РАҲБАРЛИК – БУ ХАЛҚНИНГ ЭНГ ҚУЙИ ҚАТЛАМИ ТУРМУШ ДАРАЖАСИДА ЯШАШГА РОЗИЛИК ДЕГАНИ

52

Ҳар йили мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларини турли соҳалар бўйича ўн минглаб мутахассислар битиради. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги берган маълумотга кўра, жорий йилнинг ўзида 64 417 нафар йигит-қиз бакалавр, 5937 нафари эса магистр дипломига эга бўлган. Бироқ шунга қарамай юртимизда раҳбар-кадрлар муаммоси ҳамон долзарблигича қолмоқда. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаган пайтда ҳам ўзини энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири кадрлар масаласи эканини таъкидлаганди. 14 август куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда ҳам кадрлар масаласига яна бир бор тўхталиб ўтди.

Хўш, биз шу вақтга қадар ўзимизга керакли бўлган кадрларни нега тайёрлай олмадик? Кадрлар тақчиллигининг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлди?

— Раҳбарни тайёрлаш, раҳбарни етиштириш — анча нозик ва мураккаб масала. Бироқ келиб чиқишидан қатъи назар, ҳатто генетик коди заиф бўлса ҳам, изчиллик билан ўқитилса, керакли билимлар берилса, ҳар қандай одамдан раҳбар тайёрлаш мумкин, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори Актам Жалилов. — Афсуски, маълум муддат олий таълимга қабул қилишдан тортиб, талаба дипломни қўлга олгунгача бўлган жараёнда таниш-билишчилик, порахўрлик авж олди. Айрим устозлар таъмагирликдан ор қилмай қўйди. Ана шу коррупцион ҳолатдан манфаатдор шахслар таълимни ислоҳ қилишга йиллар давомида монелик қила олди. Оқибатда ўтган давр мобайнида малакали кадрлар етарлича тайёрланмади. Баъзи ўғил-қизларимиз хорижда таълим олиб, ўша ёқда қолиб кетди. Бу муаммолар мутахассисларга бўлган эҳтиёж билан бозор муносабатларидаги қоидаларнинг бир-бирига мос келмаслиги оқибатида пайдо бўлди.

Бир мисол, биз халқаро иқтисодий муносабатларни амалга ошириш, давлатлараро савдо алоқаларидаги шартномаларни тузиш учун хорижий адвокатлик тузилмаларига мурожаат қиламиз. Ваҳоланки, бундай юридик хизмат арзон эмас. Шу ўринда савол туғилади: нега шу пайтгача юртимиздаги таълим даргоҳларида халқаро тижорий ҳуқуқ, халқаро хусусий ҳуқуқ каби факультетлар очилмаган?

Афсуски, юқорида таъкидлаганимиз — коррупцион ҳолат мана шу каби йўқотишларга сабаб бўлди. Чунки маълум соҳадаги порахўрлик ўша йўналишдаги ўсишга тўсқинлик қилса, таълимдаги коррупция барча соҳага салбий таъсир қилади.

Иккинчи тарафи — давлат бошқаруви йўналишида фундаментал, профессионал таълим берадиган, бакалавр даражаси олинадиган олий ўқув юрти илгари бўлмаган… ҳозир ҳам йўқ. Бу йўналишда махсус факультетлар етакчи давлатларда, жумладан, ғарбдаги етакчи университетларда мавжуд. Давлат хизмати бўйича Public Service ёки Public Management, давлат сиёсати бўйича Public Policy, ижтимоий сиёсат бўйича Social Policy, деб номланган бакалавр ва магис­тратура дастурлари бор.

Биз бугуннинг талабидан келиб чиқадиган бўлсак, давлат хизматчиларига шу йўналишда фундаментал таълим берилиши керак.

Раҳбар-кадрларнинг тез-тез алмашинувига нима сабаб бўлмоқда?

— Кадрларнинг тез-тез алмашинуви соҳалар глобал ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда юра оляптими-йўқми, деган саволга жавоб билан белгиланади. Кадрлар ўзгаришининг бошқа жиҳатлари ҳам бор, албатта. Яъни давлат хизматчиси давлат сиёсатини тўғри талқин қила олиши, ишонч билдириши ўта муҳим. Ўн нафар кадрдан саккизтаси ислоҳотни тўғри англаб, тўғри талқин қилган ҳолда ҳаракат қилса, вазифани тортиб кета олади. Икки нафар тасодифий ходим жараёнга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, лекин тўхтатиб қололмайди.

Шунинг учун жаҳондаги глобал ривожланиш қоидаларини илғайдиган, янгилик қила оладиган ходимга имконият ва яхши шароит яратишдан чўчиш керак эмас. Хорижда илм олган ёшлар ёрдамида глобал тажрибадан фойдаланишимиз зарур. Уларнинг аксарияти Ўзбекистонга қайтаётганидан хурсанд бўлишимиз керак. Бунга биргина пойтахтимиздаги «Акfа Medline» хусусий клиникасини мисол қилиб айтадиган бўлсак, бу ерда хориждан қайтган ватандошларимиз энг мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариб, минглаб юртдошларимизнинг саломатлигини сақлаб қолмоқда. Энг муҳими, халқимиз чет элга минглаб АҚШ доллари сарфлашдан халос бўляпти.

Яхши маошни шундоғам минглаб одамлар ишлайдиган, бюджет ҳисобидан фаолият юритадиган тизимлар олиб ётибди. Шундай катта тизимлар борки, уларсиз ҳам иқтисодиёт ўзгаришдан тўхтамаслиги мумкин. Балки, аксинча, бюджетга кўпроқ маблағ тушиши мумкин.

Шунинг учун илғор тараққиёт билан халқимиз ўртасида боғловчи бўладиган етук кадрлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Агар хориждан қайтиб келган мутахассисга лавозим бериб, кейин қўлимиз билан унинг йўлини бўғсак, эртага улар ҳеч нарса қила олмаслиги мумкин. Уларга имкон, вақт бериш керак. Саволга хулоса шу – кадрлар алмашинуви табиий, бозор муносабатларини эркинлаштира олсак, бир кун ўзининг йўлига тушадиган жараён.

Давлат хизматчиси қандай бўлиши керак?

— Давлат хизматчиси давлатчилик тафаккурига эга бўлиши керак, яъни давлатнинг тараққиёт стратегиясини, соддароқ айтганда, халқ кўзлаган манзилини аниқ тасаввур қилиши лозим. Давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифани фрагментар тарзда эмас, балки мамлакат миқёсида талқин қила олиши, тўлақонли тафаккур эта олиши муҳим. Акс ҳолда, давлатчилик тафаккури носоғлом, тасодифий раҳбарлардан ҳар доим халқ азият чекади. Бунақалар қаердан келиб қолади? Уларни мафкураси бузуқ одамлар олиб келади. Бу қандай бўлади? Битта носоғлом тафаккурли раҳбар ўз манфаати йўлида хизмат қиладиган одамни ёнига олади. Бунақа кишилар, аввало, ўзини давлат хизматчиси сифатида ҳис қилмаган бўлади.

Давлат хизматчиси масъулиятини ҳис қилиш дегани — «мен халқнинг энг қуйи қатлами турмуш даражасида яшашга розиман», дегани. Агар раҳбарнинг моддий ҳаёти оддий халқникидан кескин фарқ қилса-ю, у ўз ҳудудидаги оддий халқ дастурхони ҳақида қайғурмаса, у раҳбарлик лавозимига лойиқ эмас. Бундай хислат фақат тарбия, миллий эътиқод, шу йўналишдаги фундаментал билим билан етиштирилади.

Раҳбар бўлиш учун Президент маърузасини тушунишнинг ўзи етмайди, маъруза кенг оммага қаратилган, уни барча эшитади ва давлат раҳбарининг умуммиллий стратегиясини, йўналишларини англайди. Раҳбарлар учун эса талаб жиддий: улар давлат раҳбарининг сиёсатини, унинг юкини ўз зиммасида, лавозими тақозосига кўра ҳис қилишга мажбур. Ҳис қилиш билан амалга оширишда тўлақонли иштирок этиш бошқа-бошқа нарса. Бунинг учун том маънодаги «давлат хизматчиси» эътиқоди зарур.

Раҳбар ходимларнинг «бузилиши»га қандай омиллар таъсир қилмоқда?

– Жамиятимизда катта ишонч билдирилиб, юқори лавозимларга тайинланган айрим раҳбарлар ўзини номуносиб тутаётгани сир эмас. Хусусан, катта миқдордаги поралар билан қўлга тушаётган ҳолатлар учраб турибди. Шу боис тезлик билан бозор муносабатларини ривожлантиришимиз, давлат ўз масъулиятидаги жуда кўп ваколатларни бозор тизимларига бериши керак. Яъни давлат бошқарувчиликдан кўра, кўпроқ мувофиқлаштирувчилик вазифасини сақлаб қолиши зарур. Бошқача айтганда, давлатнинг мумтоз вазифалари бор, давлатга шуларнинг ўзи етади.

Иқтисодиёт бозор қонунлари асосида ривожланиши зарур. Ҳокимлар фақат очилиш маросимига «лента» қирқиш учун бориши керак. Яъни, қурилиш бўладиган бўлса, ҳокимнинг ўзи кечаю-кундуз бошида туриб қурдириши шарт эмас. «Отанг бозор, онанг бозор», деган гап бекорга айтилмаган.

Ўтган асрнинг сўнгги чорагида Европа Иттифоқининг етакчи давлатларида почта, темир йўл, ҳаво йўллари каби соҳаларни хусусийлаштириш борасида савол муҳокама қилинганда, баъзи парламент аъзолари бу соҳаларни хусусий секторга топшириш хато эканини таъкидлашган. Бугун Европага бориб, почта, темир ва ҳаво йўллари сингари соҳаларни яна давлат тасарруфига ўтказсак бўладими, деб сўрасангиз, «бу одам ақлдан озибди», деб айтишади. Бу ҳолат шундан далолат берадики, давлат фақат давлатгагина хос бўлган вазифаларни ўзида қолдириши зарур. Албатта, бу осонлик билан бўладиган иш эмас. Давлат хусусий секторга ишонмайди, зеро давлат назарида халқнинг тақдирини уларга ишониш ижтимоий адолатнинг бузилишига олиб келиб, кўплаб соҳаларда монополия ўрнатилиб, ижтимоий таранглик юзага келиши мумкин.

Ҳозирги ҳолатда эса, эркин бозор муносабатларини тақозо этадиган вазифалар расмий ваколатлар билан ҳал этиладиган бўлса, давлат тизимлари раҳбарлари атрофида хусусий манфаатлар тўпланади ва ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бунга мисолларни ҳар куни ижтимоий тармоқлардан кўриб турибмиз.

Хулоса шуки, кадрлар етишмаслиги, деган тушунчага кенгроқ қараш лозим. Кадрлар кўп, фақат уларни топиш керак. Бу эса мунтазам изланиш талаб этади, сараланганларни қисқа муддат бўлсаям ўқитиб, уларга ишониш, вазифа бериш керак ва бир муддат йўналтириш керак.

Рустам ЮСУПОВ ёзиб олди

Манба: “Маhallа” газетаси

(2019 йил 22-29 июль, 37-сон)

Бошқа хабарлар