«Айбим – қиз туққаним»

57

Яқинда шифохонамизга бир аёл келди. У кучли бош оғриғи, бош айланиши, уйқусизлик, кўнгил айниши, асабийлашишдан шикоят қиларди. Текширув давомида бошининг энса соҳасида ғурра аниқланди, кўз атрофи юмшоқ тўқималари ҳам кўкарган. Кўриниб турибдики, кимдир уни калтаклаган.

Кейин билдикки, эри маст ҳолатда келиб, уни роса дўппослаган.
– Айбингиз нима? деб сўрадим бемордан.
– Айбим – қиз туққаним, – дея хўрсинади у. – Биринчи фарзандим УЗД текширувида қиз эканини билишганидан буён аҳволим шу. Ҳозир уч нафар қизим бор. Эрим ва қайнонамнинг дашномларидан тўйиб кетдим. Етти йилдирки, аҳвол шу…
Шунда туйқус хаёлимда Тошкент тиббиёт академиясида ўқиб юрган кезларим жонланди.
… 5-курс эдик. Маъруза сўнгида бир талаба ўқитувчига шундай савол берди: Устоз, фарзанднинг қиз ёки ўғил бўлишида кўпроқ онани айблашади, шу тўғрими?
Шунда ўқитувчимиз шундай жавоб қилди: «Сен шафтоли экиб, ўрик олмоқчимисан?».
Ҳар доим шундай бўлган. Оилада қиз фарзанд туғилишида кўпроқ она айбланган. Аслида, қиз бўлсин, ўғил бўлсин – борига шукур. Қанчадан – қанча одамлар тирноққа зор.
Энди биологик нуқтаи назардан ҳомила жинси қандай шаклланишини эслаб ўтсак. Эркак жинсий ҳужайрасида 2 хил – Х ва Y хромосомалар бўлади. Аёл жинсий ҳужайрасида эса фақат Х хромосома мавжуд. Агар уруғланиш жараёнида эркакнинг Х хромосомали спермотозоиди аёл тухум ҳужайраси билан қўшилса, (аёлларда фақат Х хромосомали тухум хужайра бўлади) ҳомила генотипи ХХ хромосомага эга бўлиб, бундан қиз фарзанд дунёга келади. Борди-ю эркакнинг Y хромосомали спермотозоиди аёл тухум ҳужайраси билан қўшилса, ҳомила ХY хромосомага эга бўлиб, бундан ўғил фарзанд дунёга келади.
Ана энди тушунгандирсиз, ўқитувчининг «Шафтоли экиб, ўрик олмоқчимисан?» деган сўзларининг мағзини.

Элбек БОЛТАЕВ,
Хива тумани тиббиёт
бўлими шифокори

Бошқа хабарлар