ЧЕКСАНГ УЛУҒ БИР ДАРД ЧЕК

47

Ватан манзумаси

Ватан, кўрдим тўнингнинг сузилиб турган ерин,
Шуни кўриб кўнглимнинг бузилиб турган ери,
Шуни кўриб кўнглимнинг узилиб турган ери,
Ватаним онагинам…


Тўнни сузилган ерин ямамоқ лозим бўлар,
Майли, қаҳратон қишим ёки ўт ёзим бўлар,
Тинмай чорлаган овоз, менинг овозим бўлар,
Ватаним онагинам…


Сен қишлоқда ранг-рўйи сариқ онамсан асли,
Ҳорғин онам, хокисор, ориқ онамсан асли,
Қадди дол-у қўллари ёзиқ онамсан асли,
Ватаним онагинам…


Ҳар ким ўзимас, аввал онасини кийдирсин,
Ўзига эмас, аввал онасига шай турсин,
Илҳақ қилмай, ўкситмай кўнглини илғай турсин,
Ватаним онагинам…


Чексанг улуғ бир дард чек, шу тан кетмаси учун,
Милтираб турган шу шам, шу шаън кетмаси учун,
Онадайин ҳеч қайтмас Ватан кетмаси учун,
Ватаним онагинам…

Ҳалима
ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон
халқ шоири

Бошқа хабарлар