«МОҲИР ҲАЙКАЛТАРОШ» «ИЖОДИ»

9

Ғаллаорол туманидаги Қоронғул қишлоғи ҳудудидаги турли жойдан турлича кўринадиган ҳайратланарли тошлар мавжуд. Баъзилари олисдан одам гавдасини эслатади: ибодат қилаётган аёл, йиғлаётган бола, қўй-қўзилар боқиб юрган чўпонни… Бу ерда, нонтош, кенг, ёйиқ супа ҳамда тухумсимон тошлар ҳам мавжуд. Халқ «келинтош» деб атайдигани эса гўёки сизга салом бераётгандек туюлади. Шунда беихтиёр «табиат – моҳир ҳайкалтарош», деган фикрлар кўнгилдан ўтади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиатнинг бу ажойи­ботлари неча-неча асрлар муқаддам турли вулқон отилишлари, сўнгра тоғ жинсларининг емирилиши ҳамда кучли шамол туфайли вужудга келган.
Агар қишлоқ тепасидаги дара бўйлаб кўтарилсангиз, баланд қоятошлардаги турли суратларни кўришга муваффақ бўласиз. Улар, айниқса, ёмғир ёққанида ёки қуёш тик тушганида кўзга яққол ташланади. Қоятошлардаги суратларда тоғ эчкиси, архарлар, уй ҳайвонлари, сурув ортидан келаётган чўпон каби ­тасвирлар акс этган. Ҳар бир тошнинг ўзига хос хусусияти бор. Улардаги ноёб дурдоналарнинг контурлари аниқ ва равшан ифодаланган. Мусаввир суратнинг ҳар бир қисми (детали)ни моҳирона бажарган. Ушбу тасвирлар ўтмишда ҳам ўлкамиз табиати бой ва хилма-хил бўлгани, чорва молларининг кўпайиши учун шарт-шароитлар мавжуд эканини кўрсатади.
Қисқаси, Ғаллаорол тумани Қоронғул қишлоғидаги қоятошларда акс этган йигирма бешга яқин сурат ва тасвирлар бугунги ёш авлод учун очиқ осмон остидаги музей, саёҳатчилар учун эса ноёб топилма вазифасини ўтайди.

Муножат РАВШАНОВА,
Ғаллаорол туманидаги 45-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси

Бошқа хабарлар