ХАЛОСКОР КУЧ

48

Маънавият ва маърифат – тараққиёт қаноти

2016 йил 1 ноябрь. Андижон вилоятининг Бўз тумани. Шу куни Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти сайловчилари вакиллари билан ўтказилган илк сайловолди учрашувида шундай деган эди: «Албатта, биз мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустаҳкам ҳаётий позиция­­га эга бўлган ёшларни тарбиялаш бўйича катта ишларни амалга оширмоқдамиз. Аммо холисона тан олиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда бутун дунёда аҳолининг, биринчи навбатда, ёшларнинг онги ва қалбини эгаллаш учун қандай кескин кураш бораётганини, диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, «оммавий маданият» каби таҳдидлар кучая­ётганини ҳисобга оладиган бўлсак, фарзандларимиз тарбияси, маънавий-маърифий соҳадаги ишларимизни бир зум ҳам сусайтирмасдан, аксинча, уларни янги босқичга кўтаришимиз зарур».
Мен бу нутқни шу йил 14 август куни давлатимиз раҳбари раислигида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда қатнашаётиб яна бир бор эсладим. Ўтган даврда маънавият-маърифат масалалари бирор кун мамлакат раҳбарининг диққат-эътиборидан четда қолмагани хаёлимдан ўтди.

Сўнгги 2-3 йил ичида бу борада бир қатор улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 июлда «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида», 2019 йил 3 майда «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари, шунингдек, 2019 йилнинг 8 апрелида «Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши эълон қилинди. Қарорга асосан Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши тузилди ва унга биноан Президент мазкур Кенгашнинг раиси этиб белгиланди. Қарийб 25 йил давомида ўз жойи­­га, хизмат идорасига эга бўлмаган Республика Маънавият ва маърифат маркази янги, замонавий тарзда жиҳозланган, барча шароитларга эга ўз биносига эга бўлди. Марказ ходимларининг ойлик маошлари оширилди.


Ҳа, маърифатли, соғлом эътиқодли, том маънодаги ватанпарвар, миллий ғурури юксак инсонни тарбиялаш масаласи мамлакатимизда ҳамиша энг устувор ва асосий вазифаси бўлиб келган.
Бугун дунё шу даражада шиддат билан ривож­ланиб бормоқдаки, бу жараён ҳар биримиздан унинг ижобий ва салбий таъсирларига тўғри жавоб беришни талаб этмоқда. Юртимиз иқтисодиётидаги оламшумул ўзгаришлар, одамлар ижтимоий турмуш шароитининг кундан-кунга яхшиланиб бориши, бир жумла билан айтганда, жамиятимизнинг барча соҳаларидаги ислоҳотлар натижаларида барчамиз эртанги кунга ишонч билан қарамоқдамиз.
Аммо, афсус­ки, ҳали ҳал этишимиз лозим бўлаётган муаммоларимиз кўп, бутун жамиятни ягона мақсад йўлида бирлаштириш, уларни буюк келажакни барпо этишга йўналтиришда сусткашликларга йўл қўймоқдамиз. Ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, аҳолимизда, айниқса, ёшларимизда юксак эътиқодни шакллантиришда, турли ички ва ташқи таҳдидлар туфайли содир бўлаётган маънавий-мафкуравий бўшлиқни тўлдиришда хато, камчиликларга йўл қўймоқдамиз.

Мамлакат раҳбари ана шу муаммоларни маънавият-маърифат орқали ҳал этишга барчамизни даъват этмоқда, жамият ҳаётидаги барча хато-камчиликларни Ватанпарварлик, Миллий ғурур, Маънавият каби учта буюк кучга суяниб ҳал қилишни тавсия этмоқда.


Албатта, ушбу уч буюк куч бир-бири билан узвий боғлиқ ва уларни алоҳида тушуниш мумкин эмас. Назаримизда, қайта-қайта таъкидланаётгани каби, энг аввало, ҳар бир фуқарода юксак ватанпарварликни тарбиялаш ўта муҳимдир.
Хўш, Ватанни севиш, ҳар бир юртдошимизда юксак ватанпарварлик туйғусини шакллантириш учун нима қилишимиз лозим? Менинг назаримда, бунинг учун, энг аввало, ватанни сўзда эмас, амалда севиш, ардоқлаш лозим.
Ватанпарварлик қуруқ гаплар, чиройли шиорларни ёдлаб олиш, билишдангина иборат эмас. Аслида, ватанни севиш, том маънодаги ватанпарварлик улар ҳақидаги билим ва тушунчаларни ҳаётга татбиқ этишдир. Ватанпарварлик, Ватанни севиш масъулияти, шунингдек, ҳар биримиздан ўз тарихимизни билишни, уни мукаммал ўрганишни талаб этади.

Шу маънода, мамлакат раҳбарининг «Ўзбекис­тон тарихи» телеканалини ташкил этиш тўғрисидаги қарорини ёшларимизда юксак ватанпарварлик туйғусини шакллантириш йўлидаги яна бир дадил қадам сифатида баҳолаш мумкин. Буюк келажакни барпо этиш, дунё тобора глобаллашиб бораётган ҳозирги шароит­­да ўзлигимизни йўқотиб қўймаслигимизнинг асосий шарти ҳам мозийга қараб иш юритиш, шонли тарихимиздан маънавий-руҳий қувват олишдир. Шундай шароитда айрим технократик тафаккур тарзига эга ватандошларимизнинг миллий тарихимизга беписандларча муносабатини тушуниш қийин.


Айни пайтда тарих – буюк тарбия­­чи. Албатта, тарихимиз зафарларга, ютуқларга бой. Шу билан бирга, минг йилликлардан иборат тарихимизда, афсуски, кўплаб хато, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Абдурауф Фитрат «Юрт қайғуси» асарида шундай дейди: «Эй, … арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди? Ҳолинг қалайдир? Нечук кунларга қолдинг? Эй, … Темурларнинг, Ўғизларнинг шонли бешиклари! Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар? Қуллиқ чуқурларига недан тушдинг?! Дунёни «урҳо»лари билан титратган йўлбарс юракли болаларинг қани? Ер тупроғини кўкларга учиратурғон тоғ гавдали ўғлонларинг қани? Нечун товушлари чиқмайдир?»
Ватанпарварлик, аслида, бугунги кундаги «арс­лонлар», «йўлбаслар», «мард ўғлонлар»ни тарбиялаш учун керак. Бундай ўғлонлар ҳар доим, ҳар қадамда ватан манфаатини ўз манфаатидан устун ­қўйишга қодир, унинг учун ватанпарварлик – маънавий бурч, садоқат рамзи.
Даврлар синовидан ўтган бир ҳақиқат бор: ёшларимизда миллий ғурурни шакллантирмасдан туриб юксак марраларга эришиш мумкин эмас. Ғурур – ҳар биримизда қадр-қиммат, иззат-нафс, номус-ор каби фазилатларнинг пайдо бўлиши, ўзимизни-ўзимиз ҳурмат қилиш ҳиссидир. Ғурур инсоннинг юксак маънавият эгаси эканлигидан далолат беради.
Биз бугун бутун дунёда ота-боболаримиз яратган кашфиётлар, улар қолдирган бебаҳо илмий, маданий меросдан ғурурланишга тўла ҳақи бор миллатмиз. Биз IX-XV асрларда Шарқ Уйғониш даврининг қоқ марказида туриб, жаҳон тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган ва ундан ғурур, ифтихор туйғусини туйган халқмиз. Бундан минг йил аввал, ўн биринчи асрда буюк аллома ва мутафаккирларимиз томонидан 30 дан ортиқ илм йўналиши фан сифатида шакллантирилган. Бундай мисолни яна қайси юртда учратиш мумкин?

Бебаҳо қўлёзмалар, жумладан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва бошқа қомусий алломаларнинг асарлари кейинчалик кўплаб Европа тилларига таржима қилинди ва Европа Уйғониш даври жараёнига жиддий ижобий таъсир кўрсатди. Ғарб Уйғониш даврининг пайдо бўлиши юртимиздаги илм-фан, маънавият тараққиёти билан бевосита боғлиқ эканлигидан нега ғурурланмаслигимиз керак?


Аммо миллий ғурур фақат ўтмишга, аждодлар меросига маҳлиё бўлиб юришнинг ўзи билан чегараланмайди. Агар биз ҳақиқатдан ҳам юртимиздан етишиб чиққан ва жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган ватандошларимиз билан фахрланар эканмиз, унда масаланинг яна бир томонини ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим. Биз бугун буюк аллома ва мутафаккирларимизга арзирли авлод бўлдикми, уларнинг оламшумул ишлари, кашфиётларини давом эттиришга шаймизми? Масаланинг шу жиҳатлари эътиборга олиниб, Президент мактаблари, иқтидорли ёшларни кашф этадиган ижод мактаб­лари ташкил этилмоқда.
Бугун ҳеч нарсага осонлик билан эришиб бўлмайди. Ватани, ўз тумани, вилояти, маҳалласи, оиласи олдида масъулияти бўлмаган, ғурури йўқ инсон бу дунёнинг қийинчиликларига дош бера олмайди. Мамлакат раҳбари Ўзбекис­тонни 2030 йилда дунёнинг энг ривожланган 50 та давлати қаторига қўшишдан иборат катта стратегияни ишлаб чиқди. Миллий ғурури йўқ, масъулиятсиз, ўзини қийнамайдиган одамлар билан бу вазифани бажариш асло мумкин эмас.
Мутафаккирларнинг шундай фикри бор: бу дунёдаги энг катта хиёнат инсондаги қулайликка мойиллик ҳиссидир. Афсуски, бугун жамиятимизда, айниқса, ёшларимиз орасида ана шу қулайлик ортидан қуваётганлар кам эмас. Қулайликка мойиллик, аслида, ғурури йўқ одамда пайдо бўлади. Шунингдек, бундай одамлар ҳар қандай ташаббусдан, янгиликдан қўрқади, чунки, ташаббус ва янгилик ундайларнинг тинч-осуда ҳаётига рахна солади, безовта қилади. Мамлакатни ривож­лантириш, ҳаётимизни обод, одамларни бахтли қилишнинг энг муҳим шарти ҳам уларда миллий ғурурни шакллантиришдан иборатдир.

Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган биринчи кунданоқ барча соҳаларда тўпланиб қолган хато, камчиликлар, муаммоларни ҳал этишнинг энг ишончли йўли сифатида маънавият ва маърифат масалаларига катта эътибор қаратди. Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда маънавият масаласига бўлган қарашларимиз моҳиятан, концептуал даражада ўзгарди. Авваллари маънавият, маърифат деганда, биз кўпроқ назарий масалаларни эътиборга олганмиз.


Бугун маънавият ва маърифат масаласида амалий жиҳатлар устуворлик қилмоқда. «Маънавият, – дейди Президентимиз, – бу эл-юртга, Ватанга садоқатни аввало, амалий иш билан исботлаш, фидойи бўлиш, виждон ва диёнат деганидир». Дарҳақиқат, тан олиб айтишимиз лозимки, жамиятимизда энг етишмаётган ижтимоий ҳодиса – бу маънавиятдир. Хўш, бунинг сабаби нимада? Бунинг сабаби, маънавиятли бўлишнинг қийинлигида.
Биз илгари маънавият деганда кўпроқ чиройли гапирадиган, шеърлар ўқийдиган, пўрим кийим кийиб юрадиганларни назарда тутар эдик. Бугун эса маънавиятли инсон деганда ўзининг амалий ишлари билан жамиятга хизмат, одамларга яхшилик қиладиган, тарбияси оғир ёшларга сабоқ берадиган маҳалла оқсоқолини, ҳурмати баланд отахон-у онахонларни, ўз пешона тери билан топган бойлигидан кўчасига асфальт ётқизган фермерни, тадбиркорлик туфайли ўз қишлоғида янги иш ўринлари яратган ишбилармонни, уддабуронлиги туфайли хориждан инвестиция киритган ҳоким ёки элчини, ўз ишига масъулият билан қараган, болаларимизга замонавий билим беришдан чарчамайдиган ўқитувчини тушунамиз.
Бугун, менинг назаримда, маънавиятли инсон бўлолмаётганимизнинг сабаби айрим одамларда сабр ва чидам йўқлиги, ҳаётда учраши мумкин бўлган қийинчиликлар олдида довдираб қолаётганликларидир.
Маънавият ва маърифат тўғрисида мулоҳаза қила туриб, мен кўпинча мамлакат раҳбарининг ушбу феномен ҳодиса бўйича билдирган фикрларининг том маъноси, моҳиятини ҳали тўғри тушунмаётганлигимизни англадим. Президент таъбири билан айтганда, маънавият – бу барча соҳаларда шахсий ва умуммиллий манфаатларни уйғунлаштириш имкониятидир. Маънавият айрим одамлардаги кўзбўямачиликларнинг олдини олади, хатолардан қочишни эмас, уларнинг олдини олишни ўргатади, ҳар биримизнинг ўзимизни англашга кўмаклашади.

Инсоннинг инсонлиги унинг ўз қусур ва нуқсонларини кўра билиши ҳамда уларни бартараф этишга интилишидадир. Бунинг учун эса, энг аввало, инсон ўз тафаккур тарзини ўзгартириши лозим. Биз бугун янгиланаётган Ўзбекистонни қурмоқдамиз. Бунга барчамиз шайлигимизни билдиряпмиз. Бу жуда яхши. Аммо шу ўринда бир нарсани унутаётганга ўхшаймиз: ахир, янги жамиятни эски тафаккур билан қуриш мумкинми?


Хўш, нима учун бу гапни бошладик? Гап шундан иборатки, бугун юртимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришлар, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини билмаган, тараққиётнинг сабабларини анг­ламаган одамнинг тафаккур тарзи янгиланиши мумкинми? Асло йўқ. Тафаккури янгиланган одамгина бугун жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини онгли равишда англаши, таҳлил қилиши мумкин.
Мамлакатимиз раҳбари ўзининг ҳар бир чиқишида, нутқ ва маърузаларида ўзбек миллий маданияти ва маънавияти жаҳон тамаддунига катта ҳисса бўлиб қўшилганини эътироф этади. Шунинг учун ҳам биз бугун дунёдан кўп нарсани ўрганишга тайёрмиз ва ўрганяпмиз ҳам. Аммо маънавият ва маърифат соҳасида дунё биздан ўрганиши мумкин. Масалан, эркинлик борасида, ҳар бир ўзбекнинг эрки унинг ота-онаси, маҳалласи олдидаги масъулиятидан улуғ эмас. Агар биз турли таъсир, таҳдидлардан холи бўлган ҳолда ана шу масъулиятни яна қайтадан тиклай олсак, унда миллий қадриятларга беписандлик, боқимандалик, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, оилавий ажралишлар, ўз жонига қасд қилишлар, одам савдоси, енгил йўллар билан бойлик орттириш, ахлоқсизлик каби иллатларни бартараф этган бўлар эдик.

Албатта, биз бугун демократик, инсонпарвар, ҳуқуқий, фуқаролик жамиятини барпо этмоқдамиз. Қонун устуворлиги барчамиз учун баробар. Ана шундай шароитда бугун барчамизни ҳалокатдан қутқариб қоладиган, мамлакат ривожланишининг бардавомлигини таъминлайдиган куч – бу маънавиятдир.

Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори,
профессор

Бошқа хабарлар