Мукаммал қонун — тараққиёт асоси

82

Жорий йилнинг июль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойи­ҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар концептуал жиҳатдан маъқуллаган ва Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.
Қонун лойиҳасини маромига етказишда аҳолининг муносабатини ўрганиш, фикр-мулоҳазалари ва таклифларини олиш мақсадида лойиҳа матни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­сининг веб-сайтларига жойлаштирилди. Бундан ташқари, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида чоп этилди. Кўплаб таклифлар билдирилаётгани инобатга олиниб, эндиликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қонун лойи­ҳаси муҳокамасига бағиш­ланган тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Тошкент, Самарқанд, Навоий вилоятларида бўлиб ўтган муҳокама йиғилишларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, турли идора ва ташкилотлар вакиллари, касаба уюшма фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Уларда кўпдан-кўп таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

БАРЧАГА БИРДЕК ЭЪТИБОР

Камол ШОДИМЕТОВ,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти
кенгаши депутати:

– Муддатли меҳнат муносабатларини тартибга солиш керак. Содда қилиб айтганда, мардикорчилик билан шуғулланаётганларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари, меҳнат муҳофазаси таъминланишига эътибор қаратиш лозим.

СОДДА ВА АНИҚ БЎЛСИН…

Анвар ЗОКИРОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Тошкент тумани
кенгаши раиси:

– Қонун лойиҳасининг ўзбекча матнидаги стилистик ва орфографик хатоларни тузатиш керак. Унда русча вариантдаги кўплаб моддалар сўзма-сўз ёки хато таржима қилинган. Натижада маъно бузилишларига йўл қўйилган. Хуллас, юзага келган номутаносибликни тўғрилаш зарур.

«ҚУРУЛТОЙ»МИ ЁКИ «СЪЕЗД»?

Бахтиёр ЙЎЛДОШЕВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Ангрен шаҳар
кенгаши раиси:

– Лойиҳанинг 10-моддасидаги «қурултой» сўзи қолдирилиб, «съезд» сўзи олиб ташланиши мақсадга мувофиқ. Қолаверса, касаба уюшмаларининг вазифа ва мажбуриятлари ­бошланғичдан тортиб то бирлашма, федерация­га қадар аниқ ҳамда лўнда ифодаланиши керак.

СОЛИҚ ИМТИЁЗИ БЕЛГИЛАНСА…

Абдуманноб МУРУВВАТОВ,
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш
ташкилотлари касаба уюшмаси
Бўка тумани кенгаши раиси:

– Қонун лойиҳасининг 27-моддасига «касаба уюшмаларида жамоатчилик асосида ишлаётган ходимларнинг иш ҳақи ( 2-3 энг кам ойлик иш ҳақи) амалдаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилади» деб қўшимча киритиш зарур.

МУДДАТ ҚАНИ?

Учқун АҲМЕДОВ,
Давлат муассасалари ва жамоат
хизмати ходимлари Республика
кенгашининг Навоий вилояти
бўйича масъул ташкилотчиси:

– Янги қонун лойиҳасининг 46-моддасида «Жамоатчилик эшитуви» деб номланган меъёр ўз аксини топган. Унда белгиланишича, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахс­лари, иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари фаолиятига тааллуқли, жамоат аҳамиятига молик бўлган ёхуд ходимлар ёки умуман корхонанинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилиш жамоатчилик эшитуви ҳисобланади. Лекин ушбу моддада унинг муддати кўрсатилмаган. Шу боис жамоатчилик эшитувининг аниқ муддати белгиланишини таклиф қиламан.

ПАЛАТАДА ВАКИЛ БЎЛИШИ ШАРТ

Чори ҚОДИРОВ,
Навоий вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмасининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири:

– Ходимларни бахтсиз ҳодисалардан ҳимоялаш комиссияларида бошланғич касаба уюшмаларининг иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис қонун лойиҳасига ушбу масалани янада аниқроқ ва кенгроқ акс эттирувчи меъёрлар киритиш зарур. Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида касаба уюшмаларининг доимий ишлайдиган вакили бўлиши лозим.

АНИҚЛИК ДАРКОР


Абдужабборхон НАРЗУЛЛАЕВ,
Таълим, фан ва маданият
ходимлари касаба уюшмаси
Пайариқ тумани кенгаши раиси:

– Қонун лойиҳаси билан танишиб, баъзи мулоҳазаларимни баён этишни лозим топдим. Жумладан, 47-моддага аниқлик киритилиши керак. Жамоатчилик мониторинги хусусидаги бу модданинг охирги хатбошиси қуйидагича: «Жамоатчилик мониторингининг ташкилотчиси жамоатчилик мониторингининг объекти, уни ўтказиш муддати ва тартиби тўғрисида ахборотни олдиндан жамоатчиликка эълон қилади». Ушбу хатбошининг охирги қатори ­­«…тўғрисидаги ахборотни мониторинг ўтказилишидан камида бир ой олдин жамоатчиликка эълон қилади», дея ўзгартирилса, қолаверса, муддати аниқ белгиланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

ҚАНДАЙ ҚАРАМЛИКДА
БЎЛИШИ МУМКИН?

Улуғбек ҒАНИЕВ,
Самарқанд вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси
юридик бўлими мудири:

– Мукаммал, пухта ишланган қонунларгина тараққиётга ҳам, жамият ҳаётига ҳам узоқ йиллар хизмат қилади. Шу боис мазкур қонундаги ҳар бир жумлага синчковлик билан эътибор қаратиш даркор.
50-моддада бироз ғализлик бордек. Касаба уюшмалари инспекцияларини ташкил этиш, меҳнат муносабатларида жамоат назорати таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади, албатта. Аммо, ушбу модданинг охирги хатбошисида «Касаба уюшмаларининг инспекторлари иш берувчига мансаб ёки бошқача қарамликда бўлиши мумкин эмас», дейилган. Барчада ушбу ҳолат бўйича савол туғилиши табиий. Қайси иш берувчига ва қандай қарамликда бўлиши мумкин? Изоҳталаб ҳолат. Менимча ушбу жумла «Касаба уюшмаларининг инспекторлари ­мустақил бўлиб, ушбу қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсунган ҳолатда фаолият юритади» тарзида баён этилиши керак.

2-МОДДАга ТАКЛИФ

Ғолибжон РУСТАМОВ,
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси:

– Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ифода этган моддага қуйидагича ўзгартириш киритиш лозим: «Касаба уюшмаларини тузиш, уларнинг фаолиятлари, ҳуқуқ ва кафолатларини таъминлаш, касаба уюшмаларини иш берувчилар, давлат, нодав­лат, шу жумладан, хорижий ва халқаро нодавлат ташкилотлари билан касаба уюшмаларининг ижтимоий-меҳнат муносабатлари масалалари ­бўйича ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини уйғунлаштиришда иштирок этиши ушбу Қонун билан тартибга солинмаган ҳолларда, бундай муносабатларга меҳнат тўғрисидаги ва нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик нормалари қўлланилади» жумласидаги «иш берувчилар ташкилоти» иборасига қонунчиликда аниқ қонуний ва ҳуқуқий статус берилиши лозим.
Сабаб. Бош келишувда савдо-саноат палатаси иш берувчиларнинг уюшмаси сифатида эътироф этилган бўлса-да, тадбиркорлар манфаатинигина ифода этиб келмоқда. Амалиётда эса барча иш берувчилар манфаатини палата ифода эта олмаслиги кўриниб қолаётир.

ФАРЗАНДЛАР-ЧИ?..


Дилбар МУСТАФОҚУЛОВА,
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш
ташкилотлари ходимлари касаба
уюшмаси Самарқанд шаҳар
кенгаши раиси:

– Касаба уюшмалари муносабатлари тартибида ҳам қатор ўзгаришларни кузатиш мумкин. Жумладан, қонуннинг 59-моддасида касаба уюшмалари билан иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари, ижро ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатлар бобида ходимларни ижтимоий суғурталаш, соғломлаштириш, дам олдириш ва бошқа бир қатор имтиёзлар акс этган. Ушбу модданинг иккинчи хатбошига «Ишловчи ходимларнинг фарзандларини соғломлаштириш» жумласи киритилишини жоиз деб ҳисоблайман.

ОЧИЛМАГАН ЖИҲАТЛАР

Аъзам ИСОҚОВ,
касаба уюшмаси фахрийси:
– Қонуннинг 49-моддасида «поликлиника» жумласи тор маънода қўлланилган. Ушбуни кенг қамровли, пурмаъно матнга алмаштириш лозим. Қолаверса, 54-модданинг охирги 4-хатбошидаги ҳамда 64-моддада белгиланган жавобгарлик тушунчаси тўлиқ очиб берилмаган.

«Ishonch» мухбирлари хабарлари
асосида тайёрланди

Бошқа хабарлар