ҲИНДИСТОННИНГ ШАРДА УНИВЕРСИТЕТИ ЎЗБЕКИСТОНДА

93

Мамлакатимизда  олий таълимда хусусий секторнинг улушини кўпайтириш, айниқса, дунёнинг ривожланган ОТМлари филиалларини ташкил этишга катта аҳамият берилмоқда. Зеро, хориж университети филиалларининг ташкил этилиши, аввало, жаҳон тажрибасини мамлакатимизга олиб келишга хизмат қилади, қолаверса, кўпроқ ёшларнинг олий маълумотли бўлишига, тизимда  рақобат муҳити кучайишига таъсир кўрсатади. Президентимизнинг 2019 йил 10 апрелдаги «Шарда университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ана шундай эзгу мақсадларни кўзлаганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Шарда университетининг етакчи ташкилотчилари ва журналистлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Андижон вилоятида ташкил этилган янги  университетнинг фаолияти, имкониятлари ва  йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Мазкур университет 1995 йил Ҳиндистонда ташкил қилинган бўлиб, таркибига қуйидагиларни олади: Шарда университети (Нойда, Дели), Шарда госпитали (Нойда, Дели), ShardaTech IT компанияси, Индостан (Агра) бошқарув ва компьютер тадқиқотлари институти, Индостан (Агра) илмий-техник коллежи.

Университетда 175 йўналишда кадрлар тайёрланади. Иқтисод, муҳандислик, стоматология, тиббиёт, ахборот технологиялари, ҳуқуқ, фармация каби замонавий соҳалар шулар жумласидандир. Ўзбекистон ҳукуматининг таклифига биноан айни пайтда Андижон вилоятида ташкил этилган филиалда муҳандислик, ахборот технологиялари ва бизнес йўналишларига 400 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган.

Университет биноси, талабалар ётоқхоналари ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун Андижон шаҳар ҳудудидан 10 га.га тенг ер  майдони ажратилиб, Ҳиндистон томонидан 20 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинди. Бино қурилиб битказулгунча талабалар айни пайтда вақтинчалик ажратилган бинода таҳсил олишади. Шарда университети администрацияси бошлиғи Амал Кумарнинг айтишича, ҳозирда вақтинчалик бинода ҳам қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва октябрь ойидан бошлаб университетда илк дарслар бошланади.

Маълумот учун айтиш жоизки, университетда дарслар инглиз тилида олиб борилади. Абитуриентлар июль ойида Андижонда тест имтиҳонлари топширишди. Пойтахт ва воҳа ҳудудидан келувчи абитурентлар учун эса 22 август куни Тошкент шаҳрида  кимё, физика, инглиз тили ва математика фанларидан тест имтиҳонлари ўтказилади. Инглиз тилидан халқаро сертификатга эга ёшлар ва фанлардан юқори бал тўплаган абитурентлар учун 30 фоиздан 100 фоизгача грант асосида ўқиш имконияти яратилган.

 – Билимли ёшлар учун бундай имконият тақдим этишдан мақсадимиз, университетга энг иқтидорли  ёшларни жалб қилиш ва мустақил давлатлар ҳамдўстлиги – Ўзбекистондаги илк филиалимизнинг нуфузини  оширишдир, – дейди университетнинг стратегик бошқариш ва лойиҳаларни ривожлантириш  маркази бошлиғи Элан Рози.

Анжуманда айтилишича, университетнинг бизнес факультетига тўлов шартнома миқдори бир йилга 4 минг АҚШ доллари, муҳандислик факультетига эса 5 минг АҚШ доллари этиб белгиланган. Талабаларга дарс берувчи мутахассисларнинг ярми Ҳиндистондан, ярми эса Ўзбекистондаги йўналиш жиҳатдан бир хил бўлган университетлардан жалб қилиниши режалаштириляпти. Ўқиш давомида талабаларнинг “Таълим алмашинуви дастури” доирасида Ҳиндистонда ҳам таҳсил олишлари йўлга қўйилади.

Зебо НАМОЗОВА,

“Ishonch”

Бошқа хабарлар