ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА

113

2019 йил 23 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси иш бошлади.
Ялпи мажлисда сенаторлар бир қатор масалаларни кўриб чиқди.

Учта қонун маъқулланди


Сенаторлар «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларни кўриб чиқдилар.
Мазкур қонунлар муҳокамалардан сўнг сенаторлар томонидан маъқулланди.

Битта қонун рад этилди


Ялпи мажлисда «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги қонун муҳокама этилди. Қонун ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, уни тамомила қайта кўриб чиқиш зарур, деган хулосага келинди. Сўзга чиққанлар мазкур қонундаги айрим нормалар унинг номи ва мақсадларига мос келмайди, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ва хавфсизлиги талабларига риоя қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш механизмлари ўз аксини топмаган, қолаверса, бошқа қонунлардаги нормалар мазкур қонунда такрорланган, дея таъкидлашди.
Шундан келиб чиққан ҳолда мазкур қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи

«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама мавзуси бўлди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида дастурнинг 139 та банди ижросини таъминлаш белгиланган. Шундан 101 та банднинг ижроси таъминланди ва 22 та банд муддатидан олдин бажарилган. Ҳозирги кунда ижроси таъминланган бандлар сони 123 тани ташкил этмоқда.
Амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсди. Бюджет даромадлари қарийб 51 триллион сўмни ёки прогнозга нисбатан 109 фоизни ташкил этди. Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,6 триллион сўмдан ортиқ ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида дастурда кўзда тутилган инвестициявий лойиҳалар сони 9088 та бўлиб, уларнинг умумий қиймати 60,3 триллион сўмни ташкил этади, яратилиши кўзда тутилган иш ўринлари эса 172488 та. Бироқ биринчи ярим йилликда жами 3332 та лойиҳа (37 фоиз) бўйича умумий қиймати 13,6 триллион сўмлик (23 фоиз) лойиҳалар амалга оширилиб, бор-йўғи 38252 та иш ўрни (22 фоиз) яратилган.
Ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини биринчи ярим йилликда амалга ошириш даражаси 44 фоизни ташкил этди. Бунда Тошкент шаҳри (27 фоиз), Тошкент вилояти (31 фоиз) ва Қашқадарё вилояти (37 фоиз) энг ортда қолаётган ҳудудлар ҳисобланади.
Вазирлик ва идоралар томонидан республиканинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларни қониқарли деб бўлмайди.
Вазирлар Маҳкамасига дас­турда белгиланган муддатларда бажарилмаган бандларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш чораларини кўриш, шунингдек, вилоятлар ва туманларда ўтказилган ўрганиш­лар давомида Олий Мажлис Сенати томонидан аниқланган, инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тавсия этилди.
Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенати йигирма биринчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди. Мажлис бугун ҳам давом этади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати хабарлари
асосида тайёрланди

Бошқа хабарлар