ТУЯҚУШ ГЎШТИНИ ЕЙИШ МУМКИНМИ?

47

         Бугун республикамиздаги деярли ҳар бир туманларда туяқуш боқаётган тадбиркорни учратиш мумкин. Хўш, замондошларимиз туяқуш боқишга қанчалик моҳир? Аслида ушбу улкан қушнинг гўшти ҳалолми? Уни ейиш мумкинми? Ушбу саволларга “Қашқадарё” газетасида жавоб изланади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ТУЯҚУШ ГЎШТИ ҲАЛОЛМИ?

Кейинги вақтларда туяқуш боқиб, тадбиркорлик фаолиятини юритаётганлар сони вилоятимизда ҳам кўпаймоқда. Хўш, туяқуш гўшти ҳалолми, бу борада динимиз кўрсатмалари қандай?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати Телеграмдаги каналида бу саволга қуйидагича жавоб берди:

– Туяқуш  – истеъмол қилиш шаръан мумкин бўлган қушлардан саналади. Бу борада барча мазҳаб фуқаҳолари иттифоқ қилишган. Аллоҳ таоло барча покиза нарсаларни инсонларга ҳалол қилган бўлиб, бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди” (Моида сураси, 4-оят).

Ушбу умумий ҳалол қилинган ҳайвонлардан шариатда истисно қилинганларини истеъмол қилиш жоиз эмас. Буни қуйидаги каби ривоятлардан билиб оламиз:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий алайҳиссолату вассалом йиртқич ҳайвонлардан озиқ тиши борлари ва ўткир тирноқли қушлар(нинг гўштини ейиш)дан қайтардилар” (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз мазкур ҳадисдаги: “ўткир тирноқли қушлар”дан мурод – тирноқлари билан ов қилиб, унинг гўшти билан озиқланадиган бургут, лочин, қирғий каби қушлар тушунилади, дейишган.

Туяқуш мазкур ривоятда зикр қилинган ўткир тирноқли қушлар турига кирмайди. Фақат уни сўйишда Аллоҳнинг номини зикр қилиш шарт ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг номи зикр қилиб сўйилган ҳайвоннинггина гўштини ейишга амр қилган.

ОНА ҚЎЗИҚОРИН ЕТИШТИРСА, ҚИЗИ ТЎЯҚУШ БОҚМОҚДА

Кўпгина давлатларда туяқуш боқиш паррандачиликнинг сердаромад соҳаларидан бирига айланган. Бунинг асосий сабабларидан бири эса унинг гўшти парҳезбоплиги, пати, териси ва ҳатто тирноқларидан олинадиган хом ашё қимматбаҳолигидадир.

Туяқуш гўштида холестерин жуда кам. Қон-томир, ошқозон-ичак касалликларида, инфаркт, инсультнинг олдини олишда жуда фойдали. У иммунитетни мустаҳкамлашда, қон босими кўтарилиши ва тушиши, аллергия, астма каби қатор касалликларни даволашда қўл келади.

Шунингдек, туяқуш терисидан қимматбаҳо кийимлар, қўлқоп, пойабзал, ҳамён ва сумкалар тикилса, тирноғидан бриллиант ва олмосни қайта ишлашда қўлланиладиган кукун, патидан эса пар ёстиқлар, аёллар учун шарф ва бошқа кийим-кечаклар тайёрланади.

Мана шу жиҳатлар кишиларда туяқуш боқиш фаолияти билан шуғулланишга бўлган қизиқишни оширмоқда. Бугун вилоятимизда ҳам ушбу парранда турини парваришлаётган оилалар, тадбиркорлик субъектлари кўп.

– Ўз хонадонимизда Африка қора туяқушларини парваришлаяпмиз. Бу ишга қизиқишимга ота-онам сабабчи бўлди, – дейди Миришкор туманилик Руқия Эгамова. – Уларнинг маслаҳати ва бевосита кўмаги билан шу фаолиятни бошладик. Сармоя учун “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасининг туман филиалидан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олганмиз. Бу маблағ ҳисобидан керакли шарт-шароитларни ҳозирладик ва    8 та туяқуш олиб келдик.

Тадбиркор қизнинг таъкидлашича, Африка қора туяқушлари 50 йил яшайди ва камида 30-35 йил тухум беради. Бир ойда битта туяқуш 10-15 та тухум қўяди. Лаборатория шароитида барча тухумларини очириш мумкин. Инкубаторда 40, табиий шароитда 60 кунда жўжа тухумни ёриб чиқади. Атиги икки ҳафтада маҳаллий шароитга мослашади.

Эътиборли жиҳати, ушбу оилада янги, ноодатий соҳаларга бўлган қизиқиш кучли. Мисол учун, оила бекаси Ҳусния    Равшанова бир неча йилдан буён қўзиқорин етиштириш билан шуғулланиб келмоқда.

– Қўзиқоринни хонадон шароитида ҳамма вақт етиштириш мумкин, – дейди у. – Аммо бизда бу маҳсулот асосан қиш ва баҳор ойлари харидоргир бўлади. Шунга кўра, сентябрь-апрель ойлари оралиғида шу иш билан шуғулланамиз. Бу иш кўпроқ эътибор талаб қилади, аммо унчалик қийин эмас. Тупроқ тўлдирилган халталарга қўзиқорин уруғини ташлаб, нам-ликни таъминлаган ҳолда керакли ҳароратда парваришласангиз бўлгани. Шу усул билан бир мавсум давомида ўртача 3 тоннагача қўзиқорин етиштириб, 40-45 миллион сўм атрофида даромад олаяпмиз.

Ҳа, изланиш, интилиш, меҳнат қилиш оила фаровонлигини таъминловчи энг муҳим омиллардан биридир. Буни миришкорлик ушбу оила ҳаёти мисолида ҳам кўрдик. Шунчаки уларга ҳавас қилиш, уддабуронлигини ўрганиш керак, холос. Ана шунисидан манфаат бўлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

2019 йил 27 август, 68-сон

“Қашқадарё” газетаси

Бошқа хабарлар