Қоғозда қолаётган дастур…

128

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги «Меҳнатобод», «Қумариқ» ва «Юлғунзор» маҳаллалари жорий йил учун белгиланган «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Хўш, дастур доирасида мазкур ҳудудларда қандай ишлар амалга оширилган? Ҳудудларда бўлиб, шу саволга жавоб изладик.

Барча ишлар «БЕШ»(МИ?)


«Меҳнатобод» МФЙ туман марказидан 25 километр олисда жойлашган. Бу ерда 1570 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади.
Ҳудудда шу кунгача «Обод қишлоқ» Давлат дастури доирасида 4 та кўп қаватли уй ва ирригация тармоқларини таъмирлаш, тунги ёритиш устунлари ўрнатиш, пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, ичимлик суви тармоғини тортиш, сув минорасини ўрнатиш, кўчаларга шағал ётқизиш ва асфальтлаш, электр тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилган. Бироқ бу дастур доирасидаги барча ишлар «беш» дегани эмас.
Бажарилмаган ишлар ҳам талайгина. Мисол учун, ­қишлоқдаги 300 нафар ўғил-қиз таълим оладиган 44-мактаб жорий таъмирдан чиқарилиб, янги ўқув йилига шай ҳолга келтирилиши керак эди. Бироқ икки қаватли муассасанинг биринчи қаватида залнинг деворларига пардоз берилиб, 6 та эшик ва 5 та дераза ромлари янгисига алмаштирилган, холос. Иккинчи қаватга эса қўл ҳам урилмаган.

«Меҳнатобод» МФЙ раиси Зикрулло Содиқовнинг айтишича, таъмирлаш ишларига 87 миллион сўм маблағ ажратилган. Қурилиш ташкилоти шунга лойиқ таъмирлаш ишларини бажариб, ишни шу жойида тўхтатган. Синф хоналаридаги манзара ҳам мақтагудек эмас. Айрим синф хоналарининг ойнаси йўқлиги боис деразаларга фанер қоқилган бўлса, бошқасига амал-тақал қилиб ойна бўлаги ёпиштирилган.


Синф парталари таъмирга жуда муҳтож. Парталарга турли исмлар, «I love you» каби «битиклар» ўйиб ёзилган. Мактаб биносининг ташқи қисми таъмирдан чиққан бўлса-да, ишлар тунда бажарилган, шекилли, сувоқ ишлари талаб даражасида эмас.
Дастурга киритилган қишлоқ оилавий поликлиникаси 1570 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Муассасада март ойида таъмирлаш ишлари бошланган-у, лекин охирига етказилмай, ўлда-жўлда қолиб кетган.
– Бошида таъмирлаш ишлари бинойидек кетаётган эди. Кейин негадир ишлар ўзидан ўзи тўхтаб қолди, – дейди ҳамшира Зиёда Мирзаолимова. – Эшитишимизча, усталар бош­­қа жойда ишлаётган экан. Бинонинг олди қисмидаги эски ромлар олиб ташланиб, янги ромлар ўрнатилди. Бироқ ромларга ойна ўрнатилмагани сабабли бино очиқ ҳолда қолиб кетди. Ҳозир ташқаридан кўтарилган чанг-тўзон муассасага ёпирилиб ­киряпти. Бу эса муолажа олишга келаётган беморларга кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Аксига олиб, муассасада фаррошлик штати ҳам йўқ.
Муассасани кўздан кечирар эканмиз, ишлар ҳақиқатан ўз ҳолига ташлаб қўйилганига гувоҳ бўлдик.

Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашганимизда улар мазкур муассасада педиатр, муолажа ҳамшираси, лаборант каби мутахассислар етишмаслигини айтишди. Болаларни эмлаш учун ҳам 25 километр масофа босиб ўтиб, туман марказига бориб-келишга тўғри келар экан. Агар муассасада тезроқ таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилиб, мутахассислар ишга жалб этилса, аҳолининг туман марказига қатнашига ҳожат қолмас эди.


Бундан ташқари, Навбаҳор кўчасидаги кўп қаватли уйлар олдида болалар майдончаси ва спорт майдончасини барпо этиш, 2 та чиқинди йиғиш пунктини қуриш, 2 километр масофада дарахт экиш ва гулзорлар ташкил этиш ишлари ҳам бажарилиши лозим. Бироқ бу ишларга ҳали қўл урилгани йўқ.

Шифохона шифери
қоқилди, холос…


«Қумариқ» МФЙда 6300 нафар аҳоли яшайди. Ҳудудда дастур доирасида 2 километр пиёдалар йўлагини таъмирлаш, 2 та чиқинди йиғиш пунктини қуриш, 1,7 километр ҳудудда дарахтзор ва гулзорлар ташкил этиш, 1 та суғориш қудуғини қазиш, 86 дона тунги кўча ёритиш устунларини ўрнатиш ва 6 километрлик электр кабелларини тортиш, 1 та сув минорасини ўрнатиш, ­қишлоқ оилавий поликлиникасининг мукаммал таъмирланиши режалаштирилган. Афсуски, айни пайт­гача бу ишларнинг бирортаси бажарилмаган.
Қишлоқ оилавий поликлиникаси биносининг том қисмидаги эски шиферлар янгисига алмаштирилган, холос.
«Қумариқ» МФЙдаги кўчаларга 65 та 9 метрлик, 22 та 11 метрлик бетон устунлар ўрнатилиб, сим тортилган. Абадиёт, Тадбиркорлар, Мустақиллик, Ўрикзор, Обод диёр, Шоҳ, Ариқбўйи, Араб қўрғонча кўчаларига ичимлик суви тармоғи тортилиб, шу кўчаларга қисман шағал ётқизилган. Очиғи, бу ерда бажарилганидан кўра бажарилмаган ишларнинг кўплигини кўриб, «Қумариқ» «Обод қиш­лоқ» дастурига тушганмиди?» деган ўй билан ортга қайтдик.

Спорт залисиз мактаб,
қурилмаган боғча…


«Юлғунзор» МФЙда дастур доирасида шу кунгача кўчаларга 5,8 километр йўлга шағал ётқизилиб, 3 километр йўл асфальт­ланган. Эски сим ёғочлар темир бетон устунларга алмаштирилган. 4,3 километр электр тармоқлари таъмирланган. Ҳикмат ва Қўрғонча кўчасига 2 та янги трансформатор пункти келтирилиб, ўрнатилган. Ўрда, Қўрғонча, Ҳикмат, Карвон кўчаларига 2 километр сув тармоқлари тортилган. Қўрғонча ва Ўрда кўчаларига 2 та сув минораси ўрнатилиб, монтаж ишлари бажарилмоқда. 1,5 километр масофадаги ирригация тармоғидаги ишлар якунланган. Дастурга киритилган 38-умумтаълим мактабида ҳам ишлар қизғин.
Аммо 1 километрлик пиёдалар йўлагининг қурилиши, 1,3 километр масофада дарахтзор ва гулзорлар ташкил этиш, тунги кўча ёритиш устунларини ўрнатиш, боғча қуриш каби ишлар ҳали бажарилганича йўқ.

– Қишлоғимиздаги 38-мактабда 500 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олади, – ­дейди «Юлғунзор» МФЙ раиси Тоир Обилжонов. – Бироқ мактабимизда спорт зали, ­фаоллар зали, ошхона йўқ. Мактаб ҳудудида спорт зал учун ҳам, ошхона учун ҳам етарлича жой бор. Агар масъуллар шуларни қуриб беришса, бу мактаб ўқувчилари учун энг катта совға бўлар эди. Чунки ўқувчиларнинг қишнинг совуқ ва ёмғирли кунларида спорт билан шуғулланишлари учун умуман шароит йўқ.


Дастурга асосан «Юлғунзор» МФЙ ҳудудида болалар боғчасини қуриш режалаштирилган бўлса-да, бу борада бирорта амалий ҳаракат бошланмаган.
– Маҳалламизда 2941 аҳоли яшайди. Шундан 353 нафари боғча ёшидаги болалар, – дейди маҳалла раиси Т.Обилжонов. – Ҳудудда «Обод қишлоқ» дастури доирасида 150 ўринли болалар боғчаси қурилиши керак эди. Лекин бу ишлардан ҳали дарак йўқ. Боғча йўқлиги боис ота-оналар болаларини 3-5 километр узоқликдаги Полохон, Гулис­тон, Яккатут, Зиғир қишлоқларига, ҳатто, баъзилари 8 километр масофага – туман марказидаги боғчаларга олиб бормоқда.

Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтишни лозим топдик. «Юлғунзор», «Қумариқ», «Меҳнатобод» МФЙларда, дастурга кўра, 5 километр­­га яқин масофада гулзор ташкил қилиш қайд этиб қўйилган бўлса-да, гулзор у ёқда турсин, ҳатто, асосий кўча четларига битта ҳам гул экилмаган.


«Обод қишлоқ» дастури ижроси тўлиқ бажарилмаяпти. Ёзнинг иссиқ кунлари қурилиш, таъмирлаш ишларини бажариш учун энг қулай пайтдир. Ҳар бир кун ғанимат. Шундай экан, мутасаддилар шошилиши керак эмасми?

Жамшид ЭРГАШЕВ,

“ISHONCH”

Бошқа хабарлар