Ҳар бир ишловчи манфаатдор бўлиши шарт

65

Биз ҳар доим «ходим ишга соғ-саломат келиб, уйга омон-эсон қайтиши керак» деб такрорлаймиз. Бунинг учун аниқ чоралар кўриб, уларнинг оғишмай бажарилиши ҳаракатида бўламиз. Йилнинг ўтган даврида вилоятимиз бўйича бу борада режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш учун 3 миллиард 631 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани ҳам фикримизни тасдиқлаб турибди.
Мен нега сўзимни меҳнат муҳофазасидан бошладим? Боиси, барча саъй-ҳаракатларимизнинг пировард натижаларидан бири айнан ходимларга яратилган шароитларда кўзга ташланади. Касаба уюшма етакчиси кучли, фаол, ташаббускор бўлган ташкилотда ходимлар хавфсиз шароитларда фаолият кўрсатиши аллақачон исботини топган.

Тасарруфимиздаги ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 1659 нафар вакил сайланган бўлиб, уларнинг 1040 нафари махсус курсларда ўқитилди. Эндиликда улар ўз зиммасидаги масъулиятни янада чуқурроқ ҳис қилаётганини кўряпмиз. Улар меҳнат муҳофазасига оид 15 та камчилик аниқлашган. Шундан 12 тасини иш берувчилар бартараф этган. 278 та бошланғич ташкилотда уч босқичли маъмурий-жамоат назорати ўрнатилгани ҳам меҳнат муҳофазасини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўз-ўзидан савол туғилади: нега энди айрим иш берувчилар лоқайдлиги, қонун талабларини яхши билмаслиги оқибатида ходимлар ёки уларнинг оила аъзолари ноҳақ азият чекиши керак? Мана бир мисол: «Хоразм газ таъминот» унитар корхонасида ишлаб, йўл автотранспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган. Р.Жаббаровнинг турмуш ўртоғи бир йилдан бери ўзига тегишли зарар тўловларини ололмасдан сарсон эди. Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси­ судга даъво аризаси киритгани натижасида унинг оиласига 192 миллион сўм миқдорида мажбурий тўлов ундириладиган бўлди.
Шу ўринда бир мулоҳазани ўртага ташламоқчиман. Айримлар ҳанузгача «касаба уюшмалари санаторийга йўлланма берадиган ташкилот», деган эскича қарашдан қутула олмаяпти. Биз қуйида келтирадиган рақамлар бу фикрнинг қанчалик нотўғрилигини кўрсатади.
2019 йилнинг 6 ойи давомида бирлашма юридик бўлимда 117 та ариза ва шикоят кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг аксариятида ходимлар иш берувчининг қароридан норозилигини билдирган. Улар қонуний асосда ўрганиб чиқилиб, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари номига 27 та тақдимнома киритилди. 53 нафар ходимнинг ишга тикланиши ва 105.000.000 сўмдан ортиқ пул маблағлари ундирилишига эришилди. ­Судга киритилган даъво аризалари орқали 19 нафар фуқаро ишга тикланиб, ойлик маошлари ундириб­ ­берилди.
Касабақўм етакчиси жамоа­нинг нафақат кўзи ва қулоғи, балки юраги ва виждони ҳамдир. Айнан шунга кўра ҳам у меҳнат муносабатларининг қонун талаблари асосида йўлга қўйилишини назорат қилиши зарур. Шу боис, биз бош­ланғич ташкилотлар етакчилари билим ва салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ташкил қилинаётган масофавий ўқув курсларида уларга зарур билим ва кўникмалар берилмоқда. Йилнинг ўтган даврида 60 нафар бошланғич касаба уюшма қўмиталари раисларининг малакаси оширилди. Бу жараён режа асосида давом этмоқда. Шу билан биргаликда, бирлашма масъул ходимлари 72 та бош­ланғич ташкилот, 41 та шаҳар, туман кенгашларига амалий ёрдам кўрсатишди. Бу жараёнда касабақўм етакчиси биринчи навбатда эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида тушунтириш берилмоқда.
Етакчилар маҳоратини ошириш орқали нималарга эришмоқдамиз? Жамоа шартномасида кўзда тутилган имтиёзлардан ходимлар қанчалик манфаатдор бўлмоқда? Нодавлат мулк шаклидаги 76 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 26 нафар болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши жорий этилди. 553 та корхонада кам таъминланган 1108 нафар ёш оилалар вакилларига 220 миллион сўмлик кўмак берилди. 51 та корхонада ногирон фарзандини парвариш қилаётган 57 нафар ота-­онага 11 миллион 325 минг сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатиб, корхона ва ташкилот равнақига катта ҳисса қўшган инсонлар меҳнати муносиб тақдирланмоқда. Масалан, 197 та корхонада 287 нафар пенсия ёшидаги ходимлар пенсияга чиқишидан олдин 96 миллион 693 минг 500 сўмлик бир йўла моддий ёрдам берилиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Юбилей муносабатлари билан 211 та корхонада 261 нафар ходим 61 миллион 993 минг сўм миқдорида рағбатлантирилди. 286 та корхонада 612 нафар ишламайдиган пенсионерларга 79 миллион 525 минг сўмлик кўмак берилди. Байрамлар арафасида 126 та корхонада 177 нафар ногиронлиги бўлган шахс­лар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишиларга 25 миллион 826 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Буларга 3 ёшгача фарзанд тарбия­лаётган аёллар, уй-жой қуриш ёки маиший техника олиш учун ажратилаётган фоизсиз кредитлар, фарзандларига ўқув қуроллари олишга берилаётган ёрдам, таътил кунларининг узайтирилганлиги ва бошқа қатор имтиёзларни ҳам қўшишимиз мумкин. Умуман олганда, бугунги кунда жамоа шартномалари ўз фаолиятидан, жамоасидан рози бўлишини кафолатловчи муҳим ҳужжат сифатида намоён бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, касаба уюшмаларининг ваколатлари нақадар кенг­лигини ва ушбу жамоат ташкилоти ҳар бир ишловчи учун кераклигини ­англатади.
Яна бир муҳим масала борки, унга алоҳида тўхталмасликнинг асло иложи йўқ. Хоразмнинг экологик шарт-шароит­ларидан келиб чиққан ҳолда, ходимларни санаторийларда соғломлаштиришга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Йилнинг биринчи ярмида 558 нафар ўрнига 591 нафар ходим касаба уюшмалари тизимидаги санаторий йўлланмалари билан таъминланди, шундан 549 нафар ходимга имтиёзли, 39 нафарига бепул тарзда ажратилди. Қолаверса, касаба уюшма маблағлари ҳисобига 530 нафар ишчи-хизматчилар ҳамда 115 нафар ишчи-хизматчиларнинг оила аъзоларига имтиёзли йўлланмалар берилиб, санатор-курортларда соғломлаштирилди. Бундан ташқари, жамоа шартномаларига асосан иш берувчиларнинг маблағлари ҳисобидан 20 нафар ишчи-хизматчилар, 7 нафар ишчи-хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда 4 нафар ташкилотда ишлаб пенсияга чиққан меҳнат фахрийларга имтиёзли йўлланмалар берилди.
Биз касаба уюшмалари кўмагидан, жамоа шартномаси имкониятларидан ҳамма ишловчилар баҳраманд бўлишини истаймиз. Шу мақсадда вилоятдаги фаолият кўрсатаётган юридик шахслар рўйхати шакллантирилиб, уларни касаба уюшма хизматига олиш режаси ишлаб чиқилди. Тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида биргина июнь ­ойида 149 та ташкилот касаба уюшмалари хизматига жалб этилди, 1460 нафар ходим аъзоликка қабул қилинди.
Шу кунларда қизғин муҳокама қилинаётган «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойи­ҳасининг қабул қилиниши мамлакатнинг энг йирик жамоат бирлашмасининг мавқеини янада мустаҳкамлашга, қолаверса, ҳар бир ишловчининг манфаатлари қонун билан ҳимояланишига хизмат қилиши аниқ. Зеро, ходим давлат корхонасида фаолият кўрсатадими, хусусий сектордами – бундан қатъи назар, хавфсиз меҳнат шароитида ишлаши, ижтимоий ҳимоядан баҳраманд бўлиши, ўз фикрларини иш берувчига эмин-эркин билдира олиши, яхши-ёмон кунида жамоа кўмагига суяниши мумкинлигини доим ҳис қилиши лозим.

Даврон АЛЛАҚУЛИЕВ,
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси
кенгаши раиси

Бошқа хабарлар