ГЎШТ НЕГА ҚИММАТЛАМОҚДА?

54

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали гўштнинг нархи кескин кўтарилиб кетганлиги ҳақидаги маълумотлар кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Бу ҳақда ҳар ким ўз фикрини билдиряпти. Журналист Боборавшан Ғозиддинов барчанинг эътиборини тортган масала юзасидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси матбуот котиби Анвар Суюновга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Ушбу саволлар асосида тайёрланган мақола барчани бирдек қизиқтириши табиий.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ГЎШТ НАРХИНИНГ ОШИШИ ҚАНДАЙ ОМИЛЛАРГА БОҒЛИҚ?

Яқинда Давлат статистика қўмитаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерация­си юртимиз бозорларидаги гўшт нархларини эълон қилди. Расмий маълумотга таянадиган бўлсак, 15 август кунидаги ҳолатга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Бухоро вилоятларидаги бозорларда энг қиммат гўштнинг бир килоси 50 минг сўм!

Бу маълумот кенг жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Аксарият юртдошларимиз бу нархларнинг осмондан олингани, аслида бозорларда гўшт нархи анча қиммат экани ҳақида фикр билдирди. Бу баҳслар қанчалик асосли экани бизга қоронғи, аммо сўнгги вақтларда нарх ошгани ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёж тўла қондирилмаётгани бор гап.

Гўшт нега қиммат?

— Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 18 мартдаги «Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида халқимизни арзон ва сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш назарда тутилган эди, — дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси матбуот котиби Анвар Суюнов. — Унда соҳага масъул вазирлик ва идораларнинг бажариши керак бўлган вазифалари аниқ белгилаб берилган. Тўғри, бугун бозорда гўшт нархи халқимиз хоҳиш-истагига мос эмас. Лекин бу айни пайтдаги ҳолатимиз учун нормал нарх-наво. Чунки наслчиликда ҳам, озуқа маҳсулотларини етказиб беришда ҳам муаммолар бор эди.

Озуқа маҳсулотлари арзон ва чорва молларининг насли тоза бўлмас экан, гўшт бозорида ижобий ҳолат кузатилмайди. Шу сабаб соҳага замонавий ва илмий асосланган технологиялар жорий этилмоқда. Бу мазкур муаммоларга ечим бўлади. Жумладан, наслли моллар подасини яхшилаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш, сунъий уруғлантириш ишларини жадаллаштириш мақсадида жойларга 210 тонна суюқ азот ва 1 млн. 423 минг доза наслдор буқаларнинг музлатилган уруғлари етказиб берилди. Натижада жорий йилнинг шу кунига қадар республикамизда 1 млн. 50 минг бош сигир сунъий уруғлантирилди.

Чорва молларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида барча тоифа хўжалик­ларидаги 342,7 минг гектар майдонга озуқа экинлари, ғалладан бўшаган 187 минг гектар майдонга такрорий экин сифатида маккажўхори экилди. Шу билан бирга, 38 минг гектар майдонда озуқабоп экинларни етиштириш учун томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилмоқда. Қолаверса, жорий йил пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида алмашлаб экишни ташкил этиш мақсадида 140 минг гектар майдонга беда экиш белгиланган. Бунинг барчаси гўшт маҳсулотига бўлган эҳтиёжни қондириш учун хизмат қилади.

Бозордаги гўштларнинг асосий улуши аҳоли зиммасида

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда қорамолларнинг 94 фоизи, қўй ва эчкиларнинг 84 фоизи аҳоли хонадонларида боқилади. Бу бозорларимизни аҳолининг ўзи гўшт маҳсулоти билан таъминлашини англатади. Демак, аҳоли ўртасида чорвачиликни ривожлантириш, кам харажат қилиб, кўпроқ маҳсулот олиш сирини ўргатиш зарурати бор. Бу борада ҳам амалий ишлар йўлга қўйилмас экан, кўзланган натижага эришиб бўлмайди.

— Халқимизга чорвачилик сирларини ўргатиш қўмитамизнинг асосий вазифаларидан бири, — дейди А.Суюнов. — Маҳаллаларда фаолият юритаётган ветеринар врачларимиз аҳоли хонадонларида боқилаётган чорва молларини сунъий уруғлантирмоқда. Бу хизматнинг сифатини янада яхшилаш борасида чора-тадбирлар белгилаб олинган. Қолаверса, яқинда Тошкент вилояти Янгийўл туманида Жанубий Корея технологияси асосида боқилаётган қорамолларни баҳолаш жараёнига бағиш­ланган амалий семинар ўтказилди. Унда мутахассислар аҳоли хонадонларида қорамол боқишнинг замонавий технологиясини жорий қилиш, арзон ва сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Келгуси режалар белгилаб олинди.

Хулоса ўрнида…

Президент қарорида халқимизни арзон ва сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш кераклиги таъкидланган. Қарор ижросини таъминлаш ишлари эса бошлаб юборилган. Хусусан, 6 минг 500 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигида 2023 йилгача махсус наслчилик тармоқлари ташкил этилади. Юқорида таъкидлангани каби сунъий уруғлантириш орқали қорамолларнинг сут ва гўшт маҳсулдорлигини ошириш мумкин. Шу боис сентябрь ойидан Самарқанд ветеринария медицинаси институтида сунъий уруғлантириш билан шуғулланувчи мутахассислар малакасини ошириш маркази ташкил этилиши режалаштирилган.

Шу ўринда очиқ айтиш керак, муаммо дарров ҳал бўлиб қолмайди. Чунки соҳада эндигина ўзгаришлар бошланди. Бу ишлар самара бериши учун эса маълум муддат ўтиши керак.

«Буқа боқишда нимага эътибор бериш керак?»

— Хонадонимизда буқа боқмоқчи эдим. Уни қандай парваришлаш мумкинлиги ҳақида маълумот берсангиз.

Сайидмурод НУРИДДИНОВ,

Сурхондарё вилояти.

Абдупарда МУСАЖОНОВ,

ветеринар-врач:

— Олти-саккиз ойлик буқаларнинг тирик вазни 15-18 ой ичида 400-480 килограммга етиши мумкин. Бунинг учун уларни кўк ўт, силос, сенаж, пичан, илдиз мевалилар, терт, дон, пахта шулхаси, кунжара, шрот ва беда билан озиқлантириш керак. Кўк ўт мол организми учун энг қимматли озуқа ҳисобланади: енгил ҳазм бўлади ва яхши ўзлаштирилади. Қишда маккажўхори, кунгабоқар ва бошқа ўсимликлар поялари, илдиз мевалар энг арзон ва тўйимли озуқа ҳисобланади.

Вояга етган буқага кунига 40 килограммгача силос, 10-12 килограмм пичан берилади. Илдиз мевалилар — қанд ва хашаки лавлаги, сабзи молга куз ва қишда 15-30 килограммгача майдалаб берилади. Сомон ва хашак сувда 2-3 марта ювилиб, 25 фоизгача ем ва чорва бошига 30 грамм ош тузи қўшилгач, яхшилаб аралаштирилади. Кейин илиқ сувда 10-12 соат ивитиб қўйилади ва битта молга 5-6 килограммдан берилади. Кунжара, шротни эса кунига 2-3 килограммдан берган маъқул.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,

«Mahalla»

2019 йил 22-29 июль, 37-сон

“Маhallа” газетаси

Бошқа хабарлар