МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

50

Пойтахтимизда “Ўзбекистон – буюк йўллар  ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” маданий мерос ҳафталиги бугун ўз ишини бошлади. Конференция Президентимиз Шавкат Мирзиёев  ташаббуси билан ЮНЕСКО шафелигида ўтказилмоқда.

   Она заминимиз тупроғи азалдан дунё олимлари, тамаддунлар тарихига қизиқувчиларни  ўзига маҳлиё этиб келган. Анжуманнинг биринчи иш куни тарихчи олимлар томонидан бу яна бир бор тилга олинди. Конференциядан кўзда тутилган асосий мақсад тарихий-маданий меросни сақлаш, бу борада турли мамлакатлар билан тажриба алмашиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва асраб-авайлашда рақамли технологияларни жорий этиш, бошқарув  тамойилларини  ишлаб чиқишда  изчилликни таъминлашга қаратилган.

ЮНЕСКО, Бутун жаҳон  мероси  Маркази қўмитаси аъзолари, олимлар Марказий Осиё  тарихий-маданий мероси тадқиқотчилари, реставраторлар, маданият ва туризм  соҳасидаги  экспертлар иштирок этаётган конференция доирасида Самарқанд, Термиз шаҳарларида ҳам тадбирлар ташкил этилади.

Амаль СОЛИЕВА

Бошқа хабарлар