КЛАСТЕР ТИЗИМИ НАФ БЕРЯПТИМИ?

61

Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида бугунги кунда интеграциялашувнинг яна бир усули кластерлар энг самарали усуллардан бири бўлиб келмоқда. Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган “Бек кластер” МЧЖ ҚКда 20 дан ортиқ корхоналар мавжуд. Уларда 5000 дан ортиқ киши меҳнат қилади. Олий Мажлис Сенати аъзоси, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Улуғбек Сотиболдиевнинг мақоласи ушбу усулнинг самараси ўлароқ “Бек кластер” МЧЖ ҚКда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

ЛОҚАЙДЛИКДАН ҚУТИЛИШ ВА ИННОВАЦИЯГА ИНТИЛИШ ФУРСАТИ

Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган “Бек кластер” МЧЖ ҚК ишчи-ходимлари шу тамойилга амал қилмоқда

Муайян вақт, маълум бир давр ўтгандан кейин бажарилган ишларни сарҳисоб қилиш аввалдан инсонга хос хусусиятлардан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу жараён турли замонларда турфа номланган бўлиши мумкин. Лекин мантиқ ҳам, мақсад ҳам ўзгармаган. Ой, чорак, йил якуни деганда айни ҳолат кўз олдимизга келади. Шу маънода мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар давлат раҳбари раислигида муҳокама қилинишини ҳам азалий анъаналаримизнинг инъикоси десак муболаға бўлмайди.

  Мазкур йиғилишда бизга бевосита алоқадор бўлган кластерлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Дарҳақиқат, кейинги йилларда жаҳон иқтисодиётида глобаллашув, мамлакатлар ўртасида рақобат курашининг кескинлашуви билан боғлиқ сифат ўзгаришлари юз бераётган бир вақтда аграр соҳада кластер тизимининг жорий этилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқлари олдида бир қанча муаммолар мавжудки, буларни “ёлғиз” корхоналар еча олиши амалда иложсиз. Шу боис интеграциялашувнинг турли кўринишлари, жумладан, кластерлар рақобатбардошликни оширишнинг энг самарали усули эканлиги эътироф этилаётир. Ҳозирда “Бек кластер” МЧЖ ҚК таркибида 20 дан ортиқ корхоналар мавжудлиги фикримиз далили бўлиши мумкин. Уларда нафақат Сирдарё ёки бошқа вилоятларда, балки қўшни давлатларда яшовчи 5000 дан ортиқ киши меҳнат қилади. Ходимларимизга муносиб иш ва турмуш шароитларини яратиб бериш якуний натижага олдиндан замин ҳозирлашга йўналтирилган устувор вазифалар сирасига киради.

Агар 2018 йил давомида кластер таркибига кирувчи корхоналар томонидан умумий миқдори 38 минг АҚШ долларига тенг турли маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, 2019 йилнинг 6 ойи давомида бу кўрсаткич қарийб 19 минг долларга етди. Экспорт таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари салмоқли ўринни эгаллади.

 Келажакда “Бек кластер” томонидан бир қанча истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, давлат-хусусий шериклиги асосидаги Ўсимлик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари илмий-амалий маркази бўйича Инновация вазирлигига 3 та грант лойиҳаси тақдим этилди. Марказга илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини ўзида жамлаган лаборатория ускуналарини олиб келиб ўрнатиш бўйича Греция ва Германия корхоналари билан шартномалар имзоланди. Мақсадимиз мазкур муассасани нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёда тан олинадиган илмий-текшириш институтига айлантиришдир.

 “Ижтимоий иссиқхона” лойиҳаси Ховос туманининг чекка қишлоқлари аҳолиси учун ишлаб чиқилган. Қуёш энергияси ҳисобига иситиладиган 10 сотихли иссиқхоналар қуриш назарда тутилган. Лойиҳа доирасида 1000 та иссиқхона қурилиб, 2000 та иш ўрин яратилади. Иссиқхоналарга асосан қулупнай экилиб, етиштирилган ҳосил экспорт қилинади. Бунинг учун эса Россиянинг йирик савдо тармоқлари билан дастлабки келишувларга эришилди. Айни кунларда 20 та иссиқхона пойдеворини қуйиш ва металл конструкцияларни ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

“Мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш” лойиҳаси Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 935 минг доллар ҳамда ўзимизнинг 4 миллиард 500 миллион сўм миқдоридаги маблағларимиз ҳисобига амалга оширилаётир. Шу муносабат билан Италиядан жами қиймати 630 минг еврога тенг 4 та мева-сабзавотларни саралаш ва қадоқлаш линиялари, шунингдек, Хитойдан 200 тонналик маҳсулот сиғимига эга музлатгични олиб келиб ўрнатдик. Бу ерда бир кунда 20 тоннагача мева-сабзавотни ювиш, саралаш ва экспортбоп қилиб қадоқлаш мумкин.

 Сирдарё вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш борасида катта имкониятларга эга бўлса-да, республика экспорт рейтингида қуйи ўринлардан бирини эгаллайди. Бунинг асосий сабаби қишлоқ хўжалиги
маҳсулотларини экспортбоп қилиб тайёрлаш, қадоқлаш, қисқа қилиб айтганда, мева-сабзавот экспорти билан замон талаблари даражасида шуғулланувчи корхоналар камлигига бориб тақалади.

Ишлаб чиқариш корхоналарида қўлланилаётган технологиялар кун сайин янгиланиб, такомиллашиб бораётган ҳозирги кунда олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги ўқув дастурлари асосида сабоқ олган ёшлар корхоналарнинг кадрлар малакасига бўлган талабларини қондира олмаяпти. Мана шу бўшлиқни тўлдириш, ўрта бўғин мутахассисларини етказиб бериш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма коллеж ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқяпмиз. Бу ўқув даргоҳида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш корхоналари учун малакали мутахассислар тайёрланади. Лойиҳа доирасидаги ўқув дастурларида ишлаб чиқариш амалиёти учун ажратиладиган соатлар умумий юкламанинг 50 фоизигача бўлиши кўзда тутилмоқда. Амалиёт бевосита кластер корхоналарида ўтилади. Назарий дарслар ўқитиладиган аудиторияларни ахборот коммуникация технологияларининг энг сўнгги воситалари билан жиҳозлаш, таълим жараёнини республикамиз ҳамда хориждан етакчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкиллаштириш режалаштирилган.     

 Келгусида юқори самара берувчи яна бирқатор лойиҳаларни амалга оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Зотан, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг ижросини таъминлаган ҳолда ватанимизнинг иқтисодий юксалишига, халқимиз турмуш фаровонлигининг ошишига ҳисса қўшиш шарафли бурчимиздир. Чунки бугунги кун ҳар биримиздан шиддаткор даврга мос қадам ташлашни тақозо этмоқда.


Улуғбек СОТИБОЛДИЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси

2019 йил 22 август, 33-сон

“XXI asr” газетаси

Бошқа хабарлар