ИЛМИЙ САЛОҲИЯТНИ НАМОЁН ЭТИШ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГ

90

Виктор Алимасовнинг «Илмий унвон нимага керак?» мақоласини ўқиб…

Мамлакатимизда таълим ва фан соҳалари, жумладан, олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими сифатини ва самарадорлигини ошириш юзасидан, айниқса, сўнгги йилларда ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 16 февралдаги «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони асосида 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги икки поғонали таълим тизимининг жорий қилиниши тарихий аҳамият касб этди. Мазкур фармон илмий изланишлар сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, илмий салоҳиятни юксалтириш, илмий фао­лиятга иқтидорли ёшларни кенг жалб қилиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Фалсафа фанлари доктори Виктор Алимасовнинг «Ishonch» газетасида (27.07.2019 йил №91) чоп этилган мақоласида олий таълим, илмий тадқиқот ва ОАКга оид фикрлар билдирилган эди. Биз Виктор Алимасовни ўз соҳасининг етакчи олим-мутахассиси ва моҳир педагог сифатида қадрлаймиз. Муаллифга ҳурмат кўрсатган ҳолда мақоладаги ОАК фаолиятига тааллуқли жойлари бўйича қуйидагиларни келтирмоқчимиз.

ОАК ўз ваколати доирасида доимий равишда аттестация жараёнига оид тартиб-қоидаларни такомиллаштириш, жойларда илмий жамоатчилик билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил қилиш ва изланувчиларга илмий-ташкилий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан тегишли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Масалан, диссертация ҳимояси тўғрисидаги маълумотлар эълон берилган кундан бошлаб ҳимояни ўтказиш муддатини 50 кунга қисқартириш (90 кундан 40 кунгача) ва автореферат тарқатилгандан кейин ҳимояни ташкил этиш муддатини 1 ойдан 12 кунгача камайтириш каби қоидалар низомларга киритилди; илмий даражалар ва илмий унвонлар бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб ҳужжатларни ОАКга тақдим этиш муддати 66 фоизга камайтирилди; барча қўшимча малакавий имтиҳонлар бекор қилинди. Кейинги бир ярим йил ичида жойларда 4300 нафардан ортиқ илмий жамоатчилик вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, унда 1300 тадан ортиқ саволларга тушунтириш берилди ва 550 нафар изланувчига жойида амалий ёрдам кўрсатилди.

Диссертация ва унинг авторефератини расмийлаштириш ўрнатилган тартибда тасдиқланган «Диссертация ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидалари» асосида амалга оширилади. Кези келганда шуни таъкидлаш керакки, ОАК томонидан тасдиқланган ҳар бир идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат, албатта, илмий жамоатчилик билан маслаҳат қилинган ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқланиб, давлат рўйхатидан ўтганидан кейингина амалиётга жорий этилган. Демак, моҳиятан аттестация жараёнига оид тартиб-қоидалар нафақат ОАК, балки илмий жамоатчилик ҳамда манфаатдор ташкилотларнинг ҳам қарори бўлиб, ваколати доирасида ОАК томонидан тасдиқланади.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги ­нечта бўлишини фақат илмий изланувчи ўзи амалга оширган тадқиқот натижасига кўра белгилаши мумкин. Бу борада ОАК тарафидан ҳеч қандай чеклов ёки талаб йўқ. Илмий янгиликлар ҳақидаги маълумотлар тўрт нафар шахс имзо қўйганидан (изланувчи, илмий раҳбар, илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раиси ва илмий котиби) кейингина расмий равишда илмий даражалар берувчи илмий кенгаш томонидан ­ОАКга тақдим этилади. ОАКда ҳужжатлар фақат меъёрий-техник экспертизадан ўтказилади, уларнинг мазмуни кўриб чиқилмайди.

Плагиат (кўчирмачилик) ҳолатларини аниқлаш бўйича тўловлар ҳақида. Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида 2017 йилнинг 22 ноябрдан бошлаб диссертация ва авторефератларда плагиат (кўчирмачилик) ҳолатини аниқлаш билан боғлиқ тўлов миқдорлари белгиланган. Плагиат ҳолатини аниқлаш рўйхатдан ўтказилган «Component» электрон дастури асосида амалга оширилади. Хизматлар ғазначилик ҳисоб рақамига белгиланган тартибда фақат пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Тушган маблағлар қуйидаги мақсадларда фойдаланилади: «Component» электрон дастурини такомиллаштириб бориш; маълумотлар базасини доимий равишда тўлдириб бориш; диссертация ва авторефератларни текширишга техник жиҳатдан тайёрлаш, солиштириш, таққослама жадваллар тузиш; электрон дастурнинг ишлаш жараёни барқарорлигини таъминлаш; жалб этилган мутахассислар меҳнатини рағбатлантириш ва бошқа ташкилий-техник сарфлар.

«ОАК Бюллетени» журнали бугунги кунда беш юз нусхада чоп этилмоқда. Журналнинг 2015 йилдан бошлаб чоп этилган барча сонлари ОАК веб-сайтига жойлаштирилган. 2019 йилнинг 5 июлидан бошлаб чоп этилган журналнинг тегишли сонини веб-сайт­­га дарҳол жойлаштириш йўлга қўйилди.

Журнал ўрнатилган тартиб­­да Ўзбекистон Республикаси Товар хомашё биржасида конкурс савдоларида ғолиб бўлган матбаа корхонаси томонидан чоп этилади. Журналнинг нархи ўрнатилган тартибда шакллантирилади. Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъмин­лаш тартибига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатга асосан журнални ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича жами харажатларнинг ўрни қопланганидан кейин қолган маблағнинг камида 75 фоиз моддий-техника базани мустаҳкамлашга ва 25 фоиз ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш тадбирларига сарфланади.

«ОАК Бюллетени» журнали шартнома асосида ОТМ, ИТМ ва бошқа ташкилотларга фақат банк муассасалари орқали пул ўтказиш йўли билан реализация қилинади. Журнал жисмоний шахсларга ҳам фақат банк муассасалари орқали тўлов амалга оширилганидан кейин, квитанциялар асосида сотуви амалга оширилади (нақд пул билан ҳисоб-китоб қилин­майди).

Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланганларнинг ёши бўйича фикр юритадиган бўлсак, уларнинг ўртача ёши  38 ёшга тенг. Мазкур илмий даражада 40 ёшгача тасдиқланган­ларнинг сони 1188 нафар бўлиб, жумладан 133 нафари 30 ёшгача, 343 нафари 31-33 ёш оралиғида, 251 нафари 34-35 ёш оралиғида ва 461 нафари 36-40 ёш оралиғидадир (Маълумот учун: ҳурматли олимимиз илмий раҳбарлик қилган талабгор диссертациясини 36 ёшда ҳимоя қилган). Ушбу ҳимоя қилаётганлар ёшининг катта ёки кичиклигига илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ёки ОАК ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Изланувчиларнинг ҳимоя ёшларини ёшартириш, энг аввало, изланувчининг ўзига, илмий раҳбари (маслаҳатчи)га ва иш бажарилган муассасада тегишли ишлар қандай ташкил этилганига боғлиқ.

ОАК тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳолда диссертациялар илмий янгилик (натижа)ларининг амалиётга жорий қилинишини талаб этади. Мақолада билдирилган «… чанг босиб ётиб­­ди» деган фикр 2013 – 2019 йилларда фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражалари бўйича ҳимоя қилинган диссертация­ларга нисбатан тўғри келмайди. Чунки, олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли (DSc) ва икки поғонали (DSc, PhD) тизимлари шароитида диссертацияни ҳимояга тавсия этишнинг асосий талабларидан бири сифатида илмий янгилик (натижа)ларнинг амалиётга жорий қилиниши белгиланган. Шунинг учун DSc (2013 – 2019 йиллар.) ва PhD (2017 – 2019 йиллар, мазкур илмий даража 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб жорий қилинган) бўйича ҳимоя қилинган барча диссертациялар илмий янгилик (натижа)лари тегишли равишда амалиётга жорий этилган.

Илмий янгилик (натижа)ларни амалиётга жорий этиш бўйича яна бир масала – далолатнома (маълумотнома) ҳақида. Илмий янгилик (натижа)ни амалиётга жорий этиш бўйича далолатнома ОАКга эмас, диссертация бажарилган муассасага тақдим этилади. Амалдаги тартиб­­га кўра, биринчидан, агар илмий янгилик амалиётга жорий этилмаса, диссертация­­ни иш бажарилган муассасада якуний муҳокамадан ўтказиш мумкин эмас; иккинчидан, муҳокаманинг ижобий натижасига кўра диссертация иш бажарилган муассасанинг кузатув хати асосида илмий даражалар берув­­чи илмий кенгашга тақдим этилади. Мисол тариқасида келтирсак, мақола муаллифи илмий раҳбарлигида бажарилган диссертация 2017 йилда ҳимоя қилинган бўлса, унинг илмий янгиликлари диссертация ҳимоясидан бир йил олдин 2016 йилда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, 2016 йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва 2016 йилда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» партияси фаолиятига жорий қилинган ва бу ҳақида тегишли маълумотномалар олинган; учинчидан, маълумотномада қайси илмий янгилик қаерга жорий этилгани ва ундан олинган ижтимоий ёки иқтисодий самара қайд этилади. Илмий натижанинг моҳияти иш бажарилган муассаса ёки муаллифнинг тегишли ташкилотга тақдим этган ҳужжатида батафсил кўрсатилади (Изоҳ: илмий натижа амалиётга жорий қилинган ташкилотнинг далолатномасида илмий натижанинг моҳияти тўлиқ кўрсатилиши ҳам мумкин. Мазкур ҳужжатнинг шак­лига ҳеч қандай эътироз билдирилмайди).

Мақолада илмий натижаларни амалиётга жорий этиш юзасидан келтирилган «ОАК ўқув даргоҳларини илмий ишланмалар жорий этиладиган масканлар қаторидан чиқариб қўйган?» деган фикрга келсак, натижаларни амалиётга жорий қилишда таълим тизими энг асосий масканлардан бири ҳисобланади. Масалан, 2017–2018 йилларда PhD илмий даражасида тасдиқланган изланув­чиларнинг амалиётга жорий этилган жами илмий натижаларининг 36 фоизи ижтимоий соҳага, жумладан, таълим тизимига – дарслик, ўқув қўллан­ма, педагогик технология ва бошқа кўриниш­ларда жорий этилган.

Мақоладаги «ўрта ҳисобда PhD илмий даражасини олиш учун ёш тадқиқотчи камида 6–7 йил умрини сарфламоқда. Баъзилари 10–12 йиллаб сарсон бўлиб юриб­­ди» деган фикрга тўхталсак, биринчидан, PhD илмий даражаси 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб амалиётга жорий этилган (изоҳ сифатида, бу ерда фан номзоди илмий даражаси ҳам кўзда тутилаётган бўлса керак); иккинчидан, PhD илмий даражаси бўйича 2017–2019 йилларда илмий даражалар берувчи илмий кенгашларга мурожаат қилган барча изланувчиларнинг ҳужжатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, диссертациялар ҳимояси низомлар талаблари асосида амалга оширилган; учинчидан, илмий даражалар берув­­чи илмий кенгашларга тақдим этилган диссертациялар улар қошидаги илмий семинарларда низом талаблари асосида дастлабки муҳокамадан ўтказилиб, моҳиятан талабга жавоб бермаса, улар иш бажарилган ташкилотга қайтарилади. Ёки камчиликлар жузъий характерда бўлса, илмий кенгаш томонидан изланувчига тегишли равишда илмий-ташкилий ёрдам кўрсатилади (бу уларнинг ишига тўсиқ қўйиш эмас, балки ишни тезлаштириш­­га хизмат қилади); тўртинчидан, ОАК веб-сайтида эълон қилиш учун тақдим этилган ҳужжатлар низом талабларига кўра 15 кунгача кўриб чиқилиб, натижасига кўра веб-сайтга жойлаштирилади ёки меъёрий-техник камчиликлар аниқланганда илмий даражалар берувчи илмий кенгашга расмий равишда қайтарилади. Ҳимоядан кейин тақдим этилган аттестация ишлари ўз муддатида кўриб чиқилади. Мазкур масаланинг моҳиятини, яъни 6-7 ва 10-12 йилларнинг сабабини илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ёки ОАКдан қидириш ноўрин. Бу борада ОАК муҳтарам В.Алимасовга мурожаат қилади: устоз, шундай изланув­чилар Сизга маълум бўлса, келинг, уларга Сиз, илмий раҳбарлар, кафедралар, лабораториялар, диссертация бажарилаётган ОТМ ва ИТМ билан биргаликда ваколатимиз доирасида амалий ёрдам кўрсатайлик.

Мақолада «илмий семинар, илмий кенгаш, ОАК чиғириқларидан ўтиш тадқиқотчиларни қуллуқ қилишга ўргатади, бу чиғириқдан ўтгунгача унда бирон нима яратиш иштиёқи сўнади» деган фикр билдирилган. Ҳурматли олимимизга яна бир бор эҳтиром келтирган ҳолда қуйидаги фикрларни маълум қиламиз:

биринчидан, олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли ва икки поғонали тизимлари шароитида «чиғириқлар»га барҳам берилди, масалан, фан доктори диссертациясини ҳимоя қилган барча талабгорларни ­ОАКга таклиф қилиб, савол-жавоб ўтказиш амалиёти бекор қилинди; диссертацияни дастлабки муҳокамадан ўтказув­­чи илмий семинарлар сони 5–6 тадан 2 тага туширилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бугунги кунга қадар илмий даражаларда тасдиқланганлар ҳеч қандай чиғириқдан ўтган ва ҳеч кимга қуллуқ қилган ҳам эмас.

Мамлакатимизда таълим-фан соҳаларини ривожлантиришга берилаётган жуда катта эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар, иқтидорли ёшларимизнинг шижоатли хатти-ҳаракатлари туфайли ва жоиз бўлса, «чиғириқлар» ва «қуллуқ ­қилишлар» бўлмагани сабабли, масалан, қишлоқ хўжалиги соҳасида уч нафар ёш мутахассис фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олганидан кейин бир йил ичида фан доктори (DSc) илмий даражаси бўйича диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди (Баъзи фикрлар туғилишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги маълумотларни келтириб ўтамиз: уларнинг ота-оналари катта лавозимда ишламайди; ҳимоя қилган ёшларимиз кафедра доцентлари ва докторант сифатида Ватанимиз тараққиёти учун илмий-педагогик фаолият билан шуғулланмоқда.);

иккинчидан, диссертациялар муҳокама қилинадиган кафедралар, илмий лабораториялар, ОТМ/ИТМ илмий семинарлари ҳамда илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар, улар қошидаги илмий семинарлар, шунингдек, ОАК эксперт кенгашларида В.Алимасов сингари ўз соҳасининг етук олим-мутахассислари, ҳалол ва виждонли олимлар фаолият юритмоқда. (Изоҳ: фаолиятида чекинишларга йўл қўяётган шахслар ёки тузилмалар бўлса, айтинг, улар билан дарҳол тегишли ишлар амалга оширилади!);

учинчидан, яратилган (яратилаётган) норматив ва амалий шарт-шароитлар самарали илмий фаолиятни рағбатлантириш­­га, илмий кашфиёт (янгилик) яратишга ва бундай ҳаракатларни янада ривожлантиришга йўналтирилган. Масалан:

а) 2013–2019 йилларда DSc ва PhD бўйича ҳимоя қилинган барча диссертацияларнинг илмий янгилик (натижа)лари тегишли равишда амалиётга жорий қилинган. Шу йилларда илмий даражаларда тасдиқланган талабгорлар диссертациясининг илмий натижалари бўйича 400 тадан ортиқ ихтирога патент олинган;

б) кашфиётлар асосида 17 нафар талаб­гор DSc ва 32 нафар талабгор PhD илмий даражаларда диссертация ҳимоя­сисиз тасдиқланди;

в) тегишли равишда халқаро тизимга кирган илмий журналларда илмий мақолалар чоп эттирган мутахассисга эксперимент тариқасида фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш қоидаси низомга киритилди.

Мақоланинг кириш қисмида келтирилган «Яқинда бир шогирдим арз қилиб қолди. Илмий иш қилаётиб, илмий кенгаш, Олий аттестация комиссияси талабларидан юрагим безиллаб қолди. Тўрт ойдан бери семинарни кутаман…», деган фикр бўйича:

биринчидан, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тез-тез ва ўз ҳолича ўзгартирилмайди. ОАК фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2012 йилдан бошлаб 3 марта ўрнатилган тартиб­­да ўзгартирилган;

иккинчидан, ОТМ ва ИТМ кенгашлари томонидан диссертация мавзулари тасдиқланганидан кейин уларни рўйхат­дан ўтказиш учун ҳужжат ­ОАКга фақат электрон ҳужжат айланиш тизими орқали тақдим этилади. Мавзу ОТМ ва ИТМ кенгаши томонидан тасдиқланганидан кейин изланувчи малакавий имтиҳонларни топшириши ва диссертациясини илмий даражалар берувчи илмий кенгашга тақдим этиши мумкин. Бу жараёнда мавзунинг эълон қилинишини кутиш шарт эмас;

учинчидан, мақола эълон қилинганидан кейин фалсафа фанлари бўйича илмий кенгашлар раислари устознинг шогирдлари илмий кенгашларга мурожаат қилмаганини маълум қилишди;

тўртинчидан, маълумот учун: устоз илмий раҳбарлигида 2017 йилда талабгор диссертация ҳимоясини ўрнатилган тартиб­­да муваффақиятли ёқлаган ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси тасдиқланган, яъни:

14.09.2017 й. –  талабгорнинг ҳужжатлари ОАКга тақдим этилган;

14.09.2017 й. –  маълумотлар ОАК веб-сайтида эълон қилинган;

29.09.2017 й. –  илмий кенгашда диссертация ҳимоя қилинган;

09.10.2017 й.  – аттестация иши ОАКга тақдим этилган;

29.11.2017 й . –  ОАК Раёсати қарори билан талабгор илмий даражада тасдиқланган.

Устоз, Сизда яна фикр-мулоҳазалар бўлса, уларни ОАК ёки илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда муҳокама қилишга тайёрмиз.

ОАК матбуот хизмати

Бошқа хабарлар