Ватанимизнинг юксак мукофотлари топширилди

95

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдош­ларимиз ва мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган хорижликлар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

Кўксарой қароргоҳида 31 август куни ана шу юксак мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлди.
Шавкат Мирзиёев йиғилганларни, уларнинг тимсолида жойларда давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган барча юртдошларимизни муборакбод этди.
Бугун барча-барча жабҳаларда ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини юксалтириш, ҳудудларни комплекс ривож­лантириш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, халқнинг турмуш даражасини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиёт, одамлар турмушида катта ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва уларнинг дастлабки натижалари кўзга ташланаётгани таъкидланди.
– Халқ билан ҳеч қачон бундай мулоқот бўлмаган. Одамларни эшитиб, уларнинг муаммоларига қулоқ солсак, келажакда қиладиган ишларимиз режаси тўғри бўлади. Энг асосийси, халқимиз ишончи бизга куч беради, – деди Президент.
Ўзбекистоннинг халқчил, инсонпарвар сиёсатини дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Ташқи ва ички сиёсат кенг кўламли мулоқот ва муносабатлар асосида, уйғун ҳолда олиб борилмоқда.
– Биз учун битта-ю битта тўғри йўл, ягона мақсад миллатимиз, халқимиз, жонажон Ўзбекистонимиз манфаатини юқори тутишдир. Бунинг учун доимо етти ўлчаб, бир марта кесадиган сиёсат олиб боришимиз керак. Олдимизда мураккаб вазифалар турибди. Халқимизга, сизлар каби мард ва шижоатли юртдошларимизга ишониб, маррани катта олдик, – деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев маросимга йиғилганларни номма-ном тилга олиб, давлат мукофотлари билан табриклади. Уларни Ватанимизнинг асл фарзандлари, виждони пок, қалби уйғоқ одамлар деб атади. Самарали фаолияти, ҳалол ва фидойи меҳнати, ёшларга ибрат бўлаётгани учун уларга миннатдорлик билдириб, эзгу тилакларини изҳор этди.
Президентимиз тақдирланган юртдошларимиз ва хорижлик дипломатларга мукофотларни тантанали равишда топширди.
– Шундай юксак мукофотга муносиб кўргани учун Президентимиздан миннатдорман, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Ҳасан Нормуродов. – Вазифа, мартаба инсоннинг ўзига бино қўйиб, кибр-у ҳавога берилиши учун эмас, аксинча, эзгу амаллари билан ўзгалар қалбида яхшилик чаманзорларини яратиш учун берилган. Қайси бир раҳбар шу қоидага амал қилиб иш кўрса, доимо халқнинг назарида бўлади. Бундан кейин ҳам қўлимдан келганича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.
Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

З.ЖОНИБЕКОВ,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар