ХАЛҚИМИЗНИНГ ҲАЁТДАН МАМНУНЛИГИНИ КЎРИШ ИСЛОҲОТЛАРИМИЗНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИДИР

84

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз раислигида Нукус шаҳрида Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, шаҳар ва туманлари сектор раҳбарлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.
Йиғилишда барча ҳудудларда бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам ижобий сифат ўзгаришларига эришилгани таъкидланди. Биринчи ярим йилликда ялпи ҳудудий маҳсулот 7,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,4 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 45 фоизга ўсган.
Президентимиз ҳудудда ҳали муаммолар кўплигини, саноатни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича ишлар етарли эмаслигини таъкидлади.
– Бу ерга қарсак учун эмас, ишлаш учун, халқимизнинг кўзига қараш учун келдим, – деди Шавкат Мирзиёев. – Дунёқарашини ўзгартирмаган сектор раҳбарлари оёғимизга кишан. Ишга кирган битта хотин-қизнинг бахтини тасаввур қиласизларми? Ёшларни ким етак­лайди, уларга тўғри йўналиш беради? Мўйноқ мисолида кўрдиларингиз. Одамларнинг кўзларида «қилса бўлар экан-ку», деган нур бор. Лекин энди бу тарих. Ҳамма туманларда шундай ўзгаришлар қилиш керак.
Биринчи ярим йилликда Қорақалпоғистонда саноат ишлаб чиқариш ҳажми атиги 0,5 фоизга ўсгани, Тахтакўпир, Шуманай, Нукус, Чимбой, Тўрткўл, Кегейли туманларида саноат деярли йўқлиги танқид қилинди. Хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик ривожи ҳам суст.
– Охирги уч йилда туб ислоҳотлар натижасида кўплаб соҳаларни эркинлаштирдик, уларнинг ривожига халақит берган чекловларни бекор қилдик. Қорақалпоғистонда ҳам ҳар бир сектор раҳбари чек­ловларни бекор қиламан, тадбиркорга хизмат қиламан, деган қоида, шиор билан ишлаши керак, – деди Президент.
Йиғилишда Қорақалпоғистонни янада тараққий эттириш бўйича бешта устувор йўналиш белгилаб берилди.
Биринчиси – саноатни ривож­лантириш, барча тармоқларда йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишдан иборат.
Иккинчи устувор йўналиш тадбиркорлик жадал ривожланиши учун кенг йўл очиб бериш ва уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашдир.
Қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий қилган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлик ва маҳсулот турларини кескин ошириш учинчи устувор йўналиш этиб белгиланди.
Тўртинчиси – ишлаб чиқариш ва одамлар учун қулай бўлган замонавий инфратузилмани яратиш.
Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароити ва турмуш даражасини яхшилаш юзасидан кенг қамровли ишларни амалга ошириш эса бешинчи устувор йўналиш сифатида эълон қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир йўналишда назарда тутилган масалаларга алоҳида тўхталиб, улар бўйича фаол ишлаш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларни турли соҳаларга ихтисос­лаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Жумладан, Қораўзак тумани қурилиш материаллари, Беруний, Хўжайли, Нукус туманлари мева-саб­завотчилик, Тахтакўпир чорвачилик, Шуманай паррандачилик, Элликқалъа узумчилик ва туризм, Мўйноқ балиқчилик ва чорвачилик, Кегейли чорвачилик, қизилмияни қайта ишлаш ва қоғоз саноати, Қанликўл тумани дуккакли экинлар ва шоли етиштиришга ихтисос­лаштирилиши қайд этилди.
Қўнғирот туманини нефть-кимё саноати ва чорвачиликка, Чимбойни қизилмия етиштириш ва қайта ишлашга, Тўрткўлни шиша, ойна ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, Амударё туманини боғдорчилик, тўқимачилик ва пиллачиликка, Нукус шаҳрини эса фармацевтика ва электротехникага ихтисослаштириб, Тахиатош туманини саноат ишлаб чиқариш ҳудудига айлантириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Йиғилишда сектор раҳбарлари Президентимиз берган топшириқларни бажариш, ўз ҳудудида вазиятни яхшилаш, кутилган натижага эришиш бўйича кафолат берди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришда, энг аввало, салоҳиятли янги авлод кадрларини тайёрлаш зарурлиги, бунинг учун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги таълим муассасалари – Президент мактаблари ташкил этилишини таъкидлаган эди.
Президентимизнинг жорий йил 20 фeвралда «Прeзидeнт мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Прeзидeнт мактаблари мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этилмоқда.
Айни пайтда Нукус, Наманган, Хива ва Тошкент шаҳарларида Президент мактаблари қурилиши жадал давом этмоқда.
Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги Президент мактабида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига тегишли ҳудудда қурилаётган ушбу таълим муассасасига жорий йилнинг март ойи­­да тамал тоши қўйилган. Икки гектар ҳудудда замонавий ўқув биноси, ётоқхона, ошхона, стадион қурилмоқда.
Президент мактабларини ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига зарур шароитлар яратишдир. Энг қобилиятли ўқувчилар танлаб олинадиган бу мактабларда ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим услуб­лари асосида чуқур ўргатилади.
Шу билан бирга, мактабларга малакали хорижлик ва маҳаллий педагоглар жалб этилади. Уларнинг фаолият юритиши учун керакли шароитлар яратилади.
Мазкур мактабларда ўқув жараё­­ни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва «STEAM – таълим» (Science – табиий фанлар, Technology – технология, Engineering – техник ижодкорлик, Art – санъат, Mathematics – математика) дастури асосида олиб борилади.
Президент мактабларининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишига кўра айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.
Мактаб битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса, ўз навбатида, хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.
Президент мактабларига қабул имтиҳонлари Кембриж университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон кенгаши томонидан амалга оширилди.
Нукусдаги Президент мактабига ўқишга 7 мингдан ортиқ ўқувчи ҳужжат топширган эди, улар орасидан энг иқтидорли 144 ўқувчи ўқишга қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, Президент мактаблари юртимизда таълим сифатини оширувчи локомотив бўлишини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев мактабнинг биноси ҳам, маърифати ҳам мукаммал бўлиши кераклигини, шунинг учун уни шошмасдан, сифатли қуриб, Конституция байрамида фойдаланишга топшириш зарурлигини таъкидлади. Унгача ўқувчилар бошқа бинода ўқиб туради.
Давлатимиз раҳбари мазкур билим даргоҳи учун педагоглар қандай танланаётгани билан қизиқди.
– Бу мактабларнинг ўқитувчиси ҳам, ўқувчиси ҳам энг намунали бўлиши лозим, – деди Президент. – Чуқур билим билан бирга маънавият, ватанпарварлик туйғуси ҳам сингдирилиши зарур. Бу ерга билимли болалар келиши учун ҳар бир туманда базавий боғча ва мактаблар шаклланиши лозим. Шунда умумий билим, савия, таълим муҳити ўзгаради.
Шу ерда Президентимизга Нукус шаҳри бош тарҳи, «Нукус сити» қурилиши режалаштирилаётган ҳудуд ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев Тахиатош туманидаги «Мадед Ботир» фермер хўжалиги даласида ғўза ривожини кўздан кечирди.
Ушбу хўжаликнинг жами ери 110 гектар бўлиб, 60 гектарида пахта етиштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари дала агротехникасидаги камчиликларни кўрсатиб, пахта пишишини тезлаштириш, ҳосилга ҳосил қўшиш бўйича ўз тавсияларини берди. Қишлоқ хўжалигида илм-фандан кенг фойдаланиш, Қорақалпоғистоннинг иқлимига мос навлар яратиш лозимлигини таъкидлади.
Президентимиз Тахиатош иссиқлик электр станциясида қуввати 230-280 мегаватт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш бўйи­­ча амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаси билан танишди.
Тахиатош иссиқлик электр станцияси Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва Хоразм вилоятини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида барпо этилаётган йирик иншоотдир. Бу ерда буғ-газ қурилмасининг биринчи навбати жорий йил охиригача, худди шундай иккинчи қурилма кейинги йил январь ойида ишга туширилади.
Корея Республикасининг «Hyundai Engineering Co. Ltd.» ва «Hyundai Engineering & Construction Co. Ltd» компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 678,2 миллион долларни ташкил этади.
Иккита буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши натижасида станциянинг умумий қуввати 730 мегаватт­дан 1003 мегаваттгача ошади. Йилига 488,6 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Шунингдек, йиллик сув сарфи 293 миллион куб метрга камаяди. 100 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Айни пайтда иншоотда 85 фоиз ишлар бажарилган. Қурилиш-монтаж, ускуналарни ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари буғ-газ ускунаси қурилишини кўздан кечирди. Мазкур янги қувватларни барпо этишда иштирок этаётган кореялик мутахассислар билан суҳбатлашди.
– Мамлакатимиз энергетика хавфсизлигини таъминлаш бўйи­­ча тизимли ишларни амалга ошир­япмиз. Саноатни ривожлантириш борасида катта марра олганмиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этяпмиз. Булар учун, аввало, мустаҳкам инфратузилма керак. Таллимаржон, Навоий, Тўрақўрғон, Тахиатош иссиқлик электр станциялари модернизация қилиниб, қувватлари оширилаётгани ана шундай асос бўлади. Аҳолини, корхоналарни электр энергияси билан барқарор таъминлайди, – деди Шавкат ­Мирзиёев.
Шу ерда Президентимизга Устюрт минтақасида нефть ва газ захираларини аниқлаш бўйича олиб борилаётган геология-қидирув ишларининг ҳолати ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шу билан Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Алоуддин ҒАФФОРОВ,
Умар АСРОРОВ
ЎзА махсус мухбирлари

Бошқа хабарлар