«ҚУРОЛ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН БИЗГА НИМА БЕРАДИ?

55

Яқинда АҚШда кўплаб қурбонларга олиб келган отишмалар юз бергани юртдошларимиз ўртасида мамлакатимизда қуролдан фойдаланишга рухсат берилиши бўйича ваҳималарнинг бироз кучайишига сабаб бўлди. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 29 июль куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги қонуни ҳақиқатан ҳам фуқароларнинг эркин ҳолда турли қуролларга эга бўлишига имкон яратадими? Бундай хавотирлар қанчалик асосли?

Нимага рухсат берилди?

— Қурол ва ўқ-дорилар муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мулкини ҳимоя қилиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мазкур қонуннинг мақсади ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент шаҳар бошқармаси назорат-рухсат бериш фаолияти бўлими бошлиғи, лейтенант Қаҳрамон Бегимқулов. — Қонунга мувофиқ, қуроллар мақсади ҳамда асосий параметрлари ва тавсифларига кўра фуқаровий қурол, хизмат қуроли ва жанговар қурол турларига бўлинган ҳамда уларга ким эгалик қилиши мумкин, қандай шартлари бор, ҳаммаси белгилаб қўйилган. Одамларни ташвишга солаётган нарса фуқаролик қуроллари экани маълум. Улар қандай қуроллар? Янги қабул қилинган қонунда ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли фуқаровий қурол сифатида белгиланган.

Аслида бугунги кунгача ҳам фуқароларнинг мазкур қуролга эга бўлишига ҳеч қандай ҳуқуқий чеклов йўқ эди. Янги қонун эса буни умумий тартибга солади. Ҳатто маълум даражада чеклайди ҳам. Мисол учун, шу кунгача пневматик милтиқ, сигнал, старт, газ пистолетлари ёки газ баллончалари қурол жумласига киритилмаган. Бу каби воситалар ҳеч қандай рухсатномасиз дўкондан сотиб олинган ва кўчада бемалол олиб юрилган. Қонун кучга киргач, хизмат қуроллари, фуқаровий қурол сифатида ов ва спорт қуроллари қатори ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроллари (электрошокер, газ пуркагич кабилар) ҳам Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан берилган рухсатнома асосида сотиб олинади. Шунингдек, қуролларни кўчада очиқ ҳолда олиб юриш тақиқланади.

— Қонун кучга киргандан кейин фуқароларнинг қуролга эга бўлиш тартиби енгиллашадими ёки оғирлашади, деган савол туғилиши табиий, — дейди Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Абдулҳамид Омонов. — Шубҳасиз, оғирлашади. Шу пайтгача Ички ишлар вазирлигининг махсус низоми билан бу борадаги тартиб йўлга қўйилган ва унга ички ишлар вазирининг буйруғи билан ўзгартириш киритиш мумкин эди. Қонунга ўзгартириш киритиш эса бирмунча мураккаб ва у кўплаб жараёнларни ўз ичига олади.

Ҳар қандай шахс қуролга эга бўлиши мумкинми?

18 ёшга тўлган фуқаролар спорт ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, 21 ёшга тўлган фуқаролар ов қуролини олиш ҳуқуқига эга. Аммо муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлар, жиноий жазони ўтаётганлар, доимий яшаш жойига эга бўлмаганлар, жиноят иши қўзғатилганлар ва илгари қурол билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларда бундай ҳуқуқ йўқ.

Фуқаровий ва хизмат қуроли Миллий гвардия органларининг 3 ойлик рухсатномалари асосида олинади. Мазкур рухсатнома қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш, рўйхатдан ўтказилгунига қадар уларни ташиш ва сақлаш ҳуқуқини беради. Қурол олингандан сўнг 10 кунда Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилади ҳамда қуролни сақлаш ва олиб юриш учун 3 йиллик рухсатнома берилади. Рухсатнома олиш учун фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия органига тегишли ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

Қуролни истаган жойда олиб юриш мумкинми?

Фуқаровий қуролларни олиб юриш мумкин бўлмаган жойлар белгиланган. Мисол учун, фуқаро ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини рухсатномаси билан бирга кўчада олиб юриши мумкин. Лекин оммавий тадбирлар пайтида, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш жойларида, таълим, тиббиёт муассасаларида, шунингдек, маст ҳолдаги фуқарога гарчи унда қуролга эгалик қилиш ҳуқуқи бўлса-да уни олиб юриш тақиқланади.

Ов қуролларидан ов қилиш мўлжалланган жойларда, аҳоли яшаш ҳудудидан узоқда, ов мавсуми пайтида фойдаланишга рухсат этилади. Бошқа пайтда эса ов қуроли унга эгалик қилувчи шахснинг уйида алоҳида сейфда қисмларга ажратилган ҳолда сақланиши керак. Сейфнинг калити фақат қуролнинг эгасида бўлади. Фарзандлари ёки бошқа яқинларига бериши мумкин эмас. Спорт қуролларидан ҳам фақатгина спорт машғулотлари ва мусобақалар чоғида фойдаланиш мумкин.

Самолёт ва поездда-чи?

Қуролларни рухсатномани кўрсатган ҳолда самолёт ёки поездга ғилофда олиб чиқишга йўл қўйилади. Албатта, қуролни ёнида олиб юришга рухсат берилмайди, юкхонага топширилиши шарт.

Қандай вазиятда пневматикадан фойдаланилади?

Жиноят кодексида «зарурий мудофаа», «охирги зарурат» деган тушунчалар бор. Дейлик, пневматик қуролга эга бўлган шахсга тажовуз бўляпти. Айни вазиятда у ҳужумни кучи билан қайтара олади. Бунда қуролни ишга солиш чекланади. Бу ҳолатда ушбу тартибга амал қилмаслик тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. Нима бўлганда ҳам хавф даражасига қараб иш тутиш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, икки фуқаро кўчада уришиб қолди. Иккаласида ҳам қурол бор. Биринчиси иккинчисига нисбатан қурол билан таҳдид қилди. Бу вазиятда иккинчи шахс ўзига бўлган ҳужумни бошқа йўл билан қайтаролмайди, қуролдан фойдаланишга тўғри келади. Агар қурол орқали бошқа шахсга зарар етса, қурол эгаси мазкур ҳолат бўйича ҳудудий ички ишлар органига хабар бериши шарт.

Шу билан бирга, ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан фуқаровий ва хизмат қуролини қўллаш тақиқланади.

Хулоса ўрнида

Мухтасар айтганда, шу вақтга қадар эркин олиб юрилиши мумкин бўлган қурол энди назорат остида бўлади. Қонун кучга киргач, Ўзбекистонда ҳам ўқотар қуроллар эркин сотилади, уларни бемалол олиб юриш мумкин, чет эллардагидек  отишмаларга сабаб бўлади, деган ўй-хаёллар асоссиз. «Қурол тўғрисида»ги қонун аслида хавфли вазиятларни вужудга келтиришга эмас, бизни улардан ҳимоялашга қаратилган.

Дарвоқе…

АҚШ фуқароларида қанча қурол бор?

АҚШда фуқаронинг қуролланиши Конституцияга биноан ҳимояланади. 2017 йилда ўтказилган сўровга кўра, америкаликларнинг 40 фоизи хонадонларида қурол сақлашларини маълум қилишган. АҚШ фуқаролари қурол сақлашда жаҳонда етакчи саналишади. Мисол учун, бу ерда ҳар 100 фуқарога 120 дона қурол тўғри келади. Расмий хабарга кўра, ҳар 100 нафар фуқародан 88 таси ўз қуролига эга.

Жаҳон давлатлари орасида АҚШ қурол ёрдамида оммавий қирғин уюштириладиган биринчи рақамли мамлакат. Мисол учун, 2016 йилда 11 минг нафар фуқаро мана шундай фалокат қурбони бўлган. Уларнинг аксарият қисми бегуноҳлар ва болалардир.

Сўнгги 60 йилда АҚШ фуқароларининг қуролга нисбатан фикрлари ўзгариб келди. Gullup таҳлил ва сўров компанияси маълумотларига кўра, 2003 йилларда фуқаролар қурол олиб юриш ҳақида ижобий фикрда бўлишган. Ўшанда сўровдагиларнинг 50 фоизидан ошиғи ҳукуматнинг фуқароларга қуролдан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Ўша йилларда иштирокчиларнинг 35 фоизи қурол сақлаш ҳуқуқини бекор қилиш тарафдори бўлган.

2012 йилдан бошлаб аҳолининг фикри ўзгара бошлади. Бугун иштирокчиларнинг 39 фоизи қурол олиб юриш сиёсатини маъқулласа, 46 фоизи бу ҳуқуқни бекор қилиш учун овоз берган. Аммо халқнинг овози ва хоҳиши ҳеч нарсани ҳал қилмайди.

АҚШ «Ўқчилар жамияти» ҳар йили қурол сиёсатини мустаҳкамлаш учун 3 миллион доллар сарфлайди. Бу жамиятнинг фикрига кўра, фуқароларга қуролдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини бериш жамият хавфсизлиги ва тинчлигига хизмат қилади. Албатта, бу жамият қурол савдосидан ҳам яхшигина даромад олади. Биргина 2013 йилнинг ўзида фуқаролар учун қарийб 11 миллион нафар ўқотар қуроллар савдога чиқарилган.

Аҳоли ва оммавий ахборот воситаларининг фикрига кўра, АҚШда қурол савдоси жуда йирик бизнесга, ҳукуматга яқин «лоббистлар»нинг даромад манбаига айлангани учун ҳам, бу саноат ривожланиб келмоқда.

Тўлқин ШЕРНАЕВ,

«Mahalla»

“Маhallа” газетаси

(2019 йил 22-29 июль, 37-сон)

Бошқа хабарлар