳар қандай иллатларга муросасиз бўлишган. Аждодларимиз юракларида имону эътиқод ва меҳр-оқибат шу қадар кучли бўлган-ки, аёллар шаънини жон қадар яқин, ор-номус, инсофу диёнатни ҳар қандай орзу-ҳаваслардан юқори қўйишган.

Саноқли йиллар олдин ота-онаси тирик бўла туриб етимхоналарда тарбияланаётган болалар мавзуси жамиятимиз учун оғриқли масала эди. Фарзандларини гоҳ яширин, гоҳ ошкора болалар уйига ташлаб кетаётган ота-оналар қаттиқ қораланарди.

Бундай иллатлар нафақат ўзи, маҳалла аҳли, қўни-қўшнилар учун ҳам иснод саналган. ОАВ саҳифаларида ўзини бозорга солаётган енгилтак хотин-қизлар, қутлуғ ошёнини булғаган қўшмачи аёллар, ўн гулидан бири очилмаган бокира қизларни алдов йўли билан чет давлатдаги фоҳишахоналарга сотиш билан шуғулланувчи «одам савдоси» корчалонлари ҳақидаги мақолаларни ўқиб, миллат шаъни ва қадр-қимматига чин дилдан ачинганимиз, юрагимиз оғрингани ҳали унут бўлганича йўқ.

Бозорга солинган болалар

Яқинда тўқсонни қоралаган тоғамнинг кўзида ёш кўриб, тинчим бузилди. У киши ўқиётган газетани ғазаб билан четга улоқтирар экан, кўз ёшини яширолмади. «Ўқиманг дейман-ку сизга. Мана энди яна икки уч кун қон босимингиз кўтарилиб юради», дея жавради янга. Йигирма беш ёшли ўғил отасининг кўнгли бўшлигидан кулган бўлди:

— Э, шунга шунчами. Нима, биринчи бор эшитяпсизми, бундай воқеаларни?..

Қизиқсиниб газетани қўлимга олдим ва тоғамнинг кўнг­лини бузган мақолани ўқишга тутиндим. Унда андижонлик аёлнинг саккиз ойлик ўғлини 1000 долларга пуллаш мақсадида харидор излагани ва жигаргўшасини сотаётган вақтида қўлга олингани ҳақидаги тафсилот ёзилган экан.

— Одамлар бир тишлам нонга зор бўлган, очликдан силласи қуриб, кўча-кўйда ўлиб ётган кунларни кўрдим, лекин ўз фарзандини сотган бирор-бир одамни эшитмаган эдим, — деди тоғам куйиниб. — Атроф­га қара, қандай фаровонлик. Машаққат йўқ, оворагарчилик йўқ, истаган ноз-неъмат тайёр. Овқатни танлаб есак, ки­йимни саралаб кийсак. Шундай тўкин-сочин замонда боласини сотиш қабоҳатдан бошқа нарса эмас.

Кескин, аёвсиз бўлса-да, тоғамнинг фикрига қўшилмай, жиянимнинг эътирозини ҳам эътироф этмай илож йўқ, деб ўйладим ва беихтиёр ижтимоий тармоқларда қўзиқориндай пайдо бўлаётган бу каби нохуш иллатлардан бири ёдимга тушди.

Қашқадарёлик Камола (исм-шарифлар ўзгартирилган) мактабни битиришга бардоши етмадими ёки истаги бўлмадими, ўқишни тамом йиғиштирди-да, тўсатдан Самарқандга отланди.

— Бошқа ўқимайман, — деди ўз тақдирига ўзи хўжа­йин қиз. — Самарқандда таниш дугоналарим официант бўлиб ишлаяпти. Уларнинг олдига бориб, мен ҳам ишлайман. Унинг ота-онаси қиз бола ёлғиз ўзи қаерга кетаяпти, дугоналари кимлиги билан на қизиқишди, на эътироз билдиришди. Камоланинг таниш дугоналари ўзидан 5-6 ёш катта бўлиб, кўчада тасодифан танишиб қолишганди. 16 ёшли қиз улар яшаётган уйга келгач, бу опаларнинг ҳеч қаерда ишламай, маишатда яшашларини билди. Лекин уни орқага қайтаргувчи, тўғри йўлга солгувчи кимса топилмади. Бу орада Камола ўзи танимаган, билмаган оилали йигитдан ҳомиладор бўлиб қолди. Иложсиз қолганда, яна «меҳрибон опалар» ёрдам қўлини чўзишди, яъни ҳали туғилмаган гўдакка харидор топишди.

«Ҳам шармандаликдан қутуласан, ҳам яхшигина пул ишлаб оласан», дейишди. Бу гап Камолага мойдек ёқиб тушди, ахир, унинг мақсади ҳам шу эди-да. Уддабурон қиз йигирма кунлик чақалоғини 1000 долларга сотаётган пайтида қўлларига кишан солинди. Не ажабки, суд залидагина бола тақдирига бефарқ ота-она ва енгил ҳаётга иштиёқманд қизнинг кўзлари «ярқ» этиб очилгандай бўлди.

Иллатнинг илдизи қаерда?

Доно халқимизнинг «Иллат иллатни чақиради», деган нақли бежиз айтилмаган. Бу ҳикмат замирида улкан ҳақиқат бор. Зотан, арзимас пулга сотилган, ахлатхона ва ҳожатхонага ташлаб кетилган болалар аслида, номуссизлик ва баднафслик қурбонларидир.

Тўғри йўлдан адашган ўғил-қизларимизнинг жиноий қилмишлари, аввало, ота-она, маҳалла, мактаб ва бошқа тегиш­ли мутасадди ташкилотлар, масъул ходимларнинг масъулиятсизлиги, касбий бурч ва вазифаларига «мендан кетди, эгасига етди» қабилида ёндашишлари, бир-биримизнинг тақдиримизга лоқайдлигимиз мевалари, десак, муболаға бўлмас.

Очиғи, ёнгинамизда яшайдиган айрим қўни-қўшниларимизнинг номуссизлик, қўшмачилик каби «бизнес» фаолиятини кўрмаймиз, эшитмаймиз. Сабаби, бир сўз дейишга оғиз ростлаган «ёзувчи»лар ва «ичи қора»ларнинг оғизларига урадиган бойвачча «тадбиркорлар» олдида ҳаттоки айрим маҳалла, ички ишлар ва бошқа тегишли мутасадди ташкилот ходимларининг тили қисиқлигидан хижолат тортамиз-да.

Шукрки, миллат шаъни, ёшлар тақдири, комил инсон таълим-тарбиясига жонкуяр ҳамюртларимиз кўпчиликни ташкил этади. Улардан бирлари оилада, ўқув муассасаларида азалий қадриятларимиз манбаи бўлмиш ислом таълимотига кенгроқ эътибор қаратиш керак, деган фикрда.

Бу борадаги бурч ва масъулиятни янада кучайтириш ҳамда жавобгарлик таъсир чораларини қатъий белгилаш тарафдорлари ҳам талайгина.

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

журналист

2019 йил 9 август, 30-сон

“Жамият” газетаси

Бошқа хабарлар