Сирдарёнинг очилаётган сирлари

88

ёхуд Ховос ва Ховостепа ҳақида нималарни биламиз?

Сайхун дарёсининг қирғоқларида, Мирзачўл бағрида жойлашган Сирдарё вилоятининг бугун анчайин машҳур Гулистон, Ширин, Янгиер каби шаҳарлари бор. Улар ўтган асрда қад ростлаган. Демак, ёш. Қадимий ёзма манбаларда эса бу ҳудудда тарихий шаҳарлар, кентлар, қалъалар бўлгани ҳақида маълумотлар кам учрайди.
Лекин ўтган асрнинг 50-60-йилларида амалга оширилган археологик қазишмалар натижасида Ширин шаҳри атрофида қадимий қабристонлар, Боёвут тумани маркази ва Ховос туманидаги тепаликлар бағрида қадимий қалъалар, кентлар, қўрғонлар ўринлари борлиги аниқланган. Бу масканлардан топилган айрим осори атиқалар ушбу қалъалар, қўрғонларда милоддан олдинги III-II асрларда ва илк ўрта асрларда ҳаёт қизғин давом этганини тасдиқлайди. Демак, бу ерларда шаҳарсозлик, маданий ҳаёт олис ўтмишдан бош­ланган.

Қадим кент манзаралари

Вилоят ҳудудидаги энг қадимий шаҳарлардан бири Ховос ҳисобланади. Бу шаҳар даврлар силсиласида бузилиб, вайронага айланиб, кўмилиб кетган. Эндиликда унинг ўрнида Ховос тумани маркази яқинида жойлашган маҳобатли Ховостепа ёдгорлиги қад ростлаб турибди.
Шаҳар қадимда катта ҳудудни эгаллаган. Ҳозирги кунда унинг 1 гектардан зиёд арк қисми, шаҳристоннинг 11 гектарлик қисми тепалик остида вайрон ҳолда сақланиб қолган. Шаҳристоннинг баъзи ўринлари ва работлари йўқ бўлиб кетган. Археологлар бу ёдгорликни ўрганиш учун кўп йиллардан бери қазишма ишларини бажаришмоқда. Ана шундай қазишма ишларидан бирини 1988-1989 йилларда археологлар А.Грицина, В Набоков, Ю.Буряков амалга оширишган. Бунда ёдгорликнинг маданий қатламлари ўрганилган. 2003-2004 йилларда яна бир гуруҳ археологлар кенг кўламли қазишмаларга бош-қош бўлишди. 2014-2018 йилларда археологлар А.Грицина, К.Раҳимов, О.Мамиров иштирокида ўтказилган қазишмалар жараёнида ёдгорликнинг аксарият қисми очиб ўрганилган.

Биринчи маданий қатлам

Қазишмалар натижасида тепалик остида бир неча маданий қатлам борлиги аниқланди. Дастлабки маданий қатлам антик даврга тегишли бўлиб, ўша даврга оид, яъни милоддан аввалги IV-III асрларга мансуб уй-жойлар қолдиқлари, металсозлар бинолари, металл эритадиган печлар ўринлари, хум идиш­лар топилди. Милоддан аввалги II-I асрларга доир иншоотларнинг хоналари турлича барпо этилган. Баъзилари ҳар хил тошлар билан безатилган бўлса, айримларида хом ғиштларни териш асосида турли нақшлар ҳосил қилинган. Тепа қисми синиб кетган катта хумларда эса турли-туман маҳсулотлар сақланган. Бинолар, иншоотлар қурилишида антик даврга хос катта ғиштлар ишлатилган. Хоналарнинг полларига ҳам ана шундай ғиштлар терилган. Иншоотлар қурилишига қараб, булар шаҳар ҳукмдорларига тегишли бўлган, деган хулоса чиқариш мумкин.
Антик ва эллин даврига мансуб уй-жойлардан ҳар хил осори атиқалар ҳам топилган. Ана шулардан бири Зардуштийлик маъбудаси Анахитанинг милоддан аввалги II-I асрларда сополдан ишланган тасвири ҳисобланади. Маъбуда Анахита ҳосилдорлик, об-ҳаёт рамзи бўлиб, унинг ҳайкалчаси Амударё ва Сирдарёнинг қуйи нуқталарида, Ўзбекистоннинг шимолий қисмидаги шаҳарларда кенг тарқалган. Унинг тасвири Уструшона ҳудудларидан топилиши ноёб ҳодиса ҳисобланади. Бу маданий қатламдан антик даврга оид исириқдонлар, қадаҳ идишлар, қозонлар, тошдан тайёрланган деворларни бузишда ишлатиладиган ядролар, чироқдонлар ҳам топилиши эса Ховос тарихи олис ўтмишга бориб тақалишини кўрсатади.

Иккинчи маданий қатлам

Ховостепа ёдгорлигининг иккинчи маданий қатлами милодий IV-VIII асрларга тааллуқли экани аниқланди. Яъни, Ховосда ижтимоий ҳаёт, шаҳарсозлик 500-600 йиллар оралиғида гуллаб-яшнаган. Бу даврда шаҳар мустаҳкам мудофаа девори билан ўраб олинган. Мудофаа деворларининг маълум жойларида минорасимон буржлар бунёд этилган. Археологик қазишмалар жараёнида мудофаа деворларининг пастки қисми, минорасимон буржларнинг пойдеворлари, улуғвор қилиб солинган уй-жойларнинг қолдиқлари очилиши натижасида шаҳар ҳаётига оид янги маълумотларга эга бўлинди. Бу даврда ҳунармандчилик янада ривож топган. Ҳунармандчилик маросимларида ишлатиладиган турли хил идишларнинг, сопол ва тошдан ясалган урчуқбошлар, суякдан тайёрланган ғалтаклар, буғдой ёрғучоқлар, гиёҳларни янчадиган тош келилар, камон ўқларнинг учлари, тош мунчоқлар, товалар, кўплаб кўзаларнинг топилиши ҳам буни исботлайди. Айни шу даврда Ховос Буюк Ипак йўлининг марказидаги, ҳам савдо, ҳам ҳарбий йўлнинг чорраҳасидаги шаҳарга айланган. Бу ердан йўл тўрт тарафга – бир томони Хўжанд ва Фарғона орқали Хитойга, иккинчи томони Банокат кечуви орқали Харсанкат ва Дашти Қипчоққа, учинчи томони Самарқанд ва Бухорога, тўртинчи томони Уструшона пойтахти Бунжикатга тармоқланган. Шаҳар бу даврда катта ҳудудни эгаллаган.

Учинчи маданий қатлам

Араблар босқини шаҳарга катта талафот етказган. Лекин орадан кўп ўтмай қадим шаҳар ўрнида янги шаҳар қад ростлаган. Бу шаҳар қолдиқлари тепаликнинг учинчи маданий қатламидан жой олган. Ушбу маданий қатламдаги турар-жойлар, бинолар, иншоотлар қолдиқларини архео­логлар X-XIII асрларга тегишли деб баҳолашган. Бу маданий қатламдаги иншоотлар иккинчи маданий қатламдаги уйлардан қурилиши, бинокорлик услуби, архитектураси жиҳатдан фарқ қилади. Энг муҳими, уйлар қурилишида аввалги даврлардаги хом ғиштлар ўрнини пишган ғиштлар эгаллаган. Натижада бинолар барпо этишда нақшлар, безакларга кўпроқ эътибор қаратилган. Бу маданий қатламда топилган нодир иншоотлардан бири XI асрга оид қадимий ҳаммом қолдиқларидир. Бу эса шаҳарда жуда кўплаб иншоотлар мавжуд бўлганидан дарак беради. Маълумки, ҳаммомлар одатда масжидлар олдида қурилган. Масжид эса бир ўзи барпо этилмаган, унинг ёнида мад­раса, хонақоҳ, минора ҳам тикланган. Демак, бу ҳаммом ёнида ана шундай иншоотлар мавжуд бўлган. Ҳаммом, таҳоратхонани қуриш учун қадимий мусулмон ғиштлар ишлатилган. Бу маданий қатламдан мисдан ясалган тангалар, узуклар, сирланган косалар, кўзалар, сирланган лаганлар, кулоллар ишлаган нақшинкор идишлар бўлаклари, меъморий безаклар, сопол идишларга безак бериш учун ишлатиладиган қолип бўлаклари ҳам топилган. Ана шу қадимий осори атиқалар орасида яна бир нодир ашё – Ҳумо қушининг босма усулда гўзал тасвири акс эттирилган чироқдон дастаси ҳам қазиб олинган. Ҳумо қушини аждодларимиз бахт ва омад, фаровонлик рамзи деб ҳисоблашган. Номаълум мусаввир томонидан Ҳумо қуши Боғи Эрам қўйнида ҳаёт гўзаллиги ва абадийлигининг тимсоли сифатида акс эттирилган.

Тўртинчи маданий қатлам

Ховостепада ҳаёт XVI-XVIII асрларда ҳам давом этган. Бу ёдгорликнинг тўртинчи маданий қатламидан топилган уй-жойлар қолдиқлари, сув йўллари, майиз қайнатиладиган ўчоқлар, сирланган лаганлар ва бош­­қа буюмлар мисолида аниқланди. Тепалик устида қалашиб ётган сопол буюмлар қолдиқлари ҳам ушбу даврдаги ҳаёт нишоналаридан дарак беради.
Тепалик остидаги вайронага айланган шаҳарнинг ниҳоятда қадимий эканини археологик қазишмалар натижаларидан ташқари кўҳна қалъа атрофида жойлашган меъморий иншоотлар, қабристонлар, зиёратгоҳлар, мақбаралар, табаррук қадамжолар ҳам исботлайди. Қалъа атрофида олтита қабристон – Мозори қўтон, Мозори саййид, Мозори пари, Мозори шоҳид, Мозори дил, Мозори қавс жойлашган. Бу ­қабристонларнинг аксарияти тепаликнинг атрофларида, яъни қадимий Ховос шаҳрининг шаҳристони ва работлари ўрнида пайдо бўлган. Бошқачароқ айтганда, босқинлар, урушлар натижасида работлар вайрон бўлиб, қабристонларга айланган. Қабристонларнинг кўплиги эса бу шаҳарда аҳоли зич яшаганини кўрсатади.
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, Ховосда 28 та табаррук қадамжо бўлган. Эндиликда улардан 12 таси сақланиб қолган. Шулардан бири «Хасти бузургон» зиёратгоҳи саналади. Бу зиёратгоҳда «Хасти бузург» лақаби билан улуғланган Жобир бобонинг қабри жойлашган. Ривоят қилиш­ларича, Жобир бобо Ховос ва унинг атроф­ларига Ислом динини ёйиш учун келган. Бу инсон Ховосни обод қилишда қатнашган ва халқ ўртасида илм-маърифат тарқатган. Шу сабабли «Хасти бузург» дея улуғланган. «Биби оча» зиёратгоҳида Жобир бобонинг турмуш ўртоғи Биби Хадича дафн этилган. Бу ерда она ёки бувига оча дея мурожаат қилишгани сабабли у киши Биби оча дея эътироф этилган. «Юсуфбобо» зиёратгоҳида эса қадимда Ховосда темирчилик билан шуғулланган ва табиблик қилган, кейинчалик темирчилар пири деб улуғланган Юсуфбобо мақбараси мавжуд. «Шербобо» мақбарасида эса олис ўтмишда Ховосни душманлардан ҳимоя қилган, ҳимоячиларга бош бўлган Иброҳим исмли шерюрак инсон дафн этилган. Қадимий «Намозгоҳ» масжидини ховосликлар Жобир бобонинг етук, донишманд фарзандлари шарафига «Саъду Саъид» (Саййидларнинг улуғи) номи билан аташган. Бу зиёратгоҳларнинг аксарияти бугунги кунда обод масканларга айлантирилган.

25 асрлик тарих

Мазкур маълумотлар ва археологлар қазишма ишларининг дастлабки натижаларидан англашилиб турибдики, Ховос ниҳоятда қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, у камида 2400-2500 йиллик тарихга эга. Бу ерда амалга оширилган археологик изланишлар шундай хулосага келишга асос бўлди. Лекин бу тарихий сана ҳам якуний эмас. Чунки тепаликнинг энг остки қисмидаги маданий қатлами ҳали аниқланмаган. Агар бундай маданий қатлам мавжуд бўлса, қадимий Ховоснинг ёши 2400-2500 ёшдан ҳам улуғ бўлиши шубҳасиз. Шунинг учун у нафақат Сирдарё вилоятидаги, балки мамлакатимиздаги кўҳна шаҳарлардан бири, деб эътироф этилди. 2018 йилда Ховостепа ЮНЕСКОнинг маданий ёдгорликлар рўйхатига киритилди.

Ховос номи нимани англатади?

Кўҳна шаҳарнинг Ховос номи билан қачондан бошлаб аталгани ва бу ном қандай маъно билдириши ҳақида аниқ тарихий маълумотлар йўқ. Лекин бу борада баъзи тахминий фикрларни билдириш мумкин. «Ховос» сўзи араб тилидаги «хавос» сўзининг халқимиз тилида ўзгарган шакли. «Алишер Навоий асарлари луғати»да келтирилишича, «хавос» сўзининг иккита луғавий маъноси мавжуд. Биринчиси, хосиятлар, хоссалар, иккинчиси подшоҳ яқинлари, улуғ зотлар, хос кишилар маъноларини билдиради. «Хавос»нинг бирлик формаси «хос» бўлиб, у махсус, алоҳида, юқори табақа мазмунларини англатади. Шундан келиб чиқиб, Ховос сўзи подшоҳ яқинлари, улуғ зотлар, хос кишилар яшайдиган жой маъносини билдиради, дейиш мумкин. Шаҳарга бу ном, табиийки, араблар босқинидан кейин қўйилган. Араблар босқинига қадар шаҳар қандай ном билан аталгани номаълум.
Айни пайтда, ўрта аср ёзма манбаларида бу шаҳар ва унда яшаган баъзи улуғ шахслар хусусида маълумотлар ҳам мавжуд. Жумладан, Абу Комил ал-Басирийнинг «Музофот», Абдулазиз ибн Муҳаммад ан-Нахшабийнинг «Муъжам аш-шуюх», Абу Хафс Умар ан-Насафийнинг «Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд» каби асарларида ҳам Ховос ва ховослик алломалар ҳақида қисқача маълумотлар берилган.
Ховостепа ёдгорлиги ва шаҳар кўринишлари 1900 йилдан кейин фотосуратларга ҳам муҳрланган. 1909 йилда Чор Россияси пойтахтидан фотограф, этнограф олим Семен Прокудин-Горский Туркистонга келади. Бу ерда Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Сирдарё вилоятларидаги қадимий шаҳарлар бўйлаб саёҳат қилади. Ховос шаҳарчасида бўлиб, тепаликни, шаҳардаги уйларни, шаҳар атрофидаги жойларни, ховосликларни суратларга муҳрлайди. Ўнга яқин фотосуратлар тарих мулкига айланиб қолган. Улар эндиликда Америка Қўшма Штатларининг Конгресс кутубхонасида ва Россияда, Санкт-Петербургдаги Борис Ельцин номидаги Президент кутубхонасида сақланмоқда. Буларнинг бари Ховоснинг қадимий ва кўҳна тарихидан гувоҳлик беради.

Сайёҳлик марказларидан бирига айланади

Бугунги кунда Ховос тарихини ўрганиш ва уни тарғиб қилиш, Ховостепа ёдгорлигини ҳамда унга ёндош зиёратгоҳларни сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш учун жиддий ишлар амалга оширилмоқда. Туман ҳокими ­Райимқул Бобоев бошчилигида «Кўҳна Ховос маданий меросини асраб-­авайлаб сақлаш маркази» ташкил этилган. Бу марказнинг фаолияти тарихни ўрганиш, архео­логик қазишмаларни амалга ошириш маданий мерос­ни авайлаб сақлашдан тортиб уларни кенг жамоатчиликка танитишгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган. Хуллас, бугун тарихга эътибор, уни асл ҳолида тиклаш ҳар бир ховосликнинг чинакам мақсадига айланган.
…Ховос ёдгорлик тепалигининг энг юқори қисмига кўтарилсангиз, теварак-­атроф яққол кўзга ташланади. Бир томонда Қурама тизмалари, иккинчи томонда Мирзачўл кенгликлари, учинчи томонда буралиб-буралиб оқаётган Сайхун, яна бир томонда Зомин тоғларига қадар бир-бирига туташиб кетган боғлар намоён бўлади. Бу ерда бир зум ўтирсангиз, кўҳна тарих хаёлингизда жонланади: Зардуштийларнинг маҳобатли ибодатхоналари, Искандар Зулқарнайн­нинг саф тортган лашкарлари ва Спитаменнинг озодлик учун курашлари, мўғуллар қирғини ва Жалолиддин Мангуберди, Темур Маликнинг уларга қарши аёвсиз жанглари, соҳибқирон Амир Темурнинг буюк давлат барпо этиши, Чор Россияси ва шўролар давлатининг мустамлакачилик урушлари, халқимизнинг эрк, мус­тақиллик йўлидаги армонлари, орзу-умидлари ва истиқлол қувончлари… Кўҳна Ховос ва бу шаҳарда яшаган халқ ҳам тарихнинг ана шундай йўлларини босиб ўтиб, бугунги кунларга етиб келди. Ховостепанинг юксак нуқтасидан яна бир ҳолат – унга ёндош Гулбаҳор, Ҳуснобод, Фарҳод, Зафаробод, Ҳавотоғ, Туркистон, Соҳибкор, Чаманзор ва бошқа шу каби қишлоқлар қайтадан обод бўлаётгани, унга яқин жойда «Ховос сити» деб номланган кўркам, гўзал шаҳар қад ростлаётгани ҳам намоён бўлади. Бир ёнда 2500 йиллик кекса тарих сирларини очмоқда, иккинчи томонда, келажак бўй кўрсатмоқда. Ховос ана шундай ўзгаришлар, янгиланишлар ва бунёдкорлик­лар қўйнида яшамоқда.

Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бошқа хабарлар