МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ – ТАРАҚҚИЁТ ҚАНОТИ

415

Барчамизни битта байроқ бирлаштириши лозим

Инсонийликни белгиловчи энг муҳим омиллардан бири – маънавият, бири – маърифат. Таъбир жоиз бўлса, бу тушунчаларни қушнинг икки қанотига менг­заш мумкин.

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билки, гуҳари шарифроқ йўқ андин.

Ҳазрат Навоийнинг бу таърифида сўз маъноси ҳам ушбу тушунчаларга берилган таъриф эди, назаримизда.
Аммо инсониятнинг тобора юксалаётган «парвози»да бир таҳдид кўринмоқда. Бу уни кўкка кўтараётган «қанотлари»ни унутишидир.
Бугун жамиятда учраётган кўплаб муаммоларнинг илдизига боқсангиз, ана шу «унутишлар»ни кўрасиз. Энг хавфлиси, уларнинг эпидемиядек тарқалиши…
Агар биз бугун маънавий таҳдидларга қарши ўзимизда иммунитет ҳосил қилмас эканмиз, келажак авлодни бу бўҳронлардан асрай олмаймиз.
Хўш, бунинг учун нималар қилмоқ керак?
Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров билан суҳбат давомида ана шу долзарб саволга жавоб изладик.

– Гапнинг очиғи, ҳаётда маънавий таназзул ва маърифатсизлик намуналарини кузатмоқдамиз. Мана, масалан, яқинда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ҳолат – Асакадаги бозорда аёл кишининг «томоша»си. Ёки кунда-кунора кўраётганимиз туғилган кун, тўйларда чиқаётган «янги» удумлар… Сиз кўп йилдан буён соҳада ишлаётган мутахассис сифатида улар ниманинг ҳосиласи деб ўйлайсиз?


– Бу, менинг наздимда, янгиланиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даври билан боғлиқ. Тараққиёт ҳеч қачон салбий ҳолатларсиз, кутилмаган оғриқларсиз бўлмаган. Аммо улар жуда тез ўтиб кетади. Қолаверса, бу фақатгина бизнинг мамлакатимизга хос эмас. Ҳозирда бутун дунёда инсоннинг маънавий қиёфаси муаммоси пайдо бўлди. Дунёнинг энг ривожланган давлатлари ҳам, ҳар қанча тараққий этган бўлишига қарамай, бу муаммони енгишда баъзан ожизлик қилмоқда. Муаммо илдизи эса инсониятнинг туганмас моддий эҳтиёжлари (нафси)нинг ошиб боришидадир. Ана шу нафс йўлида баъзан инсонийликнинг чегарасидан чиқиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Буни ижтимоий тармоқлардаги «Эркинлик – чексиз, чегарасиз, уни бўғиш инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилишдир» қабилидаги фикр (пост)лар ва уларни қўллаб-қувватловчи нишон (лайк)лар ҳам исботлаб турибди.

– Хўш, бу муаммо бутун дунёда мавжуд экан, биз қандай йўл тутишимиз керак?

– Бу муаммо инсоният яралганидан буён бор. Аммо аждодларимиз ҳар доим унга қарши воситани топа олган. Шифонинг асоси эса ҳар доим маънавият ва маърифат бўлган.
Бугун юзага келаётган муаммолар янгича кўринишда, қандай шаклда бўлмасин, барибир жаҳолатга қарши – маърифат, тубанликка қарши – маънавият билан курашсак, биз ғолиб чиқамиз.
Бунинг учун бой маънавий меросимиз бор. Энди фақат уни ёшлар онгига таъсирчан воситалар билан етказишимиз даркор. Жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали…

– Дарҳақиқат, бугун ҳаммамиз виртуал оламда яшаяпмиз. Ижтимоий тармоқлар фикр ва мулоҳазалар майдонига айланди. Уларни кузатар эканмиз, талқинларнинг турличалигига гувоҳ бўламиз. Мана мисол, ислоҳотлар самарасида бир пайтлар биз учун қўл етмас орзулар ушалмоқда. Аммо шуни ҳам баъзида бошқача талқин қиладиган юртдошларимиз чиқиб қолади. Шуларни кўриб, бирдамлик, хайрихоҳлик етишмаяптимикан, деб ўйланиб қоламан…


– Албатта, шундай қатлам мавжуд. У эса ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмаган. Улар «эркинлик нима ўзи?» деган саволга ғарбдан жавоб олаётганлар бўлиб, эркинликни суиистеъмол қиляптилар. Хўш, бу қандай пайдо бўлди? Маънавиятли миллатнинг фарзандлари нега «оломонча» фикрламоқда? Буни мен кечаги хатоларимизнинг ҳосиласи, деб ўйлайман. Яъни узоқ йиллар давомида боғчадан тортиб, мактаб-у коллежгача мутахассисларни ўз ишидан чалғитиб, бошқа вазифаларни бажартиришга жалб қилдик. Бой маънавий меросимиз асосида фарзандларимизни тарбия қилмадик. Энди бу ёшлар ҳар қандай ахборот таъсирига осон тушадиган қатламга айланиб бормоқда.
Бугун ахборот қуролга айланиб улгурганлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Буни яқин ва йироқ мамлакатлар ҳаёти мисолида ҳам кўриб турибмиз. Ўзбекистон ривожланиш йўлидан кетаётган бир пайтда ўзининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий манфаатларини ҳимоя қилишни хоҳлайдиган кучлар пайдо бўлиши ҳам табиий бир ҳол. Улар жамиятимиздаги ана шу кичик ҳолатлардан ҳам катта зиддиятлар, катта воқеликлар келтириб чиқаришга уринади. Агар ёш авлод маънавиятини, маърифатини юксалтирмас эканмиз, бу курашда ғолиб бўлишимиз қийин кечади.

– Буюк давлат арбоби Маҳатма Ганди «Уйимизга тоза ҳаво кириши учун деразаларни очсак, шабада билан бирга чанг, ғубор ва довуллар ҳам ёпирилиб кириб келади, бизни безовта қилади, ҳатто, талафот ҳам етказиши мумкин», деган эди. Бугунги дунёда кечаётган интеграциялашув жараёнида ахборот оқимлари кўпайиб кетди. Айниқса, бунда ижтимоий тармоқларнинг катта ҳиссаси бор. Қайси ахборот тўғри, қайси бири холис, қайси бирида ғараз бор, ажратишга ҳаракат қилмай, бирваракайига қабул қилинмоқда. Эътибор берсангиз, жанжал бўлаётган жойларга автобус-автобус одамлар етиб бормоқда, муҳокамалардаги ҳақорат ва таҳдидларни яққол кузатяпмиз…


– Айни шу жиҳат хатарлидир. Ахборотни таҳлил қилмайдиган қатламни бош­қариш жуда осон. Шу ўринда «ахборот истеъмол қилиш пирамидаси» деган тушунчага тўхталиб ўтмоқчи эдим. Одатда ахборот тарқатилганида пирамиданинг энг қуйи ва кенг қатлами уни қандай ўқиса, шундай қабул қилар экан, бу ривожланмаган ва ривожланаётган айрим давлатларга кўпроқ хос, пирамиданинг ўрта ва қуйидан камроқ қисмини ташкил этувчи қатлам эса ахборотни ўқир экан-у, лекин жавоб қайтармас экан, демак, улар лоқайд қатламга тўғри келади. Энг тепадаги камчиликни ташкил этувчи қатлам эса ахборотни ўқиб, муҳокама қилиб, сўнг унга жавоб қайтарар экан. Қайсики жамият ана шу пирамидани тескарисига айлантира олса, ўша жамиятда ахборотга нисбатан иммунитет шаклланган ҳисобланади. Ҳозирда дунёнинг ривожланган давлатлари ана шу пирамидани тескарисига айлантиришга эришган давлатлардир. Уларда фаол қатламлар кўпчиликни ташкил этгани, ахборотга қарши иммунитет ривож­лангани боис турли гуруҳлар уларга таъсир кўрсата олмайди. Бизда ҳали ахборот замиридаги мақсадни тўғри анг­ламасдан, уни шундайлигича қабул қиладиган қатлам кенг ва кўпчиликни ташкил этади. Шу боис, мамлакатимизда бу масалани бугунги кунда кенг муҳокама қилиш, ўзини зиёлиман деган ҳар бир одам ушбу масалага лоқайд қарамаслиги, ижтимоий тармоқларда ўзининг саҳифасини очиши ва фаол бўлиши, атайлаб ташланаётган постларга оддий ва содда жавоб қайтариш орқали ўзининг тўғри позициясини шакллантириши лозим.

– Биз мактабни «маърифат ўчоғи» деб атаймиз. Аслида эса мактаб маънавият ўчоғи ҳам бўлиши лозим. Ҳозирги мактабларга нисбатан бундай фикрларни айта оламизми?..


– Гапнинг ростини айтганда, йўқ. Маърифат ҳар доим маънавият орқали сингдирилган. Инсон маънавияти эса маърифат орқали бойиган. Кейинги йилларда педагогларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш механизмининг пасайиб кетгани, уларнинг ўз вазифаларидан кўра, бошқа ишларга жалб қилиниши оқибатида таълим сезиларли оқсади. Ўқитувчининг обрўси тушди. Бир вақтлар ўқитувчи тимсолида комил инсонни кўрардик. Бугун-чи? Ўқитувчи «оддий инсон»га – жамиятнинг ўрта қатламига айланди. Қаранг, сизга бир мисолни айтаман: шу вақтгача, ҳатто, дарс­лар орасида ўқитувчининг тамадди қилиб олиши учун вақт ҳам ажратилмаган экан. Агар у овқатланса, буни болаларнинг олдида бажарадими? Бу ҳам бир психологик муаммо эмасми? Мактаблардаги шу каби арзимас туюлган ана шу муаммолар ёш авлоднинг маънавий камолоти билан боғлиқ катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини анг­ламаганимиз, энг катта хатоларимиздан эди…

– Биз ҳар доим Ватанимиз манфаатига ёт ғояларга, ахборот хуружларига қарши курашиб келганмиз. Лекин, кузатишларга қараганда, ҳозирга келиб, улар кўпроқ ичимиздан чиқмоқда. Шундай экан, носоғлом чақириқлар, инсон шаънини камситиш, ҳақорат ва маънавиятимизга соя соладиган ҳолатларга қарши қонунларимизни кучайтиришимиз керак эмасми?..


– Мени қийнайдигани қонунларни кучайтиришгина эмас, уларнинг баъзан ишламаслигидир. Мана масалан, «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг банд­ларида кўча-кўйдаги пештахталарга, аввало, ўзбек тилида, кейин зуруратга қараб бошқа тилда ёзилиши мумкинлиги айтиб ўтилган. Аммо кўпинча бунга амал қилинмаяпти. Бу ўринда жамоатчиликнинг уйғоқлиги, жамоатчилик назорати қонунларнинг ишлашини таъминлайдиган муҳим омил эканини инобатга олсак, қилинаётган кўпгина ишларимиз ҳам аҳоли ва жамоатчиликнинг эътиборини оширишга қаратилганини тушунамиз. Ҳар қанча кескин қонунлар чиқарганимиз билан одамлар лоқайд бўлса, қонунларимиз кутилган самарани бермайди. Агар биз бугун қадамни тўғри ташлай олмасак, зарур чораларни кўрмасак, эртага жуда кеч бўлиши мумкин.
Бир сўз билан айтсак, жамиятнинг маънавий соғломлигида уйғоқ кучлар ҳамиша бир сафда бўлиши асосий шартдир. Маънавият таназзулига қарши курашда барчамизни битта байроқ бирлаштириб туриши лозим. Бу байроқ – бизнинг миллий шаънимиз, миллий оримиздир. Бу ҳаёт барчамизники, шу мамлакат, шу Ватаннинг эртанги тинч ва фаровон истиқболида менинг ҳам ҳиссам бўлиши лозим, деган бош ғоя, мақсад эса ана шу бирдамликнинг шиори бўлмоғи зарур деб ўйлайман.

Ҳусан ЭРМАТОВ
суҳбатлашди.

Бошқа хабарлар