СЎЗЛАРДА НАМОЁН ЎЗЛИК

85

Кишининг ўзи унинг сўзида намоён бўлади. Суҳбатдошимизнинг гапириш манераси, оҳанги, танлаган сўзлари, уларни қўллаш тартиби бизга у ҳақда батафсил маълумот беради. Яшаш тарзи, тарбия топган муҳити, нималарни хуш кўриши, қай соҳани эгаллагани – умуман қандай одамлигини билиб оламиз. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган мақолада муаллиф сўзларнинг инсон ҳаётидаги, хусусан, таълим жараёнидаги аҳамияти ҳақида фикр эритган. Танишиб, ўзингиз учун кутилмаган ва ёқимли хулосаларга эга бўласиз.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

«АЛЛАЛАЙДИГАН» МАЪРУЗАЛАР

ёхуд таълимнинг сифати ва самараси нимага боғлиқ?

Бу саволга педагогнинг замонавий талабларга жавоб бериши, ахборот технологияларини пухта ўзлаштириши, ўз фанини чуқур билиши, кенг қамровли билимга эга бўлиши, ўз ишига масъулият билан қараши, дея жавоб берамиз. Тўғри, буни инкор этолмаймиз. Лекин фақат шуларгина сифат ва самаранинг мезони бўла олармикан?

Ўз фанини чуқур билган, назарий жиҳатдан пухта, бўйи баробар китоб­лар, ўқув қўлланмалар ва дарсликлар ёзган мутахассислар бор. Бироқ уларнинг айримлари минбар, микрофон ва видеокамера орқали аудиторияга юзланса, қўрқув ва ҳаяжонга тушади, билганини ҳам айтолмай, фикри пойинтар-сойинтар йўсинда бўлади. Энди тасаввур қилинг, ўз фанига, мавзусига қизиқтира олмаган, таълим таъсирчанлигига риоя эта олмаган педагог қандай қилиб ўқувчига етарли билим бера олади? У қандай йўл билан тингловчини ром этиши, талабани маҳлиё қилиши, ўзига, сўзига эргаштира олиши мумкин? 

 Халқимизда «Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар» деган нақл бор. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки инсоннинг ўзлиги учун кўзгу унинг сўзидир. Кишининг икки оғиз сўзидаёқ, унинг билим савияси, маънавияти, дунёқараши, табиати, феъл-атвори намоён бўлади. Шунинг учун ҳам педагогнинг нутқий ва хулқий маданияти улуғвор мақсадларимизни, таълим тизимидаги истиқболли режаларни амалга оширишдаги муҳим қуролдир.

Таълимнинг калити — нутқ билан, тарбиянинг калити — хулқ билан гўзал. Нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлмаган шахсни комил инсон, авлодни баркамол авлод деб бўлармикан? Ана шу маънавий ҳамда маърифий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда, ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги олтин занжир — мулоқот ва муомала маданияти ҳисобланади.

Тасаввур қилинг, тарозининг бир палласида сизга мактабда ёхуд олий таълим муассасасида дарс берган ўқитувчининг (маърузаси), иккинчи палласида эса амри маъруф қиладиган имом-хатибнинг нутқи. Айтингчи, қай бирини эшитишга халқда мойиллик устувор, қай бирида оҳанрабо бор, қайси бири ўзига тортади? Шубҳасиз, кўпчилик иккинчисини танлайди. Хўш, нима учун? Чунки биздаги диний бўшлиқ, уни тинглашга бўлган мойиллик, онгимизга болаликдан жойланган қироат ҳамда Қуръондан келтирилган сура ва оятлар ҳамда ҳадиси шариф намуналари, ўгитлар, ҳаётий мисолларни эшитиб, улардан ибрат олишга ўрганганмиз. Шу боис ҳам биз уни беихтиёр мароқ билан тинглаймиз. Педагог нутқини эса…

Дарс машғулотларидан бирида шу нарсанинг гувоҳи бўлганман. Зериктирувчи нутқи билан маъруза қилган ўқитувчига бир талаба икки қўлини кўксига қўйиб, «Устоз, сизга минг раҳмат, маза қилдим», деди. Таажжубга тушган ўқитувчи унга: «Ўғлим, салкам қирқ йилдан бери дарс бераман, худди шу сўзни, шу илтифотни кутиб яшадим, кутиб ишладим, нима учун раҳмат деб миннатдорлик билдирдингиз»,  деса, унга жавобан талаба шундай деди: «Домлажон, шундай «чиройли» маъруза ўқидингизки, онамнинг алласи ҳам мени бир соат бу даражада маза қилиб ухлатмаса керак». Кулгили, лекин аслида бу фожиа. Ўқувчи фандан безса, эртага ватандан безади, ватандан безса, индинга ватангадо бўлади, ватангадо бўлса, охир-оқибат кафангадо бўлади.

Аслида, педагогнинг вазифаси нима? Фанга қизиқтириш орқали ўқувчини эргаштириш, таълимнинг таъсирчанлигига эришиш эмасми? Педагог қайси фандан дарс беришидан қатъий назар, аввало, унинг нутқи гўзал бўлиши шарт. Куним ўтса бўлди, эшитса, эшитсин, ўрганмаса, ўрганмасин, деган бепарволик лоқайдликка йўл очади. Барча иллатларнинг ини эса лоқайдликда.

Воизлик ниҳоятда шарафли ва айни пайтда масъулиятли касб. Омма олдига чиқиб, бир неча соатлаб нутқ сўзловчи киши тингловчиларнинг туйғуларига таъсир ўтказиши, ишонтириши, сўз сеҳри билан уларни тўлқинлантириши учун жуда катта билим ва иқтидорга, фасоҳат ва маҳоратга эга бўлиши лозим. Бу хусусият муаллим ва мураббийларга ҳам бегона бўлмаслиги керак.

Афсуски, кейинги пайтларда мулоқот ва муомала жараёнида сўзни ифода этишда адабий тил қоидалари ва меъёрларига риоя этмаслик ҳолатлари учраяпти. Бу эса саводхонлигимизга путур етказибгина қолмай, балки маънавиятимизни тубсиз жарлик сари етак­ламоқда. Саводхонлик иккита асосга таянади: оғзаки ва ёзма нутқ. Ҳар иккаласини қўллашда кўз юмиб ўтолмайдиган камчиликларимиз бор. Бунга бефарқ ва лоқайд бўлсак, келажак бизни асло кечирмайди.

Мавзуга дахлдор маълумотларни тўплаш, далил ва асосларни йиғиш ҳамда уларнинг таъсирчанлигига эътибор қилиш педагог тарғиботчиларнинг диққат марказида бўлади. Бунинг учун олий таълим муассасаларининг ўзида илк босқич, яъни профессор-ўқитувчилар ўртасида нотиқлик санъати билан боғлиқ турли кўрик-танловлар ўтказиш зарур деб ҳисоблайман. Кейинги босқичда эса профессор-ўқитувчилар нотиқлик йўналишида таҳсил олиб, малакасини ошириши мумкин. Кейинги босқич 3 йил муддатдан сўнг амалга оширилади. Унда маълум бир соҳага, таълим тизимига оид қонун ва қарорларни, фармон ва фармойишларнинг мазмун-моҳиятини етказа олиш, шарҳлаш, тушунтириш даражаси ҳамда иш тажрибаси баҳоланади. Риторика, воизлик, яъни нотиқлик санъатининг турлари бўйича ихтисослашган назарий маълумот ва амалий машғулотлар чуқурроқ тарзда ўқитилади. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ўртасида «Энг яхши нотиқ-педагог», талабалар ўртасида «Энг яхши нотиқ-талаба», юқори синф ўқувчилари ўртасида «Энг яхши ўқувчи-нотиқ», хотин-қизлар ўртасида «Энг яхши воиза», диний соҳа вакиллари ўртасида «Энг кучли воиз» республика кўрик-танловлари ташкил этилса, ўсиб келаётган ёш авлод вакилларида нутқ маданияти билан боғлиқ муаммолар оз бўлса-да, бартараф этиларди.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,

«Нотиқлик санъати академияси»

таълим муассасаси директори,

филология фанлари номзоди

2019 йил 9 август, 30-сон

“Жамият” газетаси

Бошқа хабарлар