Тартибга риоя этиш шарт

238

«Ishonch»га жавоб берадилар

«Ishonch» газетасининг жорий йил 13 июль кунги сонида чоп этилган «Ўқувчига телефон керакми?» сарлавҳали мақолага Халқ таълими вазирлигидан қуйидагича жавоб келди:

… Инсон, шу жумладан, болалар ҳуқуқлари поймол қилинишининг олдини олиш нуқтаи назарида, биринчи навбатда, мобиль телефонлар ўқувчи ва талабаларни дарсдан чалғитувчи ҳамда соғлигига зарар етказувчи восита эканини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги қонунлари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом» Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги 139-сон қарорига мувофиқ амалиётга жорий этилди.
Мазкур низомнинг қабул қилиниши таълим муассасаларида мобиль телефондан фойдаланиш тартибини ва бу борада таълим муассасалари раҳбарлари, ўқитувчилари, ишчи-ходимлари, ўқувчиларининг ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятларини белгиловчи меъёрий-ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Таълим муассасасида таълим олувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асос­­ли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси, яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефонлардан фойдаланишга рухсат этилади.
Таълим муассасаларида ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин ўқувчилар телефонини ўчириб қўйиши, телефонини портфели, сумкаси ва шу кабиларга солиб қўйиши шарт.

Бундан ташқари, телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш, телефон аккумуляторини зарядлаш учун уларни таълим муассасаси электр тармоқларига улаш қатъиян тақиқланади.
Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланиш тартибига риоя этилиши назоратга олинган.

Ушбу Низом талаблари янги ўқув йилида имзо қўйдирилган ҳолда ҳар бир ўқувчига ва унинг ота-онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахс­ларга) етказилади. Янги ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар билан тарбиявий соатларда, уларнинг ота-оналари билан улар иштирокида ўтказиладиган йиғилишларда мунтазам муҳокама этиб бориш, ота-оналарга мобиль телефонларнинг салбий таъсири юзасидан тушунтириш ишлари доимий йўлга қўйилади.

Вазир ўринбосари Д.Кенжаев

Бошқа хабарлар