ЭЛ РОЗИЛИГИ ЙЎЛИДА

73

Яқин орада Сирдарёга йўли тушмаган юртдошларимиз бугун бир неча йил олдин кўрган жойларини таний олмаслиги аниқ. Вилоят маркази – Гулистон шаҳрини қўя туринг, туманнинг олис ҳудудлари қиёфаси ҳам файзга бурканган. Тадбиркорлик, унинг ортидан янги иш ўринларининг пайдо бўлиши натижасида ҳар бир хонадонга, бунинг ортидан ҳудудга барака инмоқда.

Бу ўзгаришлар, табиийки, фаолиятга давр нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ёндашишни тақозо этмоқда.
Хусусан, ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, жамоа шартномалари орқали ишловчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқдаки, улар касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари тарғиботи самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Буни шу кунга қадар 199 та корхона ва муассасадаги 2491 нафар ходим касаба уюшмаси аъзоси бўлгани ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари жамоа шартномаларини тузиш орқали ҳимояга олингани ҳам тасдиқлаб турибди.

Маълумки, ўз ҳуқуқларини тўлақонли тушунган фуқароларгина жамиятда муносиб ўрин топади. Шу боис, Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлимлари кенг кўламда тушунтириш ишларини амалга оширмоқда. Ўтган давр давомида фуқаролардан 104 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 90 тасига йўл-йўриқлар берилди, 6 таси қаноатлантирилди. Ҳуқуқи тикланган шахслар 4 нафар бўлиб, 30 миллион 379 минг 615 сўм ундирилиши орқали уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.


Меҳнатни муҳофаза қилиш дунё бўйича долзарблигича қолмоқда. Техника, саноат, ёнғин ва йўл ҳаракати билан боғлиқ хавфсизлик қои­далари ва талабларининг бажарилишини таъминлаш ҳамда меҳнат муҳофазасига оид камчиликларни иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари билан ҳамкорликда бартараф этиш ўта муҳим масала бўлиб, пировард мақсадга эришиш ўта синчковлик ва эътиборлиликни талаб қилади. Жумладан, «Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат» шиори остида 24 марта давра суҳбати ва семинар-тренинглар ташкил қилинди ва уларда 1478 нафар киши қатнашди.

Ишонч ва назорат уйғунлигига эришилган жойдагина кўнгилдагидек натижага эришиш мумкин. Айнан шу қоидадан келиб чиқиб, ўтган даврда 20 марта касаба уюшмаларига аъзо ташкилотларда ўрганишлар ўтказилди ва 209 та меҳнат муҳофазасига оид меъёр бузилишлари аниқланди. Иш берувчиларга 17 та тақдимнома киритилди. 187 та камчиликларни ўз вақтида бартараф этилишига муваффақ бўлинди.


Кези келганда таъкидлашни истардимки, вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоаларида қабул қилинган 6089 та жамоа шартномалари орқали ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари манфаатлари ижтимоий шериклик асосида ҳимояланаётир.
Шу тариқа адолат устуворлиги таъминланиб, ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш талаби, иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечиккани учун жавобгарлик масалалари, иш берувчининг ташаббуси билан ходимни бошқа ишга ўтказиш чегараси йил давомида 60 кундан ошмаслиги, асосий ва узайтирилган таътиллар берилиши каби масалаларга ҳуқуқий ечим топилмоқда.
Ҳаётидан рози, рўзғори бут, эртанги кунидан кўнгли тўқ кишиларгина ишда самарали фаолият кўрсатади. «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури доирасида жамоа шартномалари орқали касаба уюшмалари ва иш берувчининг маблағлари ҳисобидан 3986 та корхона ва ташкилотда 6263 нафар ходимга 899,5 миллион сўмлик ижтимоий кўмаклар берилгани ана шу мақсадларга хизмат қилади.

Жамоа келишувларида меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари аниқ ифода этилган, ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақти масалаларига эътибор берилиб, узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатилган.
Ҳисобот даврида вилоятда ўтказилган 52 та «Бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлари ярмаркалари»да касаба уюшмалари ташкилотларининг фаол иштироки таъминланиб, 3419 нафар кишига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилиб, шулардан 1579 нафари бандлик мақомига эга бўлди.


Касаба уюшмалари вазифаларидан бири, бу иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликка йўл қўймаслик бўлиб, ўтган даврда қарздорлик ундириш мақсадида масъулларга мурожаатлар қилиниб, ўз вақтида тўланмаган 103 миллиард 8 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилишига эришилди.
Меҳнаткашлар саломатлиги ҳақида қайғуриш ва уни тиклашга кўмаклашиш ҳам эътибор марказида бўлиб, шу йилнинг олти ойи давомида касаба уюшма бюджети ва ижтимоий суғурта бюджет ­маблағлари ҳисобидан 745 дона санаторий йўлланмалари ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига берилди.
Фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг ишлайдиган аъзолари, кам таъминланган, кўп болали ҳамда олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшовчи ­оилаларнинг аёллари, ишлайдиган пенсия ёшидаги кексалар, фарзанд кўрмаган ишловчи ёшлар бепул соғломлаштирилди.
«Соғ танда – соғлом ақл» дейди доно халқимиз. Кўриб, гувоҳи бўлиб турибмизки, «Спорт – саломатлик гарови», «Соғлом оила» спартакиадалари аъзолар ўртасида кенг қулоч ёйгани барча жабҳаларда самарадорликка эришишда қўл келмоқда.


Ҳеч бир муболағасиз айтишимиз мумкинки, юртимизда туризм ҳам иқтисодий, ҳам маънавий наф келтирувчи соҳага айланиб улгурди. Айниқса, ички туризмни ривожлантиришга оид қарор ва фармонлар касаба уюшмалари фаолиятини янада фаоллаштириб юборди. Хусусан, кўҳна Хоразм воҳаси бўйлаб 142 нафар ходим ва уларнинг оила аъзоларининг бепул саёҳатлари ташкиллаштирилди.


Бундан ташқари, Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлар ва Мус­тақиллик йиллари барпо этилган иншоотларга 4810 нафар ходим ­саёҳат қилди.
Ишчи-ходимлар фарзандларини соғломлаштириш бўйича бажарилган ишлар ҳам касаба уюшма аъзоларини мамнун этмоқда. Зомин туманининг Қўриқ қишлоғидаги барча қулайликларга эга бўлган замонавий «Зомин» номли болаларни соғломлаштириш оромгоҳи йил давомида фаолият юритади.
Бу йилги ёз мавсумида вилоятда 5 минг нафар бола, шундан икки минг нафари стационар, уч минг нафари кундузги оромгоҳларда дам олдирилиши режалаштирилган эди. Амалда эса қарийб икки ярим минг нафар бола стационар оромгоҳларда, 12 минг 400 нафар бола кундузги оромгоҳларда соғломлаштирилди.
Зиё тўла масканнинг файзи ­бошқача бўлади. Эзгу мақсад йўлида ҳаракатда бўлган ходимлар ташаббуси билан бирлашма ўз кутубхонасига эга бўлди. Бу орқали ходимларимиз маънавияти ошиши ва дам олишига, қолаверса, касаба уюшмасига юмуш билан келган инсонларнинг китоб ўқишига шароит яратилди.

Бугун вилоят аҳли энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллик байрамини нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Бу жараёнга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ходимлари ҳам ўзининг муносиб улушини қўшиш мақсадида жўшқин меҳнат қилмоқда.

Рустамбек ТУРСУНМУРОДОВ,

Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари

бирлашмаси кенгаши раиси

Бошқа хабарлар